ҚАРШИ ШАҲРИДА РЕСПУБЛИКАДА БИРИНЧИЛАРДАН БЎЛИБ, МАЪНАВИЯТ МАСКАНИ ОЧИЛДИ

ҚАРШИ ШАҲРИДА РЕСПУБЛИКАДА БИРИНЧИЛАРДАН БЎЛИБ, МАЪНАВИЯТ МАСКАНИ ОЧИЛДИ

Sentabr 7, 2021 0 By admin

Қарши шаҳрида Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги олдидан мамлакатимизда биринчилардан бўлиб, замонавий ва барча қулайликларга эга Маънавият маскани биноси фойдаланишга топширилди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2021 йил 19 январь куни ўтказилган маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида ҳудудлар марказида намунавий лойиҳа асосида маънавият ва маърифат масканларини барпо этиш юзасидан кўрсатма берилган эди.

Шу асосда барпо этилган икки қаватли муҳташам бинонинг биринчи қаватида нуронийлар ҳордиқ чиқариши учун жой – дам олиш, тренажёр заллари, кутубхона, ошхона, ювиниш хоналари, шунингдек, анжуманлар зали жойлашган.

Юқори қаватда эса Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимлари фаолият кўрсатади. Раҳбар ва мутахассислар хоналари, мажлислар зали, кутубхона замонавий жиҳозлар, компьютерлар, китоблар жамланмалари билан жиҳозланган. Қурилиш ишлари «Қарши банкстройсервис» МЧЖ қурувчилари томонидан бажарилди.

Маскандаги яна бир эътиборга молик жиҳат шуки, зал ва хоналар бўйлаб мумтоз мусиқалар, ўзбек адабиёти намуналари эшиттириб турилади. Эндиликда мазкур аудиофайлларни маданият ва истироҳат боғига ҳам йўналтириш кўзда тутилган.

– Бундай қулайлик бизга куч ва илҳом бағишлайди, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Лола Саодатова. – Яқин истиқболда маънавий-маърифий экспедициялар уюштириш, миллий қадриятларимизни янада ривожлантириш мақсадида «Бахшига бахшида кун», ижтимоий тармоқлар имкониятларидан фойдаланган ҳолда «Маънавиятга йўл» интеллектуал танловини ташкил этиш, ёшларнинг адабиёт ва санъатга қизиқишларини янада ошириш мақсадида «Адабиётга саёҳат» каби лойиҳаларни ўтказиш, «Бир зиёли – намунали ҳомий», «Энг намунали муассаса», «Энг намунали ташкилот» танловларини ўтказиш, ижтимоий, бадиий адабиётлар чоп этиш каби вазифалар кун тартибимизда турибди.

Маънавият масканининг очилиш маросимида Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев иштирок этди ва сўзга чиқди.

Фахриддин Бозоров