Алишер НАВОИЙ (1441-1501) ҒАЗАЛЛАР

Алишер НАВОИЙ (1441-1501) ҒАЗАЛЛАР

Fevral 14, 2018 0 By admin

Ўн саккиз минг олам ошуби агар бошиндадур,
Не ажаб, чун сарвинозим ўн саккиз ёшиндадур.

Деса бўлғайким, яна ҳам ўн саккиз йил ҳусни бор,
Ўн саккиз ёшинда бунча фитнаким бошиндадур.

Ўн саккиз йил дема, юз саксон йил ўлса, улдурур,
Ҳусн шоҳи… ул балоларким кўзу қошиндадур.

Ҳайрат этмон ҳусни нақшидаки, ҳар ҳайратки бор,
Барчаси Язид таоло сунъи наққошиндадур.

Тан анга сийму ичинда тош музмар кўнглидин,
Ақлға юз ҳайрат ул ойнинг ичу тошиндадур.

Май кетур, эй муғки, юз ҳайрат аро қолмиш Масиҳ,
Бул ажабларким, бу эски дайир хуффошиндадур.

То Навоий чекти ул ой фурқатидин баҳри ашк,
Ҳар қачон боқсанг қуёш акси анинг ёшиндадур.

                                   *  *  *

Мени мен истаган ўз суҳбатига аржуманд этмас,
Мени истар кишининг суҳбатин кўнглум писанд этмас.

Не баҳра топқамен андинки, мендин истагай баҳра,
Чу улким баҳраи андин тилармен баҳраманд этмас.

Нетай ҳуру пари базминки, қатлим ё ҳаётимға,
Аён ул заҳр чашм айлаб ниҳон, бу нўшханд этмас.

Керакмас ой ила кун шакликим, ҳусну малоҳатдин,
Ичим ул чок-чок этмас, таним ул банд-банд этмас.

Керак ўз чобуки мажнунваши қотил шиоримким,
Бузуғ кўнглумдин ўзга ерга жавлони саманд этмас.

Кўнгул уз чарх золидин, фирибин емаким, охир
Ажал сарриштасидин ўзга бўйнунгға каманд этмас.

Ул ой ўтлуғ юзин очса, Навоий тегмасун деб кўз,
Муҳаббат тухмидин ўзга ул ўт узра сипанд этмас.

РУБОИЙЛАР

Ё рабки, иноятингни ёр айла манга,
Йўқлуққа ҳидоятингни бор айла манга,
Ҳар каҳфи кифоятингни дор айла манга,
Ҳар дурри иноятинг нисор айла манга.

*  *  *

Гар ошиқ эсанг, зебу такаллуфни унут,
Яхшию ямон ишда тахаллуфни унут,
Ўтган гар эрур ямон, таассуфни унут,
Келган гар эрур яхши, тасарруфни унут.

*  *  *

Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш,
Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш.
Олтун қафас ичра гар қизил гул бутса,
Булбулға тикандек ошён бўлмас эмиш.

*   *  *

Ким истаса салтанат, саходур анга шарт,
Ҳар ваъдаки айласа, вафодур анга шарт.
Ким фақр талаб қилса, фанодур анга шарт,
Оллиға неким келса, ризодур анга шарт.

ТУЮҚЛАР

Ё раб,ул шаҳду шакар ё лабдурур,
Ё магар шаҳду шакар ё лабдурур.
Жонима пайваста новак отқали,
Ғамза ўқин қошига ёлабдурур.

                    *  *  *

Неча дедим ул санамға: Бормоғин!
Қилмади ул тарк охир бормоғин;
Мунчаким худройлиқ кўргузди ул,
Ақл ҳайрат қилди тишлаб бармоғин.

                 *  *  *

Пардани рухсорасидан олмангиз,
Ҳоҳақ ўлтурди мени шул олмангиз;
Гар анористонға сунса илгини,
Айтур: — Ул турсун, амонат, олмангиз!

                *  *  *

Олмани отти нигорим, «ол»,-деди
«Олма бирла бу кўнгилни ол»,-деди
Сўрсам эрса олмасини рангини
«Олма рангин не сўрурсан, ол»,-деди