177 НАФАР ТАДБИРКОР ДАВЛАТ РЎЙХАТИДАН ЎТКАЗИЛДИ

Iyun 17, 2022 0 By admin

Бугун солиқ идоралари ходимлари «Солиқчи-тадбиркорга кўмакчи» тамойили асосида фаолият олиб бормоқдалар. Бу жараёнда улар хўжалик юритувчи субъект­ларга солиқ режимини танлашдан бошлаб фаолиятларида дуч келаётган саволларига жавоблар бериб келишмоқда. Мавжуд муаммоларни ҳал этишга кўмаклашмоқдалар.

Хусусан, жорий йилнинг май ойида Шаҳрисабз шаҳрида фаолият юритаётган 461 нафар тадбиркорлик субъектининг 243 та муаммолари ўрганилиб, имтиёзли кредит олиш, дастлабки бухгалтериясини юритиш, ҳисоботларни тўлдириш ва топшириш каби 218 дан ортиқ масалалар бевосита солиқ органлари ходимлари кўмагида ҳал этилди.

Бундан ташқари, фаолиятини тўхтатган 11 нафар тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатилиб, фаолиятларини қайта тиклашга эришилди.

Тадбиркорлар учун тенг рақобат муҳитини яратиш, ноқонуний тарзда савдо ва хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланишнинг олдини олиш мақсадида давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан назорат тадбирлари ўтказилиб, 177 нафар фуқаролар ҳеч қандай ҳужжатларсиз тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётганлиги аниқланди. Мазкур фуқаролар ўртасида олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида улардан 177 нафари белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтиб, қонуний тартибда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйдилар.

Хўжалик юритувчи субъектлар билан ўтказилган бевосита мулоқотлар ва кенг кўламли тушунтириш ишлари пировардида 34 та корхонадаги 141 нафар норасмий ишловчи фуқароларнинг фаолияти қонунийлаштирилди.

Жорий йилнинг май ойи давомида «Солиқ ҳамкор» дастури орқали Шаҳрисабз шаҳрида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари билан боғлиқ солиқ ҳуқуқбузарликлари тўғрисида жами 53 та мурожаат келиб тушган бўлиб, мурожаатларга асосан 53 та сайёр солиқ текширувлари ўтказилди.

Ушбу тадбиркорлик субъектлари раҳбарларига йўл қўйган камчиликлари тушунтирилиб, келгусида уни такрорламасликлари юзасидан тавсиялар берилди.

Энг муҳими, солиқ тўловчиларга солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ижро этишида ёрдам бериш ҳамда «Солиқчи – тадбиркорга кўмакчи» тамойили асосида чора қўллашдан олдин бартараф этишга имконият яратиш талабидан келиб чиқиб, жорий йил 1 июндан бошлаб, «Солиқ ҳамкор» орқали мурожаат йўллаш ва мурожаатга асосан солиқ ҳуқуқбузарликларини содир этган тадбиркорлик субъектига нисбатан чора кўриш тартибига бир қатор ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, мулкчилик шаклидан қатъий назар, биринчи маротаба келиб тушган мурожаат бўйича солиқ тўловчи ҳузурига борган ҳолда, профилактик суҳбат ўтказилиб, тадбиркорлик субъектининг қонун талаблари асосида иш юритиши тўғрисида расман огоҳлантирилиб, унга нисбатан молиявий жазо чоралари кўрилмайдиган бўлди.

Бу каби тадбирлардан кўзланган мақсад битта. У ҳам бўлса, тадбиркорларга яқиндан кўмак кўрсатиш, уларни муаммосиз фаолият олиб боришларига амалий ёрдам беришдан иборатдир.

Хуршид Ҳошимов,

Шаҳрисабз шаҳар давлатсолиқ инспекцияси масъул ходими