БАЛИҚЧИЛИК ФАОЛИЯТИ УЧУН ҚАНДАЙ СОЛИҚ ИМТИЁЗЛАРИ МАВЖУД?

May 30, 2022 0 By admin

Балиқчилик фаолияти бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Жумладан, 2017 йилнинг 1 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2939-сонли қарорнинг 16-бандига биноан, юридик шахслар 2023 йил 1 январгача бўлган муддатда личинка, балиқ чавоқлари ва товар балиқ етиштиришдан, балиқчилик маҳсулотларини тайёрлаш ва қайта ишлашдан олинган даромадлар бўйича айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан озод этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 августдаги «Балиқчилик тармоғини қўллаб-қувватлаш ва унинг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4816-сонли қарорига асосан балиқчилик хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан фойдаланилган сувнинг ҳақиқатда истеъмол қилинган ҳажмини аниқлаш имкони бўлмаганда, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ базаси белгиланган сувни истеъмол қилиш нормативларининг 50 фоизи миқдорида белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 мартдаги «Чорвачилик тармоқларини давлат томонидан янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ги  ПҚ-5017-сонли қарорига мувофиқ балиқчилик хўжаликларига интенсив усулда етиштирилган совуқ сув балиқлари (лосось, форель ва осётр) нинг ҳар бир килограмми учун 3 минг сўм, қолган турдаги балиқлар учун минг сўм миқдорида республика бюджетидан субсидия ажратилиши белгиланди.

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан юқори сифатли балиқ омухта емини ишлаб чиқарувчиларга улар харажатларининг 30 фоизини қоплаш учун субсидия ажратилмоқда. Кооперация асосида йилига 80 тоннадан кўп балиқ етиштиришни йўлга қўйган кластерлар 2022 йил 1 январдан бошлаб уч йил давомида қўшилган қиймат солиғидан ташқари, барча солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан, балиқ етиштирувчи хонадон эгалари ер ва мол-мулк солиғидан озод этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 13 январдаги «Балиқчилик тармоғини янада ривожлантиришнингг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-83-сонли қарори билан 2022 йил 1 февралдан бошлаб жисмоний шахсларга ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ўз хонадонида балиқ етиштиришни йўлга қўйишига рухсат берилди;

2022 йил 1 февралдан 2025 йил 1 январга қадар балиқчиликни интенсивлаштириш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар ва технологиялар (аэратор, бассейн, автокормушка, УЗВ) ҳамда қайта ишлаш ускуналарини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган, бироқ даромадининг 80 фоизидан ортиғини ушбу ускуналарни ишлаб чиқаришдан оладиган субъектлар учун фойда солиғи (тижорат банкларида жойлаштирилган маблағлардан олинган фоизлардан ташқари), юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 50 фоизга камайтирилиши, балиқ етиштирувчи хонадон эгаларига ер солиғи ва мол-мулк солиғи ставкаси 50 фоиз миқдорида ундирилиши белгиланади.

2022 йил 1 апрелдан бошлаб 2025 йил 1 январга қадар жисмоний шахсларнинг аҳоли хонадонларида балиқ етиштириш йўналиши бўйича ўқув курсларида ўқиш харажатларини қоплаш учун Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баробаридан ошмаган миқдорда бир марталик субсидия ажратилади.

«Ўзбекбалиқсаноат» уюшмасига аъзо корхоналар томонидан хорижий мамлакатлардан балиқчилик соҳаси эксперт ва мутахассисларини жалб қилиш харажатлари ҳамда уларнинг бир йиллик иш ҳақи миқдорининг 50 фоизигача, бироқ ойига 1 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган қисми Балиқчиликни ривожлантириш жамғармасидан қоплаб берилади. Бунда, мазкур харажатлар учун Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳисобидан 5 миллиард сўм йўналтирилади.

Нурбек Алимов,Қамаши тумани ДСИ масъул ходими