ФАРЗАНД

ФАРЗАНД

Mart 1, 2018 0 By admin

– Яна қиз туғдингми? Бу учта қизни бошимга ураманми? Буниси ўғил бўлади, дегандинг-ку… – Қаҳрамон дарвозадан укаси етаклаб кирган хотинига жаҳл билан ўшқирди.

Бунга тайёр келган хотини ҳам «Секин, болани чўчитиб юборасиз», деганча индамай ичкарига кира бошлади. Қайнонаси келинига кўмаклашаркан, ўғлини уришиб берди: «Ҳали шу қизларинг шундай фарзанд бўлсинки, минг ўғилнинг ўрнини боссин! Шукр қилмайсанми? Тирноққа зор ўтаётган қанча…»

– Э… сизга фақат келинингизнинг ёнини олиш бўлса…

Қаҳрамон шу онда уйига сиғмаган бўлиб, шарт кўчага чиқиб кетди. Йўлида эса унга ошнаси Иброҳим дуч келди.

– Дўстим, фарзандли бўлибсан, табриклайман. Аммо бир хабар бор. Мирзо ака ўтиб қолибдилар. Соат иккида чиқаришаркан. Жанозага айтиб юрибман. Эсингдан чиқмасин, ўша ерда кўришамиз.

…Жамоат тўпланган. Майитни тобутга солиб, олиб чиқишди. Жаноза намозини ўқиш олдидан имом Мирзо аканинг икки ўғлини олдига чақирди. Отаси тириклик чоғи иккиси ҳам тайинли бир ишнинг бошини тутмаган йигитлар эди. Одамларнинг «Эссиз, отасига муносиб фарзандлар бўлмади-да», дегани бир томону, ўзларининг ҳам қарзлари тиқилиб ётгани иккинчи томон эди. Шу сабаб ота учун энг зарур савол берилганида, ўғиллардан садо чиқмади.

Шунда ичкаридан овоз келди: «Мулла бобо, мен бўйнимга оламан отамнинг қарзларини, жанозани ўқинг!»

Бу Мирзо аканинг яккаю ягона қизи Латофатнинг овози эди.

Йиғилганлар бир тебранди. Онаизор уввос солди. Қаҳрамоннинг эса бўғзига нимадир тиқилди.

 

Бахтиёр РАСУЛОВ