ЎЗИНИ ЎЗИ БАНД ҚИЛГАНЛАР ИШИ ТЎFРИСИДА 15 ТА МУҲИМ САВОЛ

ЎЗИНИ ЎЗИ БАНД ҚИЛГАНЛАР ИШИ ТЎFРИСИДА 15 ТА МУҲИМ САВОЛ

Noyabr 10, 2021 0 By admin

Амалиётда «ўзини ўзи банд қилган шахс» мақомига эга тадбиркорлар фаолиятини ташкил этиш, улар билан ўзаро ҳисоб-китоб қилиш ва уларга солиқ солиш бўйича талай саволлар юзага келади. Buxgalter.uz илтимосига биноан уларга Profi Training бизнес-тренери  Юлия ПАКИДИШЕВА (ACCA DipIFR, CAP) жавоб берди:

1. Қандай қилиб ўзини ўзи банд қилганлар кўрсатилган хизматлар учун тўловни қабул қилади?

– Ўзини ўзи банд қилган шахсларни шартнома шартларига ёки иш муомаласи одатларига асосланган хизматлар кўрсатиш ва ишларни бажариш бўйича фаолиятга жалб қиладиган жисмоний ва юридик шахслар буюртмачилар бўлишлари мумкин.

Ўзини ўзи банд қилган шахс ўз хизматлари учун тўловларни қуйидаги тарзда қабул қилишлари мумкин:

–    нақд пул билан – назорат-касса техникасидан фойдаланган ҳолда

–    ҳар қандай мобиль тўлов тизимлари орқали – Сlick, Payme, Apelsin ва ҳ.к.;

–    тўлов терминали орқали – банк билан шартнома асосида;

–    хизмат кўрсатувчи банкда очилган депозит ҳисобварақ орқали.

2. Ўзини ўзи банд қилган шахслар қандай ҳужжат айланишини юритишади, ўз хизматлари кўрсатилганлигини қандай тасдиқлашади?

Ўзини ўзи банд қилган шахсларда ҳужжат айланишини юритиш бўйича мажбуриятлар мавжуд эмас. Улар ҳисобот топширишмайди, ўз даромадлари ва тушумларини ҳужжат билан тасдиқлашлари шарт эмас.

Буюртмачи билан эҳтимолий келишмовчилик ҳолатига ўз хавфсизликлари учун ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳужжат айланишининг ўз вариантларини ишлаб чиқишлари мумкин. Масалан,  тилхат шакллари, бажарилган ишларни, кўрсатилган хизматларни  тасдиқлаш шакллари бўлиши мумкин. Бажарувчи ва буюртмачи уларда бир-бирига эътирозлар йўқлиги юзасидан ҳужжатларни имзолайдилар.

Агар хизматларни олувчи – юридик шахс бўлса, у билан шартнома тузиш зарур.  Ўзини ўзи банд қилган шахслар «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонунни асос қилиб олиб, хўжалик шартномасининг ўз шаклларини ишлаб чиқишлари ёки буюртмачининг юридик хизматидан бундай шартномани расмийлаштиришни сўрашлари мумкин.

Юридик шахс бўлган буюртмачидан пул олинганлигини депозит ҳисобварағидан банк кўчирмаси тасдиқлайди.

Агар хизматларга буюртмачининг корпоратив картаси орқали ҳақ тўланса, ўзини ўзи банд қилган шахс тўлов терминали чекини беради.

3. Ўзини ўзи банд қилган тадбиркорнинг буюртмачиси унинг солиқ агентига айланадими?

Агар корхона ўзини ўзи банд қилган шахс билан шартнома тузса, унинг ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳномасини текширинг.

Жисмоний шахсга бажарилган ишлар учун тўловни ўтказган ҳолда, юридик шахс солиқ агентига айланади ва ЖШДСни ушлаб қолиши ёки солиқ органига даромад тўланаётган жисмоний шахслар юзасидан маълумотлар бериши шарт . Агар ўзини ўзи банд қилган шахс ўзининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномасини тақдим этса, юридик шахсда бундай мажбурият юзага келмайди.

4. Юридик шахс қандай ҳужжат билан ўзини ўзи банд қилган шахсга амалга оширган ўзининг тўловини «ёпади»?

