САВОЛ БЕРИНГ, ЖАВОБ БЕРАМИЗ

САВОЛ БЕРИНГ, ЖАВОБ БЕРАМИЗ

Iyun 29, 2022 0 By admin

– Бизнинг «МОҲИР АВТО ҲАЙДОВЧИ» хусусий корхонамиз нодавлат таълим муассасаси бўлиб, ҳайдовчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш фаолияти билан шуғулланамиз. Солиқ кодексининг 378-моддасига асосан қайта тайёрлаш ва малака ошириш учун нодавлат таълим ташкилотларига тўловларни, курсни тугатганлик тўғрисида ташкилот томонидан берилган ҳужжат мавжуд бўлганда, тўлаш учун йўналтириладиган, базавий ҳисоблаш миқдорининг саккиз бараваригача бўлган сумма солиқ солинмайдиган даромадларга киритилган. Ушбу имтиёз бизнинг нодавлат таълим ташкилотимизга тўғри келадими?

– Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 365-моддасига асосан солиқ тўловчининг жами даромади жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг солиқ солиш объекти ҳисобланади.

Солиқ кодексининг 378-моддаси 21-банди билан  солиқ тўловчининг солиқ даври давомида қайта тайёрлаш ва малака ошириш учун нодавлат таълим ташкилотларига тўловларни, курсни тугатганлик тўғрисида шундай ташкилотлар томонидан берилган ҳужжат мавжуд бўлганда тўлаш учун йўналтириладиган, базавий ҳисоблаш миқдорининг саккиз бараваригача бўлган миқдордаги иш ҳақи суммалари ва бошқа даромадлари турларига солиқ солинмайди.

Кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш мутахассисларнинг касб билимлари ва кўникмаларини янгилаш ҳамда чуқурлаштиришга қаратилган.

Кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тартиби, даврийлиги тегишли вазирлик идора томонидан белгиланади. Қонун ҳужжатлари билан айрим соҳа вакилларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашга қўйилган талаблар белгиланиб қўйилиши мумкин.

Кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш таълим муассасаларидаги ўқиш натижаларига кўра давлат томонидан тасдиқланган намунадаги гувоҳнома ёки сертификат топширилади.

Юқоридагиларга асосан Солиқ кодексида назарда тутилган имтиёз қайта тайёрлаш ва малака ошириш учун нодавлат таълим ташкилотларига тўловларга қўлланилишини маълум қиламиз.

Саволга вилоят давлат солиқ бошқармасимасъул ходими Зулфия Саломова жавоб берди.