БАЛИҚЧИЛИК – СЕРДАРОМАД СОҲА

БАЛИҚЧИЛИК – СЕРДАРОМАД СОҲА

Iyun 17, 2022 0 By admin

Балиқчиликни ривожлантириш, бу борада давлатимиз томонидан соҳа вакиллари учун берилаётган солиқ имтиёзлари, яратилаётган шароитлар ҳақида маълумотлар бериш мақсадида Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан амалий семинар ташкил этилди.

Тадбирда Қашқадарё вилояти прокуратураси, «Қашқадарёбалиқсаноат» масъулияти чекланган жамияти масъул ходимлари, вилоятда фаолият кўрсатаётган балиқ етиштиришга ихтисослашган хўжаликлар раҳбарлари иштирок этди.

Семинарда таъкидланганидек, юртимизда балиқчиликни ривожлантириш мақсадида қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 13 январдаги «Балиқчилик тармоғини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан 2022 йил 1 февралдан бошлаб жисмоний шахсларга ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ўз хонадонида балиқ етиштиришни йўлга қўйишга рухсат берилди.

 2022 йил 1 февралдан 2025 йил 1 январга қадар балиқчиликни интенсивлаштириш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар ва технологиялар ҳамда қайта ишлаш ускуналарини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган, бироқ даромадининг 80 фоизидан ортиғини ушбу ускуналарни ишлаб чиқаришдан оладиган субъектлар учун фойда солиғи, юридик шахс­лардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 50 фоизга камайтирилиши, балиқ етиштирувчи хонадон эгаларига ер солиғи ва мол-мулк солиғи ставкаси 50 фоиз миқдорида ундирилиши белгиланди.

Шунингдек, семинар давомида 2022 йил 1 апрелдан бошлаб 2025 йил 1 январга қадар жисмоний шахсларнинг аҳоли хонадонларида балиқ етиштириш йўналиши бўйича ўқув курсларида ўқиш харажатларини қоплаш учун Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баробаридан ошмаган миқдорда бир марталик субсидия ажратилиши ҳақида батафсил маълумот берилди.

Семинар давомида балиқчиликни ривожлантириш борасида қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ҳақида ҳам сўз борди.

Соҳа ходимлари томонидан журналистларни қизиқтирган барча саволларига батафсил жавоб қайтарилди.

Жамшид НОРҚОБИЛОВ, ЎзА