САЙЁР ҚАБУЛНИНГ АМАЛИЙ НАТИЖАЛАРИ

САЙЁР ҚАБУЛНИНГ АМАЛИЙ НАТИЖАЛАРИ

Oktabr 14, 2021 0 By admin

Аҳоли мурожаатларини тинглаш, уларга ечим топиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади. Жойларда ўтказилаётган сайёр қабуллар айнан шу мақсадга хизмат қилиши билан муҳим аҳамият касб этади.

Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Шуҳрат Ражабов Косон туманида сайёр қабул ўтказди.

Унда жами 17 нафар фуқаролардан 20 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушди. Тижорат банкларидан кредит олиш, субсидия ажратиш бандлик масалалари шулар жумласидандир.

– Бугунги кунда ишсизман, – дейди ўз мурожаатида  Дилрабо Тўлаганова.- Тикувчилик билан шуғулланиш ниятим бор. Тикиш машинаси олишда амалий ёрдам сўрадим.

Мурожаат сектор раҳбарлари томонидан қаноатлантирилиб, фуқарога тикув машинаси ажратилди.

Косон тумани «Равот» маҳалласи «Хўжа Ахрор Валий» кўчаси 28-уйда яшовчи фуқаро Дилором Ахадуллаеванинг мурожаати ҳам айнан шу мавзуда бўлди. У тикувчилик билан шуғулланиши учун тикув машинаси олишда амалий ёрдам сўради. Мурожаат шу ернинг ўзида ҳал этилди.

Косон тумани «Регзор» маҳалласи «Бунёдкор» кўчаси 3-уйда яшовчи фуқаро Жўрақул  Раупов мурожаат қилиб, фарзандининг олий ўқув юртида таҳсили учун таълим кредити олишда амалий ёрдам сўради. Ушбу мурожаат юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Сайёр қабул давомида мурожаат қилган  Косон тумани «Равот» МФЙ «Янги ҳаёт» кўчаси 33-уйда яшовчи Зуҳра Примова тадбиркорлик билан шуғулланиш истаги борлигини, шу мақсадда субсидия асосида электр печ ажратишда амалий ёрдам сўради. Мурожаат ижобий ҳал этилди.

Шунингдек, Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Шуҳрат Ражабов Косон тумани давлат солиқ инспекциясида туманда фаолият олиб борувчи тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан учрашди. Уларни қийнаётган масалалар юзасидан фикр алмашиб, муаммоларига қулоқ тутди.

Солиқ қонунчилигидаги янгиликлар юзасидан маълумотлар бериб ўтди, тадбиркорларни қизиқтирган барча саволларига жавоблар қайтарди.

Бу каби қабуллар аҳолини қийнаб келаётган масалаларга вақтида ечим топишда муҳим аҳамият касб этади.

З.КЕЛДИЁРОВ,

ВДСБ ходими