Yanvar 19, 2018 0 By admin

Осмонни тўлдириб турналар галаси учиб ўтди. Ҳовлида куймаланиб юрган Озоданинг кўзларида қувонч порлади. Ёш гўдакдай севиниб кетди. Рўмолини ечиб, боши узра байроқ қилиб силкита бошлади.

-Қур-ей, қур-ей, турнажон, арғамчингни ташлаб кет!

-Ая, нимади?

-Қара, Мади, турналар. Турна-л-а-рр!!!

У ёнига югуриб борган қизчасининг қўлидан ушлаб олди-да, қувончи ичига сиғмай хайқирди;

-Тур-на-л-аа-рр!!!

Шу топда унинг бирдан турнага айланиб қолгиси, осмонда қанотларини ёзиб баланд учгиси келди. Кўксини тўлдириб тўйиб-тўйиб нафас олди. Осмонда арғамчи солиб учган турналар тобора олислаб борарди.

* * *

– Опа, баргга бормаймизми?

– Жўражон-эй, юрагим орзиқиб кетаяпти. Турналар нимадандир дарак келтирганга ўхшайди. Эҳ, дунё, кўзларимга ҳаёт бирам суюмли кўриниб кетаяпти, бирам суюмли…

-Қўйинг, опа, бунақа хаёлпарастлигингизни. Ундан кўра пиллага барг кесгани борайлик.

Жўрабек молхона ёнида турган эшакни тўқимлаб, унга аравани қўшди. Йўлга тушдилар. Жўрабек эшакка чаппа миниб, аравада келаётган Озодага қараб ўтириб олди-да, минғирлабгина ҳиргойи қила бошлади:

Дарё тошқин, сувлар тўлқин,

Ўтолмайман-о, ўтолмайман-о.

Отим ориқ, манзилимга етолмайман-о, етолмайман-о…

Аравада қўшиқ оҳангига мос тебраниб келаётган Озода оғир «уҳ» тортди. Дарё тошқин. Бу тошқин умр дарёси яна қанча оқаркин? Унинг кемтик бахти бут бўладими? Эри икки қизалоғига раҳми келиб, уйига олиб кетармикан?! Зора, эрига инсоф кириб қолса…

У эрининг қийноқларини, «Сен фақат қиз туғасан. Қачонгача қанжиқларингни боқаман?» дея ҳақоратлашларини эслаб хўрсинди. Кўзларидан томган икки томчи қайноқ ёш билакларини куйдириб юборгандай бўлди. Ўзи-ку, майли, болаларини қийнаганига чидаб туролмади. Ноилож иккала қизалоғини олиб, отасиникига келди. Қайтай деса, эрининг зуғумларини эслаб, юраги безиллайди. Қайтмай деса, ёмон бўлса ҳам кўз очиб кўргани…

– Бунча хаёл суриб қолдийиз, опа?

– Шундоқ, ўзим. Қани, энди, жиянларингни катта бўлганини, бахтини кўрсам. Сира армоним қолмасди, Жўражон!

Эшак имиллаб қадам ташлайди. Арава ғижирлайди. Май қуёши эринчоқ нурларини ер юзига истар-истамас тўшайди. Ҳавода ўт-ўлан ҳиди анқийди. Тупроқ йўлда арава эринибгина судралади. Тил-забони йўқлигидан, бир бегуноҳ жонни ажал домига олиб кетаётганидан норози бўлгандай, ғижирлаб нола чекади.

– Опа, ана, поччам! Важоҳати ёмон…

Озоданинг юраги «шиғғ» этиб кетди. Аммо бирдан кўнглида илинж пайдо бўлди. Ширин орзиқиб, кўзларини юмиб олди. Қоп-қора зулукдай сочлари шамолда тўзғиб, елкалари узра ёйилди. Эри ёнига келиб, дағал кафтларини унинг нозик билакларига босганча «Оззи, юр, энди, уйга кетамиз», дейишини кутди. Интиқиб кутди, энтикиб кутди. Шу дамда чап кўксининг пастида нимадир «жизз» этди, кучли оғриқдан «оҳ», деб юборди.

