Танловга марҳамат! ҲУРМАТЛИ РАҲБАРЛАР!

Dekabr 11, 2017 0 By admin

Президентимизнинг жорий йил 13 сентябрдаги «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида» ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида С.Насафий номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази шу йил декабрь ойи иккинчи ўн кунлигида «Китобхон раҲбар» вилоят кўрик-танловини ўтказишини маълум қилади.

Танловда мактабгача таълим муассасалари мудиралари, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари директорлари, институт ректорлари, проректорлар, тиббиёт муассасалари бош шифокорлари, уларнинг ўринбосарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, йирик корхона ва ташкилотлар ҳамда тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари иштирок этишлари мумкин.

Ўз билими, иқтидори, мукаммал дунёқарашига эга, китоб мутолааси ҳаёти ва меҳнат фаолиятида эришган ютуқлари омили бўлган юртдошларимиз – танловга марҳамат!

Танлов қуйидаги  шартлар бўйича ўтказилади:

  1. Ўзбек, жаҳон ва қардош халқлар адабиётига оид асарни тўлиқ талқин қилиш;
  2. Тарихий романлардан бирини манбаларга асосланган ҳолда шарҳлаш;
  3. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.Каримов ҳамда муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев асарлари, маърузаларидан берилган цитаталарнинг манбасини аниқлаш;
  4. Ўзбек, жаҳон, қардош халқлар адабиётига оид 30 та саволдан иборат бўлган тест топшириқларини бажариш;
  5. Ўзбек, жаҳон ва қардош халқлар адиблари асарларидан берилган парча (бирор насрий ёки назмий асардан) қайси асардан эканлигини топиш, асар ҳақида кенг тушунча бериш.

Шунингдек, танловда иштирокчининг адабий танқидчилик маҳорати (бунда иштирокчи ўзи ўқиган бирор-бир бадиий асарнинг ёзилиши, мавзуси, дизайни тўғрисида китобхон сифатида танқидий фикрларини билдириши), шу билан бирга иштирокчи нотиқлик маҳоратини намоён қилиши, эркин мавзуда (шеър, монолог, ғазал, бадиий ўқиш) ижодкорлигини намоён этиши керак.

Танловда ўзбек тили ва адабиёти, журналистика йўналишларида таҳсил олган раҳбар ходимларнинг иштироки кўзда тутилмайди.

Шу билан бирга филолог, журналист мутахассислигига эга бўлмаган иштирокчиларнинг ўз ижод намуналари (шеър, монолог, қисса, ҳикоя ва бошқалар) ҳакамлар ҳайъатига тақдим этилган тақдирда бу жиҳат иштирокчининг умумий балларига қўшилмаслиги белгиланади.

Ҳақиқий китобхон раҳбарни эл танисин, ҳавас қилсин, ўрнак олсин, фарзандлари, жамоаси ғурурлансин.

Танловга марҳамат!

Аризалар қабул қилиш бошланган.

Аризага «Китобхон раҳбар» кўрик-танловини ўтказиш ташкилий қўмитасига, деб ёзишни унутманг.

Мурожаат учун манзил: Қарши шаҳри, Мустақиллик шох кўчаси,

21-уй, С. Насафий номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази.

(Мўлжал «Олтин воҳа» меҳмонхонаси орқасида)

Телефакс: 227-58-30

e-mail: libkarshi@infolib.uz nasafiy_karshi@mail.ru

Кўрик-танлов ташкилий қўмитаси