«САДОҚАТ»ГА САДОҚАТ

«САДОҚАТ»ГА САДОҚАТ

Noyabr 10, 2021 0 By admin

Исмга фамилияни қўшиб мурожаат этиш ёши каттароқ, бирор касбнинг танилган кишиларига нисбатан ишлатиладиган атама бўлиб қолган. Муҳиддин Жўраев бу ҳурматга ўқувчилик кезларидаёқ сазовор бўлган, десак, асло муболағага йўйманг.

Муҳиддин ўқувчилик кезларидаёқ Касби туман газетасининг жамоатчи мухбири сифатида қишлоқ ҳаёти, мактаблар фаолияти, турли касб эгалари ҳақидаги хабар, мақола ва лавҳалари билан газета саҳифаларида тез-тез кўриниб турарди. Дарслардаги фаолликдан ташқари, мактабда ўтказиладиган тадбирларни ташкил этишда қатнашар, айниқса, мактаб футбол жамоаси сардори сифатида футбол машғулотларини канда қилмасди. Булардан ортиб деярли ҳар куни «Майманоқ» қишлоқ алоқа бўлимига йўл оларди. Чунки, бу ерга кечга яқин қапталига «ПОЧТА» деб ёзилган юк машинаси келар, алоқа бўлми ходимлари даста-даста газета ва журналларни, мактублар битилган халтжилдларни, жўнатмаларни қабул қилиб олишарди. Муҳиддин эпчил ва чаққон эмасми, юкларни ичкарига ташишга ёрдамлашиш асносида алоқачиларнинг «қадрдони»га айланиб қолганди. У ўзи ёқтирган матбуот нашрларини завқ билан мутолаа қиларди. Шу тариқа ўқиш ва ўрганиш, ёзганларини тез-тез матбуотда чоп этилиши унинг журналистика касбига бўлган қизиқишини ошира борди.

Инсон ўз мақсади йўлида изланса, йўллар очила бораркан. Мактабни тугатгач, матбуотга бўлган кучли ҳавас боис Муҳиддин Майманоқ қишлоғидан чамаси 50 чақирим узоқликда жойлашган Бешкент шаҳридаги қариндошлариникида истиқомат қилиб, Қарши туман босмахонасида ишлаган пайтларини ҳозир ширин энтикиш билан эслайди. Ёзганларини газета саҳифаларида кўриб, қайта ва қайта ўқиб завқланган Муҳиддин ўшанда мабуот ва матбаа ишларининг сирларини, машаққатларини дилдан ҳис этди. Газетачиликнинг бир қараганда осондек туюлган, аммо чуқур билим, зийраклик, масъулият, истеъдод, ижодий маҳорат ва меҳнат талаб этиладиган юмушларини сидқидилдан бажаришга интилди. Ҳатто, ҳарбий хизматда бўлган чоғларида ҳам қоғоз ва қалам Муҳиддин Жўраевнинг ҳамроҳи бўлди. Аскарлар ҳаёти акс эттирилган мақолалари билан газеталарда фаол қатнашди.

Ҳарбий хизмат ҳам тугади. Кўп ўтмай Касби туман газетасининг ўша пайтдаги бош муҳаррири, таниқли журналист, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси Жўра Юсупов майманоқлик истеъдодли мухбирни излаб топди ва гап орасида Муҳиддин Жўраевни таҳририятга ишга таклиф этди. Кутилмаган таклиф Муҳиддинни ҳаяжонлантириб юборди:

 – Ахир, журналистлик дипломим бўлмаса…

– Ҳечқиси йўқ, Муҳиддинбой, – дея шогирдининг гапини бўлди Жўра Юсупов, – Яхшигина қаламингиз бор. Бизга сизга ўхшаган ёш, чаққон, билимли ва қобилиятли қаламкашлар керак. Таклифимга кўнсангиз, кам бўлмайсиз. Ҳали ёшсиз, ўқиш қочиб кетмайди…

Шундай қилиб Муҳиддин Жўраев «Садоқат» газетасти таҳририятида мусаҳҳиҳ бўлиб ишлай бошлади. Иш жараёнида Жўра Йўлбарсов, Мавлон Бобожонов, Эргаш Мусаев, Эшпўлат Жабборов, Карим Пардаев, Файзулла Ҳожиев, Болта Камолов, Ҳасан Маҳмудов, Бахтиёр Ражабов каби тажрибали журналистлардан касб маҳоратини ўргана борди. Муҳиддин Жўраев имзоси билан чоп этилган турли мавзудаги лавҳа ва очерклар газетхонлар томонидан илиқ кутиб олинди. Давлат ва халқ манфаатидан шахсий манфаатини устун қўювчи мансабдорлар, кўзмўямачи ҳамда олғирларни фош қилувчи танқидий материалларидаги далиллар ўз вақтида тасдиғини топди.

Тиниб-тинчимас журналист Муҳиддин Жўраев ижодий тажрибасини ошира бориб, туман газетасида мухбир, бўлим мудири, масъул котиб лавозимларида фаолиятини давом эттирди. Шу орада унинг болалик орзуси амалга ошди. Ишдан ажралмаган ҳолда Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетида таҳсил олди. Ўқиди, Изланди. Бу саъй-ҳаракатлари бесамар кетмади. Газетачиликнинг пешқадам вакилларидан бирига айланди. Йигирма йилдан ортиқ вақт «Садоқат» газетасининг бош муҳаррири сифатида ижодий жамоага раҳбарлик қилди.

– Газетамиз Мустақиллик йилларида мазмун ва сифат жиҳатидан анча шаклланди, – дейди, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси, «Ўзбекистон Мустақиллигига 20 йил» кўкрак нишони соҳиби Муҳиддин Жўраев, – Замонавий комьютерлар ишимизни енгиллаштирди. Худо раҳмат қилсин Шариф Ҳасанов, сураткаш-мухбир Очил Султонов, иш юритувчи Дилором Саиднабиева газетани ранг-баранг, қизиқарли чоп этилишига ҳисса қўшишди. Газетамизнинг жамоатчи мухбирлари сафи кенгайди. Ҳар байрамда газетамизнинг махсус сонлари рангли кўринишда босилди. Ҳозир газетамизга шу жамоада қалами чархланган шогирдим, «Энг улуғ, энг азиз» танловининг республика босқичи ғолиби Зиёдулла Халилов бош муҳаррирлик қилаяпти. Газетанинг ҳар бир сонини интиқлиқ билан кутаман. Ижодкор дўстларимиз, шогирдларимиз билан суҳбатлашганда дил яйрайди. Шунда ижод, қалам ва қоғоз, матбуот менинг ҳаётий ҳамроҳим эканлигига амин бўламан.

Муҳиддин Жўраев бахтли оила бошлиғи. Рафиқаси Марҳабо Рустамова билан бирга фарзандларини эл-юрт корига ярайдиган инсонлар қилиб вояга етказишди.

Оила аъзолари, оға-инилари, қадрдон дўстлари, ҳамкасблари ва бугунги кунда вилоят ва республика оммавий ахборот воситаларида меҳнат қилаётган шогирдлари ўз касбининг фидойиси бўлган устоз журналист Муҳиддин Жўраевни табаррук 60 ёши билан қутлашаяпти.

Дўстимиз ва касбдошимиз Муҳиддин Жўраевга соғлик-омонлик, узоқ умр, ижодий муваффақиятлар, қувончлар ҳамиша ҳамроҳ бўлишини тилаймиз!

Абдулла АЙИЗОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.