СОЛИҚЧИ-ТАДБИРКОРГА КЎМАКЧИ!

СОЛИҚЧИ-ТАДБИРКОРГА КЎМАКЧИ!

Sentabr 22, 2022 0 By admin

Бугун солиқ идоралари ходимлари «Солиқчи-тадбиркорга кўмакчи» тамойили асосида фаолият олиб бормоқда. Уларга амалий ёрдам бериб келишмоқда. Айнан шу мақсадда давлат солиқ хизмати органларида «Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш» бўлим ва шўъбалари ташкил этилди.

Жумладан, Қамаши тумани давлат солиқ инспекцияси «Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш» шўъбаси ходимлари томонидан янги иш бошлаётган тадбиркорлик субъектларига солиқ режимини танлашда маслаҳатлар бериш, солиқларни ҳисобланиши тартиби, дастлабки бухгалтерия ва солиқ ҳисоботларини тайёрлаш хамда электрон тарзда тақдим этилишида кўмак берилиб келинмоқда.

Бундан ташқари солиқ идоралари билан боғлиқ бўлмаган, бошқа корхона ташкилотларга алоқадор муаммолари юзага келган тадбиркорлик субъектларига ушбу тамойил доирасида яқиндан ёрдам бериб келинмоқда.

Қамаши тумани «Оқгузар» маҳалла фуқаролари йиғинида яшовчи Дилфуза Насимжонова тикувчилик фаолияти билан шуғулланиб келарди. Тайёрлаган маҳсулотларини маҳалла аҳолисига сотарди. Унга кўрсатилган ёрдам натижасида тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтди. Тижорат банкидан 225 млн. сўм кредит олишда амалий кўмак берилди. Хитой давлатидан 300 млн сўмга ускуна олиб келинишига ёрдам берилди. Натижада 10 нафар фуқаронинг бандлигини таъминланишига эришилди.

-Бугун биз милллий тўнлар тикиш фаолияти билан шуғулланиб келмоқдамиз, – дейди Дилфуза Насимжонова. – Тайёрлаётган маҳсулотларимизни ички бозорда сотмоқдамиз. Бу ишимизга хавас билан қараган хотин-қизларимиз келиб сафимизга қўшилишмоқда. Ҳам уйларига даромад олиб кирмоқдалар. Агар фаолиятимизда бирор муаммога дуч келсак солиқ идоралари ходимлари бизга яқиндан кўмак бериб келишмоқда. Биз бундан жуда хурсандмиз.

Қамаши туманида «Ёртепа» маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият кўрсатаётган «Чароғон Замин текстел» масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилган қишки кийим-бош маҳсулотлари хорижникидан қолишмайди.  Бу ерда 1 млрд. маблағ эвазига 27 та тикиш машиналар, керакли асбоб-ускунлар харид қилинди. Натижада шу ерда яшовчи 20 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди.

-Қамаши туманида мавжуд хўжалик юритувчи субъектларининг муаммолари ўрганилиб, уларга амалий кўмак бериб келинмоқда.-Жумладан, 541 та тадбиркорлик субъектларига солиқ идораларига алоқадор масалалар бўйича, 366 та тадбиркорлик субъектларига дастлабки бухгалтериясини юритиш масалаларида, 73 та тадбиркорлик субъектларига      E-актив автоматлаштирилган ахборот тизими бўйича тушунча берилиб, ундан  фойдаланиш бўйича кўмаклашилди:-дейди Қамаши туман Давлат солиқ инспекцияси «Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш» шўъбаси давлат солиқ бош инспектори Нурбек Алимов.-Шунингдек, 134 та тадбиркорлик субъектлари мутасаддиларига Е-ижара автоматлаштирилган ахборот тизими, 68 нафар тадбиркорларга Е-имтиёз автоматлаштирилган ахборот тизими ундан қандай фойдаланиш тартиблари бўйича тушунтиришлар берилди.

Бевосита амалий ёрдамлар натижасида фаолияти тўхтаб қолган 57 та тадбиркорлик субъектларнинг фаолияти тикланди.

Шу билан бирга Қамаши туман давлат солиқ инспекцияси ходимлари тадбиркорларга, ҳисобчиларга қонунчиликдаги янгиликлар, ўзгаришлар, солиқ имтиёзлари тўғрисида тушунчалар бериб келмоқда.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, солиқ идоралари мазкур тамойил асосида фаолиятини изчил давом эттириб, тизимдаги шаффофликни таъминлаш ва тадбиркорлик борасида ташаббусларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашда самарадорликка эришмоқдалар.

Фирдавсий Жабборов,

вилоят давлат солиқ бошқармаси Матбуот хизмати раҳбари