ЎЗБЕК ШЕЪРИЯТИ: АБДУЛЛА ОРИПОВ

Fevral 27, 2018 0 By admin

Абдулла ОРИПОВ

(1941-2016)

БИРИНЧИ МУҲАББАТИМ

Кеча оқшом фалакда ой бўзариб ботганда,
Зуҳра юлдуз милтираб, хира ханда отганда,
Руҳимда бир маъюслик, сокинлик уйғотганда,
Мен сени эсга олдим, биринчи муҳаббатим,
Эслаб хаёлга толдим, биринчи муҳаббатим.

Ўтди ёшлик завқ билан, гоҳи тўполон билан,
Гоҳида яхши билан, гоҳида ёмон билан,
Айро ҳам тушдим баъзан¸ қалб билан имон билан,
Лекин сени йўқотдим, биринчи муҳаббатим,
Мангу ғафлатда қотдим, биринчи муҳаббатим.

Дунё деган шундайин англаб бўлмас сир экан,
Гоҳ кенг экан, гоҳида туйнуксиз қаср экан,
Лекин инсон ҳамиша бир ҳисга асир экан,
Нечун билмовдим аввал, биринчи муҳаббатим,
Парво қилмовдим аввал, биринчи муҳаббатим.

Холбуки орзулардан жудо ҳам бўлганим йўқ,
Юлдуздай куйганим йўқ, ой каби тўлганим йўқ.
Эрта хазон гул каби сарғайиб, сўлганим йўқ,
Сени эслаб йиғлайман, биринчи муҳаббатим,
Эслаб бағрим тиғлайман, биринчи муҳаббатим.

Йўлин йўқотса одам – муҳаббатга суянгай,
Ғуссага ботса одам – муҳаббатга суянгай,
Чорасиз қотса одам – муҳаббатга суянгай,
Мен кимга суянгайман, биринчи муҳаббатим,
Фақат эслаб ёнгайман, биринчи муҳаббатим.

Нидо бергил, қайдасан, шарпангга қулоқ тутдим,
Сирли тушлар кўриб мен бор дунёни унутдим,
Тонгда туриб номингга ушбу шеъримни битдим,
Дилдаги оҳим менинг, биринчи муҳаббатим,
Ёлғиз Оллоҳим менинг, биринчи муҳаббатим.

 

МЕНИ ОЛИБ КЕТИНГ…

Тинч эди ҳамма ёқ, тинч эди ҳар ён,
Титради гўёки ер билан осмон.
Бошимга хасталик тушди ногаҳон,
Мени олиб кетинг ўз диёримга.

Иссиқ жон, дейдилар, жон бўлса бўлар,
Пайт келса чечак ҳам сарғаяр, сўлар.
Ким билгай паймонанг қай ерда тўлар,
Мени олиб кетинг ўз диёримга.

Гинам бор бу юртнинг на ҳавосидан,
Меҳрибон докторнинг на давосидан.
Қайтарманг хастани муддаосидан,
Мени олиб кетинг ўз диёримга.

Шаънимга ғаюрлар бир сўз демасин,
Ҳар ким ўзи тортар умр кемасин.
Ҳеч кимни муштоқлик дарди емасин,
Мени олиб кетинг ўз диёримга.

Талпинган диёрим, у – Ўзбекистон!
Сеҳрини айтишга борми ҳеч имкон!
Йўқ, ўзга юртларда беролмасман жон,
Мени олиб кетинг ўз диёримга.

1981, Москва

ОҚ ОТ

Навоий «Хамса»ни тугатди ёзиб,

Қутлашга йиғилди аркони давлат.

Байқаро айрича ҳурмат кўргазиб,

Оқ отин минишга айлади даъват.

Лекин узр деди шоири даврон,

Балки бу ҳолни у  кибр деб билди.

Шунда секингина лутф этди Султон:

– Буни отнинг ўзи илтимос қилди…

18.06.2013

ҲАЁТ
Рафиқамга

Кимдир деди оҳ чекиб:
— Зулматга ботди зиё,
Тулпорлар кетиб бўлди,
Қирчанғига зот қолди.
Тирикликни ўлимлар
Енга билмади, аммо,
Завол топмай дунёда,
Барибир, ҳаёт қолди.

Афсус, не-не инсонлар
Тарк этдилар оламни,
Қайтмадилар, тўксам ҳам
Кўзимдаги жоламни.
Бу не сирким, кулфатлар
Буколмади одамни,
Завол топмай дунёда,
Барибир, ҳаёт қолди.

Онам кетса, ўйловдим,
Йиқилиб тушгай осмон,
Отам кетди, мен учун
Зимистон бўлди жаҳон.
Лекин мен ёдгор эдим,
Ўлмай қолган тирик жон,
Завол топмай дунёда,
Барибир, ҳаёт қолди.

Юрагим сиқилганда
Мозор оралаб юрдим,
Кекса бир донишманднинг
Қабри ёнида турдим.
Во ажабо, тошида
Ушбу ёзувни кўрдим:
-Завол топмай дунёда,
Барибир, ҳаёт қолди.

Саноғига етмайди
Ҳанузгача одамзод-
Заминда қурбон кўпми,
Кўпмикан ва ё жаллод.
Яхшилардан от қолур,
Ёмонлардан қолур дод,
Завол топмай дунёда,
Барибир, ҳаёт қолди.

Ўкинмагин, азизам,
Орқада энди ғовлар,
Ажалдан ҳам аслида
Баттарроқ экан ёвлар.
Дегаймиз,ўша куни —
Ўтгач барча синовлар:
Завол топмай дунёда,
Барибир, ҳаёт қолди.

АҚШ. Хьюстон. 6.10.2015