ТАБИАТ ВА ҲАЁТ КУЙЧИСИ

ТАБИАТ ВА ҲАЁТ КУЙЧИСИ

Yanvar 5, 2018 0 By admin

 

Бахт манзараси

…Деразадан қиш қуёши жилмайганча мўралайди. Қўшни уй томи устидаги қор уюмида унинг заррин нурлари акс этади. Келаётган мунаввар кунлар учун зумрад ҳадялар ҳозирлашга шай азим дарахтлар қулочларини керганча атрофдаги файздан, зиёдан куч олади. Кўча томондан кимнингдир кулгуси, сўнг болаларнинг қийқириғи эшитилди. Дарвоза очилиб, неваралар тандир атрофида келинига патир ёпишда кўмаклашаётган моможонининг қучоғига ўзларини отишди. Саришта ҳовли йўлагида йўрғалаганча жуфтининг ҳузурига ошиқаётган қумри болакайларга йўл бўшатди. Шу пайт дераза оша бахт манзарасига термулиб турган ҳаётга, табиатга ошуфта ижодкор инсоннинг қўл телефони жиринглаб, илҳомга чўлғанган хаёлларини бўлиб юборди:

– Ассалому алайкум! Эшитаман? Ҳа, бу мен – Fози Раҳмонман…

Эл эъзозлаган устоз

Чироқчи тоғлари бағрида жойлашган мўъжизавий Лангар қишлоғида туғилиб, ҳаёти давомида эл-юртга зиё таратишдек, маънавий ҳадя улашишдек эзгу ишлар қилиб келаётган ижодкор, давлатимизнинг кўплаб мукофотларига сазовор бўлган Fози Раҳмон 2017 йилнинг 16 декабрида 70 ёшни қаршилади. Бугун бу қутлуғ сана, муборак ёш билан элнинг эъзозидаги устозни шогирдлар, фарзандлар, ижодкорлар, яқинлар қутламоқдалар.

Fози Раҳмон 1968 йилда ҳозирги Қарши давлат университетини тамомлаб, илк фаолиятини таълим-тарбия тизимида, ўзи сабоқ олган мактабда ёш авлод вакилларига она тили ва адабиёти фанидан дарс беришдан бошлади. Самарали хизматлари эътироф этила бошлаган ижодкор ўқитувчи Fози Раҳмон маънавий-маърифий, ўқув-тарбия ишлари бўйича директор ўринбосари, мактаб раҳбари лавозимларида меҳнат қилди.

Табиат меҳри – ижод сеҳри

Инсон табиатнинг бир бўлаги, деган эди донолардан бири. Иккаласини бир-биридан ажратиб бўлмайди, албатта. Қачонки табиатга меҳр бериб, уни севиб ардоқларкансиз, у ҳам сизга беназир туҳфаларини тортиқ этади. Табиатнинг чин шайдоси бўлган Fози Раҳмон болалигидан атроф-муҳит гўзаллигига, сирларига ошно тутинди. Ўқувчилик йилларидаёқ табиат ва унинг ажойиботлари ҳақида бир-биридан қизиқ мақола, ҳикоя ва шеърлар ёза бошлади. Бора-бора унинг жўшқин ижоди кенг қулоч ёйди. Туман, вилоят, республика нашрларида ижодий ишлари чоп этила бошланди. Кўп ўтмай, марказий нашрлар, жумладан, «Ўзбекистон овози», «Инсон ва қонун», «»Куч – адолатда», «Спорт» ва «Эко олам» сингари газеталарда вилоят мухбири бўлиб фаолият юритишни бошлади. Ўтган йиллар мобайнида нашр этилган «Чумолилар сўқмоғи», «Меҳрим сенга, табиат», «Мувозанат тарозиси», «Соҳибқирон юртининг полвонлари», «Эна Сўз», «Лангар ота тарихи» ва «Булбул қанотидаги битиклар» каби 20 дан ортиқ китоблари мухлислар қалбидан жой олди.

Масъулият ва фахр-ифтихор

Серқирра ижодкор, журналист ва ёзувчи Fози Раҳмон фаолияти давомида қатор ютуқларни қўлга киритди. «Халқ таълими аълочиси» унвони, «Эл-юрт ҳурмати» ордени, «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 20 йиллиги» ва «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллиги» кўкрак нишонлари билан тақдирланди, Турон фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланиши эса адибни янада масъулият, фахр-ифтихор билан мазмунли ижод қилишга ундамоқда.

Маърифатпарвар ижодкор ўқувчи ёшлар ва қишлоқдошлари бўш вақтларини мутолаа билан янада мазмунли ўтказишлари учун қишлоқда мўъжаз кутубхона, унинг ёнида эса Лангар қишлоқ тарихи музейини ташкил этди. Академик ижодкор нафақат ишда, ижодда, балки оилавий ҳаётда ҳам кўпчиликка намуна кўрсатиб келмоқда. Турмуш ўртоғи Муяссар ая билан олти нафар фарзандни вояга етказиб, уларни уйли-жойли қилишди. Фарзандлари Илҳом ва Акбар Раҳмоновлар ота изидан бориб, республика ва вилоят матбуотида самарали меҳнат қилишмоқда. Бугун 30 нафардан ортиқ невара ва 4 нафар чеваранинг бобоси бўлган Fози Раҳмон элнинг ардоғида, шукроналикда умр­гузаронлик қилмоқда.

Лочин ЭЛМУҲАММАД