Юридик шахсга ўзини ўзи банд қилган шахсдан хизматларни қабул қилиш учун бажарилган ишлар далолатномаси шаклини ишлаб чиқиш тавсия қилинади.

Ўзини ўзи банд қилган шахс my.soliq.uz даги ўзининг шахсий кабинети орқали юридик шахс бўлган буюртмачи номига ЭҲФ тақдим этиши мумкин. ЭҲФда бажарувчи кўрсатган хизматлар тури бўйича МХИК коди аниқ кўрсатилган бўлиши керак.

5. Ўзини ўзи банд қилган шахс хорижий буюртмачилар билан ишлаши мумкинми?

Ўзини ўзи банд қилган шахс нафақат маҳаллий бозорда хизматлар кўрсатиши мумкин. Агар унинг хориждаги буюртмачилари мавжуд бўлса, у хорижий ҳамкорлари (жисмоний ва юридик шахслар) билан Интернет тармоғида оммавий оферта жойлаштириш йўли билан контрактлар тузиши мумкин.

Хизматлар учун контрактлар Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимида рўйхатга олинмайди . Хорижий буюртмачилардан валютада олинган пул маблағларидан ўзини ўзи банд қилган шахс ўз ихтиёрига кўра фойдаланади – банкда нақдлаштиради ёки депозит ҳисобварағида сақлайди.

6. Ўзини ўзи  банд қилган шахс Ўзбекистон резиденти эканлигини қандай тасдиқлаш мумкин?

Агар хорижий ҳамкор резидентлик мақоми тўғрисида малумотномани талаб қилса, ўзини ўзи банд қилган тадбиркор  уни my.soliq.uz даги жисмоний шахснинг шахсий кабинети орқали олиши мумкин.

7. Ўзини ўзи  банд қилган шахс ўз хизматларини қаерда кўрсатиши мумкин?

Ўзини ўзи  банд қилган шахслар хизматларни ҳар қандай жойда – ўз танловига кўра ёки буюртмачининг талабига биноан кўрсатиши мумкин.

Мисол учун, ўзини ўзи  банд қилган репетитор:

–    уйида ўқувчиларни қабул қилиши;

–    буюртмачига офисга ёки хусусий шахсга унинг уйига бориши;

–    нуфузли бўлиши учун офисни ижарага олиши ва унда хизматлар кўрсатиши;

–    жаҳоннинг исталган нуқтасидан online шуғулланиши мумкин.

Агар ўзини ўзи  банд қилган шахс сартарошлик хизматларини кўрсатса, у:

–    ўз уйида ёки мижозининг уйида ишлаши;

–    салонда иш жойини (кресло) ижарага олиши ва у ерда ўз мижозларига хизмат кўрсатиши мумкин.

Бунда салон раҳбарияти ўзини ўзи  банд қилган шахс билан меҳнат ёки фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятдаги шартнома тузиши, унинг учун солиқлар тўлаши шарт эмас. Шунингдек салон ўзини ўзи  банд қилган шахснинг тушумини инкассация қилмайди. Бу – унинг даромади, у уни ўзи тасарруф этади.

8.  Ўзини ўзи  банд қилган шахс даромадининг миқдори тартибга солинадими?

Ўзини ўзи  банд қилган шахс даромадининг миқдори ҳеч ким томонидан тартибга солинмайди. У қанча ишлаб топса, ҳаммаси ўзининг «кармонида» қолади. Агар ишлаб топмаса – жисмоний шахс даромадсиз қолади. Ўзини ўзи  банд қилган шахснинг даромадлари жисмоний шахснинг жами даромадига қўшилмайди, ЖШДС солинмайди.

9. Агар ўзини ўзи банд қилган шахс банкдан истеъмол кредитини олишни истаса, даромад миқдори қандай тасдиқланади?

Бажарилган хизматлар ва олинган даромадлар тўғрисидаги ахборотни ўзини ўзи банд қилган шахс «Soliq» мобиль иловасига киритиши мумкин. У ерда жисмоний ёки юридик шахслардан олинган суммалар қайд этилади. Ушбу маълумотлар асосида олинган даромадлар тўғрисида маълумотномани шакллантириш ва чоп этиш мумкин.