– Сен мендан тирик қутулмайсан, энағар, -кўзлари қонга тўлган эри ўткир тиғли пичоқни яна Озоданинг биқинига санчди.

Ёвузга айланган эр тиғни хотинининг нозик баданига санчаркан, «Мана, санга, мана, санга», дерди тишларини ғижирлатганча. Озоданинг вужуди карахт бўлиб қолди. Фақат қўлини силкитиб, укаси Жўрабекка «қоч», дея ишора қилишга улгурди, холос. Ҳолсизланиб, қўлини кўксига қўйди. Қўли қон бўлди. Энди, унинг оппоқ мармардай жисми ҳеч нарсани ҳис этмас, бадани музлаб борарди.

Қаҳр-ғазабдан эс-ҳушини йўқотган Ямин хотинининг жон таслим қилишига телбаларча ҳиссиз қараб турди-да, бирдан юз қадамча нарида додлаганча кочиб кетаетган Жўрабекни кўриб, уни қувлашга тушди. Аммо шу пайт қаердандир келиб тўхтаган аравачали мотоциклдаги икки киши бақириб ёрдам сўраб, йўлни кесиб, уларнинг олдига чиққан Жўрабекни мотоциклга миндирди-да, йўлни чангитиб тезлик олди. Ямин ҳансираганча қўлидаги қонли пичоқни кўтариб, бақириб қолди. Инсонийлик қиёфасини бутунлай йўқотиб, бегуноҳ хотинининг умрига зомин бўлган бу малъун кимса ўзини адоқсиз дўзах азобига гирифтор қилганини англаб етмас, ичкиликбозлик унинг нафақат ҳаётини, балки, онгу шуурию, қалбини-да зим-зиё зимистонга айлантирган эди.

Исоқ бува қўлини орқасига қилганча токзор оралаб юраркан, кўчадан мотоциклнинг овози эшитилди. Бир-икки лаҳза ўтар-ўтмас Жўрабек ҳовлиқиб кириб келди-да, ҳўнграб йиғлаб юборди:

– Бува, опамни поччам пичоқлаб қўйди!

Улар мотоциклга мингашиб кўприк ёнига, машъум воқеа содир бўлган жойга етиб келишди.

Озоданинг аллақачон жони узилган, кўзлари очиқ ҳолда қотиб қолганди.Чол унинг кўзларига қаради. Қорачиғлари қанот қоқиб учмоқчи бўлган қоп-қора турнани эслатарди.Чол пичирлаб дуо ўқиб, кафти билан Озоданинг кўзларини сийиргач, унинг кўзлари мангуга юмилди.

* * *

Икки қизалоқ кўчада қувлашмачоқ ўйнаб юрарди. Бирдан осмонни тўлдириб турналар галаси учиб ўтди.

– Қара, Мади, турналар, – деди Ораста кўлчаларини баланд силкитганича. -Эй, турнахон, арғамчингни ташлаб кет!

Турналар баланд учарди. Шунда галасидан ажралиб бир турна қизалоқлар боши узра айланиб, чарх урди. «Қуре-қуре»лаганча чир айланиб фарёд қилди. Худди қизалоқларни ердаги ёвуз одамлар орасидан узоқ-узоқларга , бепоён уфқлар ортига олиб кетмоқчидай имлаган бўлиб, чарх уриб нола чекди. Ерга пастлаб, тавалло қилди.

Қизалоқлардан эслироғи турнанинг тўлғанишларига қараб туриб бирдан кўзига онаси кўриниб кетди. Кўксидан қайноқ фарёд отилди. Кўзларини ёшлар ёмғир бўлиб ювди. Ҳорғингина пичирлади:

-Она, қаердасиз, онажон?!

Қизчанинг юраги ниманидир сезгандай бўлиб, жажжи қўлчалари билан осмонни кўрсатиб талпинди. Сўйлай деса, тили айланмай, унсизгина кўкка термулди.

Кўкда гирён-гирён чарх урган турна «қуре-қуре»лаб аламли «оҳ» урганча тобора баландлар, кўздан узоқлашиб борарди.

Даврон  СУЛТОНОВ