ТАДБИРКОРЛАРНИНГ ИХТИЁРИГА ҚАЙТАРИЛДИ

Sentabr 7, 2021 0 By admin

Мамлакатимизда давлат солиқ идоралари тизими  доирасида «Солиқчи-тадбиркорга кўмакчи » тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига кенг кўламли амалий ёрдамлар бериб келинмоқда. Жумладан, Давлат солиқ қўмитасининг  2021 йил 7 январдаги 10-сонли буйруғига асосан ушбу тамойил доирасида шаҳримиздаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида шўъба ходимларига янги иш бошлаган тадбиркорлик субъект­ларига солиқ режимини танлашда маслаҳатлар бериш, уларга солиқларни ҳисоб-китоб қилиш ҳамда топширишга кўмаклашиш тавсия этиб келинмоқда. Кези келганда шуни айтиш керакки, янги иш бошлаган аксарият тадбиркорлар тажрибасизликлари туфайли ҳисоботларни юритиш ҳамда солиқларни ҳисоблашда қийналиб, хатоликларга йўл қўйишади. Бевосита инспекция  ходимларимиз  эса улар билан узвий алоқани йўлга қўйиб, тадбиркорларимизнинг бу борадаги билим ва тажрибаларини ошириб боришмоқда. Мана шу каби муносабатлар эса тадбиркорлар ва солиқчи ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилаяпти.

Йил бошидан буён Муборак туман давлат солиқ инспекциясининг юридик шахсларга хизмат кўрсатиш бўлими, тадбиркорликни қуллаб-қувватлаш шўъбаси ходимлари айнан юқоридаги тартибда иш юритиб, бу борада бир қатор ижобий натижаларни қўлга киритмоқдалар.

Масалан, ходимларимиз томонидан кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларига бухгалтерия ҳисобини юритиш ҳамда солиқ ҳисоботларини тақдим этишда аниқланган камчиликлар юзасидан тузатишлар киритишда ёрдам кўрсатилиши натижасида 2021 йилнинг биринчи ва иккинчи чораклари ҳамда жорий йилнинг август ойи давомида 167 та тадбиркорлик субъектларига солиқ ҳисоботлари юборилишида ва хатоликларини бартараф этишда амалий ёрдам берилди.

Жумладан, тадбиркорларнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 августдаги «Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги №666-сонли қарори юзасидан шаҳар ҳудудида жойлашган, фойдаланилмай келинаётган объект сифатида оширилган ставкаларда қўлланилган солиқлар ҳисобланиб турган 2 та (фуқаро «Полвонова Зарифа Хазратқуловна» ва «Шохида Холида Транс» МЧЖ) тадбиркорлик субъектларига Муборак туман ДСИ томонидан объектлари ишга туширилишида амалий ёрдам ва маслаҳатлар берилиб, охирги 12 ой давомида ундирилган 135.4 млн.сўм маблағ тадбиркорларнинг ихтиёрига қайтарилди.

Кези келганда янгилик ўрнида шуни айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21 апрелдаги «Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-5087-сонли қарорига мувофиқ бизнес юритиш шарт-шароитларини изчил давом эттириш, тадбиркорликни кучайтириш, уларни қўллаб-қувватлаш механизимларини кенгайтириш ҳамда зарур молиявий ва инфратузилмавий ресурслар билан таъминлаш бўйича кенг  кўламли ишлар олиб борилиб, бу борада амалий ёрдамлар берилмоқда.

Муборак туман ДСИ ходимлари мазкур тамойил асосида фаолиятини изчил давом эттириб, солиқ тизимида шаффофликни таъминлаш, солиқчи ва тадбиркор ўртасидаги ўзаро ишончни  мустаҳкамлаш, фуқароларимизнинг кичик бизнес ва тадбиркорлик борасидаги ташаббусларини хар жихатдан қўллаб қувватлашда самарадорликка эришмоқдалар.

Ҳурматли туманимиз тадбиркорлари, тадбиркорлик фаолиятини юритишда қийинчиликларга дуч келсангиз, Муборак туманДСИнинг тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш шуъбасига, яъни +99891 217-02-50 ҳамда +99894 297-32-34 рақамли телефонларига қунғироқ қилишингизни сўраймиз.

Достон Турсунов,

Муборак туман ДСИнинг «Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш» шуъбаси бошлиғи.