Шунингдек, ўз даромадларини тасдиқлаш учун ўзини ўзи банд қилган шахс ихтиёрий асосда жами даромад тўғрисида декларация топшириши мумкин .

10. Ўзини ўзи банд қилган шахснинг касаллик варақасига ҳақ тўланадими?

Агар ўзини ўзи банд қилган шахс бетоб бўлса ва иш қобилиятини йўқотса, касаллик варақасига унга ҳеч ким ҳақ тўламайди. Ахир у ўзига ўзи ҳам иш берувчи, ҳам директор, ҳам ходимку. Таътил пулини ҳам унга ҳеч ким тўламайди.

11. Агар ўзини ўзи банд қилган шахс таътилга чиқса, буюртмачиларни йўқотмаслик учун у ўзига ўринбосар тайинлаши мумкинми?

Ўзини ўзи банд қилган шахслар ўз ишларига ёрдамчиларни жалб қилишга ҳақли эмаслар. Улар мустақил равишда ишлайдилар .

12. Ўзини ўзи банд қилган шахс қандай фаолият турлари билан шуғулланиши мумкин?

Тадбиркорларнинг ушбу тоифаси учун фаолият турлари рўйхати – ёпиқ. Масалан, ўзини ўзи банд қилган шахслар улгуржи савдо ёки товарларни оммавий ишлаб чиқариш билан шуғулланишлари мумкин эмас.

Рухсат этилган фаолият турларининг бутун рўйхати билан махсус Рўйхатда танишиш мумкин.

13. Ўзини ўзи банд қилган шахс параллел равишда меҳнат ёки фуқаролик шартномаси бўйича ишлаши мумкинми?

Агар бўш вақт ва бошқа ресурслар ўзини ўзи банд қилган шахсга меҳнат шартномаси бўйича ҳам иш вазифаларини бажариш имконини берса, у ўз малакаси ва маълумоти бўйича асосий иш жойи бўйича ишга жойлашиши мумкин.

Масалан, ўзини ўзи банд қилган шахс таржимон сифатида рўйхатдан ўтган. Шунингдек, унда  ҳафтада 20 соат турфирмада асосий иш жойи бўйича таржимон бўлиб ишлаш имконияти мавжуд.

Бу ҳолда жисмоний шахснинг даромадига:

–    ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида – ЖШДС солинмайди;

–    асосий иш жойи бўйича – 12% ставка бўйича ЖШДС солинади.

14. Қайси ёшдан ўзини ўзи банд қилган шахс мақомини олиш мумкин?

Ўзини ўзи банд қилган шахс мақомини меҳнатга қобилиятли ёшдаги ҳар қандай жисмоний шахс олиши мумкин.

МКга асосан 16 ёшдан ишга қўйилади .

15. Ўзини ўзи банд қилган шахсга солиқ солиш?

Ўзини ўзи банд қилган шахсларга солиқ солиш деярли нолга келтирилган. У давлатга ҳеч қандай солиқлар, мажбурий ажратмаларни тўламайди, солиқлар бўйича ҳеч қандай ҳисоб-китобларни топширмайди:

–    ЖШДС қисмида – ўзини ўзи банд қилган шахснинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлар жисмоний шахснинг солиқ солинадиган даромадлари сифатида ҳисобланмайди .

–    ШЖБПҲни ҳам, тегишинча, у тўламайди;

–    ижтимоий солиқ – ҳисобот даврининг 1 декабрига қадар ихтиёрий асосда тўлов санасида камида 1 БҲМ миқдорида тўлайди .

Ижтимоий солиқ, масалан, юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорлардаги каби ойма-ой ҳисоблаб чиқарилмайди. Агар, масалан, жисмоний шахс ўз гувоҳномасини 2021 йил 1 декабрдан кейин бекор қилишга қарор қилса, у томондан 2021 йил учун бюджетга ихтиёрий асосда тўланган ижтимоий солиқ суммаси қайта ҳисоб-китоб қилинмайди ва қайтариб берилмайди.

Тўланган ижтимоий солиқ суммаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига йўналтирилади. Мазкур суммадан ўзини ўзи банд қилган шахснинг пенсияси учун иш ҳақи миқдори аниқланади.

Манба: Buxgalter uz