МАРДЛИК ВА ЖАСОРАТ МАКТАБИ

МАРДЛИК ВА ЖАСОРАТ МАКТАБИ

Yanvar 6, 2018 0 By admin

Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 26 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан  ҳарбий ватанпарварлик ойлиги ўтказилмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 7 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 26 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойиши бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўтган йиллар мобайнида миллий армиямиз тубдан ислоҳ қилинди, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оилалари ва соҳа фахрийларини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича самарали ишлар амалга оширилаётир. Ватанимиз Қуролли Кучлари ташкил топган кун муносабати билан жойларда ҳарбий соҳа ходимлари, ўқувчи ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтказилаётган тадбирларда ёшлар онгига ватанпарварлик, мардлик ва жасорат туйғуларини сингдиришга, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар мақсади ва моҳиятига алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Инсон туғилиб ўсган Ватани, она юрти, ота макони олдидаги фарзандлик бурчини ҳамиша муқаддас билади. Бу олий туйғуни ҳар бир йигит-қиз кўз қорачиғидай асрамоғи,  бу улуғ йўлда шахдам одимламоғи муҳим. Чироқчи туманидаги касб-ҳунар коллежларида ўтказилган тадбирларда шу каби эзгу қадрият ва тушунчалар ҳақида батафсил сўз юритилди.

Шунингдек, тадбирлар доирасида Ватан ҳимоячилари фаолияти билан боғлиқ кўргазмалар ташкил қилинди. Янги йил байрами арафасида Қарши шаҳридаги ногиронлиги бўлган болаларга байрам совғалари улашилди. Ҳарбий соҳа вакилларининг ёшлар билан бўлган учрашувлари, давра суҳбатлари ниҳоятда қизиқарли кечди.

Ватан учун мардонавор хизмат қилиш, юрт сарҳадларини муносиб ҳимоя қилиш – олий қадрият. Ана шу эзгу мақсад йўлида хизмат қилаётган барча ҳарбийларимизнинг келгуси фаолиятларида зафарлар ёр бўлсин.

М. ШОКИРОВ,

подполковник