СОЛИҚЛАРНИ ТЎЛАШНИ КЕЧИКТИРИШ ҲУҚУҚИ БЕРИЛДИ

СОЛИҚЛАРНИ ТЎЛАШНИ КЕЧИКТИРИШ ҲУҚУҚИ БЕРИЛДИ

Noyabr 10, 2021 0 By admin

Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2021 йилнинг 2 ноябр куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маҳаллий ва хорижий инвесторлар томонидан солиқларни тўлашни кечиктириш механизмларини такомиллаштириш тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди.

Ушбу ҳужжат билан, 2022-йил 1-январдан тадбиркорлик субектларига умумий майдони 1 000 квадрат метрдан ортиқ бўлган ер участкалари, бино ва иншоотларга нисбатан мулк ҳуқуқини қўлга киритганда мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича ҳисобланган солиқларни тўлашни 6 ой муддатга кечиктириш ҳуқуқи берилади.

Давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар, ер қаъридан фойдаланувчилар ва аксиз ости маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар бундан мустасно.

Қарорга кўра  кечиктириган солиқлар суммаси давлат рўйхатидан ўтказилган ер участкалари, бино иншоотлари қийматидан келиб чиқиб ҳисобланган солиқлар миқдорида белгиланади.

Солиқларни тўлашни кечиктириш мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 3 ой муддат ичида давлат солиқ хизмати органларини хабардор қилган ва унинг тўланишини таъминлаш (гаров) талаб этилмаган ҳолда амалга оширилади.

Солиқларни тўлашни кечиктиришнинг амал қилиш муддати хабарнома юборилган кундан бошлаб ҳисобланади ҳамда унинг тугаган санасидан бошлаб кечиктирилган солиқ суммаси ҳисобланган фоизлар билан бирга тенг улушларда бир йил давомида тўлаб берилади. Тўлов муддатларини ўзгартириш имкониятини беришдан фойдаланганлик учун фоизлар солиқлар кечиктирилган санадан бошлаб Марказий банк асосий ставкасининг 50 фоизи миқдорида ҳисобланади.

Ер участкаси, бино ва иншоотлар солиқ тўловларини кечиктириш муддати давомида сотилган ёки ижарага берилган тақдирда, мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича кечиктириш муддати давомида ҳисобланган солиқ суммаси тўлиқ миқдорда ундирилади.

Солиқ қонунчилигини бузиш хавфи юқори бўлган солиқ тўловчилар гуруҳига киритилган тадбиркорлик субектларига солиқларни тўлашни кечиктириш тақдим этилмайди.

З. САЛОМОВА, ВДСБ ходими