БЛОГЕР ВА ЖУРНАЛИСТЛАР ИШТИРОКИДА ПРЕСС-ТУР БЎЛИБ ЎТДИ

БЛОГЕР ВА ЖУРНАЛИСТЛАР ИШТИРОКИДА ПРЕСС-ТУР БЎЛИБ ЎТДИ

Sentabr 14, 2021 0 By admin

Шу кунларда 24 октябрь куни мамлакатимизда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Барча сайлов участкалари белгиланиб, сайловчилар учун ҳамма шароитлар ҳозирлаб қўйилмоқда.

Қашқадарё вилояти IV-сектор ҳудудидаги сайлов участкаларида ушбу муҳим сиёсий тадбирга тайёргарлик ишларининг боришини кўздан кечириш мақсадида Қашқадарё вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи, вилоят IV-сектор раҳбари ташаббуси билан вилоятдаги блогер ва журналистлар иштирокида пресс-тур ўтказилди. Унда ОАВ ходимлари IV-сектор ҳудудидаги сайлов участкаларида олиб борилаётган сайловга тайёргарлик ишлари билан бевосита яқиндан танишдилар.

Шунингдек, пресс-тур давомида вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, вилоят IV-сектор раҳбари Алишер Қодиров сайловга тайёргарлик ишлари ҳамда вилоят солиқ идоралари фаолиятига оид журналистларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб берди.

Пресс-тур иштирокчилари ҳамда журналист ва блогерлар, Қарши шаҳар 9-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби биносида жойлашган 70-сайлов участкасида бўлиб,  Ўзбекистон республикаси Президенти сайловига тайёргарлик қай даража эканлигини кўздан кечиришди.

Шунингдек, улар Қарши шаҳар 42-сонли информатика ва ахборот технологияларига ихтисослаштирилган таянч мактабида жойлашган сайлов участкасида бўлиб, у ерда олиб борилаётган сайловга тайёргарлик ишлари билан танишдилар.

Пресс-тур қатнашчилари Қарши шаҳридаги IV-сектор ҳудудида ташкил этилган “Шайхали” маҳалла фуқаролар йиғини фуқаролари сайловда қатнашадиган сайлов участкаларида олиб борилаётган ишларни кўздан кечирдилар. Бундан ташқари, улар Қарши шаҳар “Арабхона” МФЙ ҳудудидаги сайлов участкаларига ҳам ташриф буюриб, сайловга ҳозирлик бўйича амалга оширилаётган ишлардан хабардор бўлишди.

Ш. МАЖИТОВ