ХАЛҚ МАЪМУРЧИЛИГИ — ҲАР БИР РАҲБАР ЭЪТИБОРИДА

ХАЛҚ МАЪМУРЧИЛИГИ — ҲАР БИР РАҲБАР ЭЪТИБОРИДА

Yanvar 3, 2018 0 By admin

Туманимизда икки юз минг нафардан ортиқ аҳоли яшайди. Улар истиқомат қилаётган қирқ мингдан ортиқ хонадонларнинг аксариятига секторлар ишчи гуруҳи аъзолари билан ташриф буюриб, ҳақиқий ҳолат билан танишдик. Аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар давомида уларни қийнаётган муаммолар ўрганиб  чиқилди ва камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Ўтган йил давомида 4744 та иш ўринлари яратилиб, фуқаролар ишга жойлаштирилди. Туманда 745 та боғдорчилик, 29 та балиқчилик, 5 та асаларичилик, 258 та пахтачилик, 254 та ғаллачилик фермер хўжаликлари фаолият кўрсатади. Туманнинг сўлим табиати боғлардан сифатли ва мўл ҳосил олиш имкониятини яратмоқда. Энг қувонарли томони шундаки, етиштирилган мевалар нафақат юртимиз бозорларига, балки қўшни давлатларга ҳам етказиб берилмоқда. Балиқчилик ва асаларичиликда  ҳам дилқувонар натижаларга эришиб келинмоқда. 4 та товуқчилик фермасида тайёрланаётган маҳсулотлар ҳам арзон нархда аҳолига етказиб бериш билан бирга чет давлатларга ҳам экспорт қилмоқда. Биргина Муҳиддин Умидов раҳбарлик билаётган «ЭКО парранда» масъулияти чекланган жамиятида 55 минг бош она товуқлар парваришланмоқда. Бу масканда ҳар куни 40 минг донадан ортиқ тухум олинаяпти. Тухумларнинг бир қисми чет давлатларга сотилмоқда. Жамият ўтган йилда 500 минг долларлик тухум экспорт қилди. Жорий йилда экспорт хажмини кўпайтириш режалаштирилган.

Яқинда ташкил этилган «Кеш нур макони» МЧЖда  ҳам ишлар авжида. Абдуҳамид Эгамбердиев раҳбарлик қилаётган ушбу жамиятда 1,5 гектар майдонда иссиқхона ташкил этилди. 30 нафар киши иш билан таъминланди. Яқин кунлар ичида 200 тоннадан ортиқ помидор ва бодринг халқимиз дастурхонига етказиб берилади.

Мамлакатимиз ривожи, халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши юртимизда тадбиркорликнинг тараққий этишига кўп жиҳатдан боғлиқлигини яхши биламиз. Шу боис, туманимизда тадбиркорларга қулайлик яратиш, томорқалардан унумли фойдаланишни ташкил этишга ҳам алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Сектор раҳбарлари томонидан ўз ҳудудидаги деҳқон хўжаликларидан, томорқа учун ажратилган ерлардан унумли фойдаланиш, мева-сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик ва бошқа фаолият турларини ривожлантириш учун кўмаклашиш  самарали ташкил этилаётганлиги ўз натижасини бермоқда. Мева-сабзавотчилик соҳасида амалга оширилган ижобий ишлар натижасида 71 минг тоннадан ортиқ маҳсулот тайёрланди. Қишлоқ хўжалиги соҳасида қиймати  40 миллард сўмлик 67 та лойиҳа ишга туширилиб, банклар томонидан 16 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди. Жумладан, 560 та қорамол, 150 бош қўй, 114 минг бош парранда, 550 бош қуёнларни боқиш, 120 та асалари оиласини парваришлаш йўлга қўйилди, балиқчиликни ривожлантириш учун 3 гектар сув ҳавзаси фойдаланишга топширилди.

Сектор раҳбарлари томонидан ҳудудлардаги фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро  ҳамкорликда вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида профилактика ишлари ташкил этиш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича жойлардаги маҳалла фаоллари билан ўтказилган 246 та учрашувда тушунтириш ишлари олиб борилиб, мавжуд муаммоларнинг ечимини топилиши ҳисобига  жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг кескин камайишига эришилди.

Бундан ташқари, 110 нафардан ортиқ аҳоли ижтимоий ҳимояга олиниб, муҳтожлар, ногиронлиги бўлган фуқаролар, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам берилди, 50 нафари доимий иш жойи билан таъминланди. Тиббий ёрдамга муҳтож 1075 нафар фуқарога тезкор муолажалар қилиниб, зарур дори-дармонлар етказиб берилди.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида илк фаолиятини бошлашда муаммоларга дуч келган 5 нафар тадбиркорга ўз бизнесларини йўлга қўйишлари учун барча шарт-шароитлар яратилди. 36458 нафар фуқароларнинг томорқаларидан фойдаланишлари учун ёрдамлар кўрсатилди. Шунингдек,  95 нафар фуқароларнинг уйлари таъмирланиб, коммунал шароити яхшиланди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган эзгу ишлар халқимизнинг бахт-саодати, яшаш шароитини яхшилаш ва ободонлаштиришга қаратилган. Бу хайрли ишлардан туманимиз аҳолиси ҳам баҳраманд бўлаётганлиги ҳар жабҳада намоён бўлмоқда. Азалдан номи дунёга танилган Шаҳрисабзни янада машҳур қилиш, одамлар ҳаётини янада фаровонлаштириш учун олиб бораётган ҳаракатларимизни кенг миқёсда давом эттирамиз. Чунки, юрт обод бўлса,  эл фаровонлиги ортса, халқнинг бахтли турмуш кечириши кафолатланади.

 

Холбобо БОЗОРОВ,

Шаҳрисабз тумани ҳокими