КОРХОНАДА МАДАНИЙ – МАЪРИФИЙ ТАДБИР ЎТКАЗИЛДИ

КОРХОНАДА МАДАНИЙ – МАЪРИФИЙ ТАДБИР ЎТКАЗИЛДИ

Iyun 17, 2022 0 By admin

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 10 февраль кунидаги «Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида «Деҳқонобод калий заводи» акционерлик жамияти мажлислар залида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Маълумки, мазкур қарорда оташқалб шоир Усмон Носир таваллудининг 110 йиллиги муносабати билан барча корхона ва ташкилотлар ҳамда ўқув муассасаларида ана шундай тадбирларни кўтаринки руҳда ўтказиш белгилаб қўйилган. Бундай тадбирларнинг ўтказилиши ўзбек адабиёти намоёндалари ижодини ўқиб-ўрганиш, юрт истиқлоли учун жон фидо қилган зиёли инсонлар ҳаётини ёш авлодга ибрат намунаси сифатида кўрсатиш ҳамда аҳоли ўртасида китобхонликни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эгадир.

Корхонамизда ўтказилган ушбу хотира кечаси «Оташқалб шоирни ёд этиб» деб номланган бўлиб, унда шоир Усмон Носирнинг жиянлари, таниқли адабиётшунос олима Нодира Рашидова ва биолог олим Улуғбек Рашидов Усмон Носир ҳақидаги хотираларини ҳаяжонланиб сўзлаб беришди.

–    Корхонамизда бундай маданий-маърифий тадбирлар тез-тез ўтказиб турилади, – дейди корхона бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Норсаид Кўчкинов. – Айниқса, бугунги тадбир ўзбекнинг фидойи фарзанди, шоир ва драматург Усмон Носир ҳаёти нақадар фожиали кечгани ҳақида барчамизда катта тасаввур уйғотди. Ундаги ватанпарварлик, юрт озодлиги учун кураш туйғуси барчамизга ибрат бўларлидир. Бундай тадбирларнинг ўтказиб турилиши ишчи-ходимларимизнинг маданий ҳордиқ олишларига хизмат қилади. Яна ҳам қувонарлиси, бугунги тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими томонидан корхонамиз кутубхонасига турли номдаги китоблар жамланмаси совға қилинди. Бу ҳам ишчи-ходимларимиз ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилишда аҳамиятлидир.

Шундан сўнг, шоир Усмон Носирнинг жияни Нодира Рашидова асари асосида саҳналаштирилган «На қабринг тополдим, на топдим мозор» номли тарихий драма Қарши шаҳар истеъдодли талабалар театр студияси ёш актёрлари томонидан корхона ишчи-ходимларига намойиш этилди. Драматург Парда Номдоров томонидан саҳналаштирилган бу тарихий драмада ҳаётий воқеалар асос қилиб олинган бўлиб, унда Усмон Носирнинг фожеали қисмати томошабинга ишонарли тарзда етказиб берилган. Спектаклдаги ролларни ишонарли ижро этган ёш актёрларнинг маҳорати юксак баҳоланиб, улар томошабинлар олқишига сазовор бўлишди.

Корхонамизда бундай маданий-маърифий тадбирларнинг доимий равишда ўтказиб борилиши, ишчи-ходимларимизнинг маънавий дунёқарашларини шакллантиришга хизмат қилиб, уларни янада унумлироқ меҳнат қилишга ундаши, шубҳасиздир.

Зебинисо САЛИМОВА,

«Деҳқонобод калий заводи» АЖ бошқаруви раисининг маслаҳатчиси