МЕҲНАТДАН ҚАДР ТОПИБ…

МЕҲНАТДАН ҚАДР ТОПИБ…

Sentabr 22, 2022 0 By admin

Сўнгги йилларда гендер тенгликни таьминлаш, аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ролини мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Хотин-қизлар жамиятда ўзи қизиққан соҳаси бўйича ишлаши, уларнинг бандлигини таьминлаш, ишсизликнинг олдини олиш бўйича қатор тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Яқинда биз Қашқадарё «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖга қарашли темир- бетон устунлари ишлаб чиқариш цехида бўлдик. Бу цехда ҳар куни 80 дона электрлиниясини ўтказиш учун темир-бетон устунлар, халқ тили билан айтганда, столбалар ишлаб чиқарилади. Меҳнат қилаётган эркаклар қатори хотин-қизларнинг ҳам фаоллигини кўриб, уларнинг меҳнатига таҳсин айтгим келди. Бу хотин-қизларни суҳбатга тортдим.

-Бу касбда иш бошлаганимга 5-6 йил бўлди. Пахта заводларида ҳисобчи бўлиб ишлаганман. Кейин кранчиликка ҳавасим келиб, қандай бўлмасин, кран ҳайдашни ўрганаман, деб қарор қилганман. Қизиқишим кучлилиги боисми, бир ой ўтар -ўтмас кран ҳайдашни яхши ўзлаштириб олдим. Жараёнлар жуда қизиқ. Оғирлик томонини ҳеч сезмадим.

-Бу ишда ишлашимга турмуш ўртоғим аввалига роса қаршилик билдирганлар. Ўзингни қийнамагин, сенга оғирлик қилади бу иш, деганлар. Астойдил ҳаракат қилаётганимни кўриб,кейинчалик розилик берганлар. Ахир, ишимдан ўзим мамнун бўлсам, оиламга ҳам хуш кайфиятда бораман. Рўзғорда ҳаммасига улгураман. Ҳалол меҳнатнинг ортидан келадиган пулда барака бўлади, албатта. Ҳозир фарзандларим «аям кран ҳайдайдилар», деб фахрланишади. Бундан хурсанд бўлиб, янада ишлагим келади. Ишим билан фахрланаман,- дейди Бўстон Раҳмонова.

Цехда бир ойда 1 600 донагача темир- бетон устунлар ишлаб чиқарилади. Бир йилда бу цех 18 000 дона устунлар ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу ишлар билан 47 нафар ишчи -ходим банд. Уларнинг 4 нафари хотин-қизлар. Қашқадарё «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖда эса 2385 нафар ходим меҳнат қилиб келаётган бўлса, уларнинг 249 нафарини хотин-қизлар ташкил этади.

Алъфия Хидирова ҳам шу цехда Бўстон опа каби кранчи бўлиб ишлайди. Ўз ишини сидқидилдан севгани боис, «қийинчилик кўзга кўринмайди», -дейди у. – Ишим ўзимга жудаям ёқади. Биз тайёрлаётган маҳсулотлар бутун Қашқадарё бўйлаб тарқатилади. Ҳатто янги устунлар қўйилган ҳудудлардан ўтсам ҳам ўз ишимиз маҳсулини кўриб фахрланиб кетаман. Оиламдагилар ҳам ишимни қадрлашади,- дейди Алъфия Хидирова.

Президентимизнинг жамиятда хотин-қизлар ролини оширишга оид шундай сўзлари бор : «Биз аёлни, авваламбор, она, оила қўрғонининг қўриқчиси сифатида ҳурмат қиламиз. Бу, шубҳасиз, тўғри. Аммо бугун ҳар бир аёл оддий кузатувчи эмас, балки мамлакатда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси ҳам бўлиши керак». Шу ўринда мамлакатимизнинг иқтисодий тараққиёти, жамиятнинг ривожи йўлида ўз ҳиссаларини қўшиб келаётган опа-сингилларимизнинг меҳнатдан қадр топиши, ишлаб чиқариш жараёнларида ўз ўринларига эга бўлишларини Қашқадарё «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин бўлади.

Нигора ТОG‘АЕВА, Журналист