АДОЛАТ – ОДИЛ СУДЛОВНИНГ БОШ МЕЗОНИ

АДОЛАТ – ОДИЛ СУДЛОВНИНГ БОШ МЕЗОНИ

Noyabr 10, 2021 0 By admin

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу эса суд мустақиллигини таъминлаш ва одил судловни қарор топтиришга хизмат қилмоқда.

Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг таъбири билан айтганда, Адолат бу-давлатчиликнинг мустақил пойдеворидир. Адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди.

Хусусан, судловни амалга ошириш судьялардан махсус билим ва тажрибадан ташқари юксак маънавий ёндашув ва масъулиятни талаб этади. Чунки суднинг кичик бўлса-да, ҳар қандай хатоси фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинлигига зарар етказади.

Адолат бу, ҳозирги замон талаби эмас, балки бу тарихий ҳақиқатдир.

Искандар Румий ўз душманига қарши урушга борадиган бўлади. Аъёнлари унга: -Эй подшоҳ, ҳозир душман сергак ва ҳушёр, унга кечаси ҳужум қилайлик,-дейдилар. Аъёнларнинг бу сўзларига Искандар: -Мен ўғри эмасман, саркардаман. Ўғрилик билан ғалаба қилиш менга уят,-деб жавоб беради.

Адолат нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, нима учун судья ҳалол ва пок бўлса, қарор қабул қилишда иккиланиши ёки ҳадиксираши керак.

Ҳозирги кунда судьяларнинг ўз ишларига маъсулият билан ёндашиб, қўрқмасдан мустақил қабул қилишларини амалий мисол тариқасида кўриб чиқадиган бўлсак, аризачи А. Р. маъмурий судга мурожаат қилиб, Косон туман ҳокимининг 2021 йилдаги қарорини ҳақиқий эмас, деб топишни сўраган.

Мазкур иш Қарши туманлараро маъмурий судида 2021 йилда кўрилиб, суднинг ҳал қилув қарорига кўра, аризачи А. Р.нинг аризаси қаноатлантирилиб, Косон туман ҳокимининг 2021 йил 8 февралдаги қарори ҳақиқий эмас, деб топилган. Қарордан норози бўлиб, учинчи шахс F.Э.  апелляция шикояти бериб, А. Р.нинг аризаси рад қилиниб, янги қарор қабул қилинишини сўраган.

Мазкур иш Қашқадарё вилоят  судининг апелляция инстанциясида кўрилиб, Қарши туманлараро маъмурий судининг 2021 йилдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Ҳақиқатдан ҳам биргина маъмурий органнинг нотўғри қарор қабул қилиши оқибатида ҳақли равишда норозилик кайфияти юзага келган. Аммо, фуқароларнинг идорама-идора юришига барҳам берилиб, одил судлов томонидан ҳоким қарори қонуннинг бир нечта нормаларига зид равишда қабул қилинганлиги сабабли ҳақиқий эмас, деб топилди.

Хулоса қилиб айтганда, судда адолат қарор топиб, аризачи А. Р.нинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатлари тикланди.

Аризачи А. Р. судьяларнинг қонуний ва асосли қарор қабул қилганидан мамнун бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Олий судга миннатдорчилик хатлари йўллаб, ҳозирги кунда суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, судьяларнинг қонуний, асосли ва адолатли қарорлари хусусида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирган.

Буюк бобокалонимиз ҳазрат Алишер Навоий «Маҳбуб ул-қулуб» асарида одил судловни амалга оширувчи қози, яъни судья ҳақида шундай таъриф келтирган: «Қози мусулмонларнинг яхши ва ёмон ишлари юзасидан ҳукм чиқарувчидир… Қозининг маҳкамаси шариат илмининг хазинаси бўлмоғи; у ҳукм вақтида ошнога ҳам, бегонага ҳам бир савияда қарамоғи лозим… Қози қонун йўлидан бир қадам ҳам тоймаслиги – тўғри йўлдан чиқмаслиги лозим… Модомики, ҳукм элнинг моли ва жонига тааллуқли экан, қозининг шиори тўғрилик ва адолат бўлмоғи лозим».

Мазкур фикрлар ҳозир ҳам долзарб. Зеро, одил судлов-инсоният маънавияти ва маданияти эришган бебаҳо маърифий қадриятдир.

А. МУҲИДДИНОВ,

Қарши туманлараро маъмурий судининг судьяси.