ОҚ-ОЛТИН: «ОБОД ҚИШЛОҚ»НИНГ ҲАЁТИЙ МЎЪЖИЗАСИ

ОҚ-ОЛТИН: «ОБОД ҚИШЛОҚ»НИНГ ҲАЁТИЙ МЎЪЖИЗАСИ

Avgust 30, 2021 0 By admin

Юртнинг ободлиги, халқнинг фаровонлиги маҳалла ва қишлоқлардан бошланиши бор гап. Одамларнинг ҳаётдан мамнунлиги, шаҳарлардагидек қулайлик ва имкониятларга эга бўлган замонавий масканларда яшаётганидан шодонлик ҳисси замирида бир ҳақиқат – қишлоқларни обод қилиш йўлидаги ислоҳотлар ётибди, десак муболағага йўйманг. Ана шундай ҳудудлардан бири – Чироқчи тумани марказидан олис Оқ-Олтин қишлоғи бўлади.

Бу ерда ҳам катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Бугун янгича қиёфа касб этаётган бу жойлар кишида гўё эндигина пайдо бўлгандек тасаввур уйғотади. Аммо бу ўша – оқ-олтинликларнинг қадрдон қишлоғи. Фақат энди у замонавий кўринишда, барча қулайлик, шарт-шароитларга эга масканга айланган.

Қишлоққа таклиф этилган бир гуруҳ меҳмонлар, хусусан, Президент маслаҳатчиси Турсунхон Худойберганов, Давлат хизматлари агентлиги директори Улуғбек Муҳаммадиев, вилоят ҳокими Зойир Мирзаев, вилоят прокурори Эркабой Таджиев, вилоят Давлат солиқ  бошқармаси бошлиғи Алишер Қодиров ва бошқалар ана шу ўзгаришларга бевосита гувоҳ бўлди.

Байрам тадбирига узоқ-яқиндан келган меҳмонларни очиқ юз билан қарши олган қишлоқ аҳолиси юзидаги табассум, юқори кайфият бир онда тадбир иштирокчиларига ҳам кўчди.

Йўлаклар бўйлаб безатилган декорациялар эса қалбларга илиқлик, чинакам байрамона кайфият бахш этиб турди. Қишлоққа кираверишданоқ баралла янграган ўша машҳур «Бир келиб кетинг қишлоғимизга» қўшиғи олис-олисларгача акс-садо берди.

Миқёс ва мазмун жиҳатидан ниҳоятда кенг кўламга эга бўлган ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари туфайли Оқ-Олтин қишлоғида истиқомат қилаётган қарийб 2954 нафар аҳоли ҳаётида мўъжизага тенг ўзгаришлар юз берди. Қишлоқда катта ҳажмдаги қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди ва Оқ-олтин бамисоли мўъжаз шаҳарчага айланди.

Чироқчи тумани марказидан анча олис ҳудудда жойлашган «Оқ-Олтин» маҳалласининг аввалги аҳволи ниҳоятда ачинарли ҳолатда бўлган. Логистика, инфраструктура ва бошқа жиҳатлардан фуқароларга шароит яратиб беришда анчагина камчиликлар бор эди. Шу боис, тумандошларимиз талабидан келиб чиққан ҳолда, биринчи навбатда, мактаб, маҳалла фуқаролар йиғини маъмурий биноси, маҳалла гузари, тиббий хизмат, спорт майдонларини қуришга ва таъмирлашга киришилди.

Қишлоқ аҳолисига қулайлик яратиш мақсадида маҳалла маркази қурилди. Маҳалла марказининг замонавий барча қулайликларни ўзида мужассам этган биносида маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва ўринбосарлари, профилактика инспектори учун алоҳида хоналар жиҳозланиб ажратилган бўлса, иккинчи бинода тикувчилик цехи, аёллар ва эркаклар сартарошхонаси, кутубхона жой олган. Ёшларни спортга жалб этиш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун шундоққина маҳалла маркази ёнида сунъий қопламали мини стадион бунёд этилди. Бугун ана шу ишлардан қишлоқ аҳли мамнун. Шу масканни ўзига Ватан ичра кичик Ватан деб билган, бир оила фарзандларидек аҳил ва иноқликда яшаб, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган қишлоқ аҳлининг юз-кўзидаги қувонч, юракларни лиммо-лим тўлдириб, жўшқин дарёдек тошиб чиқаётган зўр кўтаринкилик ва шукроналик кайфиятининг чегараси йўқ.

Юртнинг келажаги бўлган ёшларни тарбиялашни, аввало, мактабдан бошлашланади. Шу жиҳатдан, Оқ-Олтин қишлоғидаги 192-умумтаълим мактабининг янгидан қурилиши ва ташкил этилиши аҳолининг айни кўнглидаги иш бўлди. Бугун Чироқчининг замонавий аҳоли яшаш манзилларидан бири бўлаётган Оқ-Олтин қишлоғида Мустақиллик байрами арафасида 176 ўринли янги 192-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўз фаолиятини бошлади.

Мазкур таълим муассасаси инвестиция дастури асосида «Баҳор қурилиш инвест» масъулияти чекланган жамияти томонидан 1 миллиард 450 миллион сўм маблағ эвазига бунёд этилди. Мактабда ўқувчиларнинг таълим олиши учун барча шароитлар яратилган. Хоналар фанлар бўйича жиҳозланган, кутубхона, сунъий қопламали мини стадион ўқувчиларнинг билим олиши ва спорт билан шуғулланишларига яқиндан ёрдам беради.

Юртимизда ҳукм сураётган ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, тотувлик, бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшадиган янги объектларни Мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширишга бағишланган тадбир том маънодаги тантаналарга, таъбир жоиз бўлса, байрамга айланиб кетди. Қишлоқда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, барпо этилган кўплаб ижтимоий соҳа объектлари, замонавий уй-жойлар чекка қишлоқ аҳолисига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.

Қишлоқ аҳлининг шаҳардан кам бўлмаган шароитларда дам олишлари, маданий ҳордиқ чиқаришлари учун ҳам қулайликлар яратилди. Шунингдек, бунёдкорлик ишлари доирасида қишлоқ аҳолисининг энг катта муаммоларидан бўлган ичимлик сув, йўл, электр энергияси билан боғлиқ бирламчи ҳаётий масалалари ҳал қилиб берилди.

Аниқ рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 615 та аҳоли уй-жойлари ва 2320 та қўшимча бинолари таъмирланди, 116 та хонадонларда ювиниш хонаси ташкил қилиниб, тўлиқ жиҳозлаб берилди. Йўл бўйлаб 1400 та манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилди, 10 км ички йўлларга шағал тушалди, 2,5 км пиёдалар йўлакчаси ва тунги ёритиш кўча чироқлари ўрнатилди. Электр таъминотини яхшилаш бўйича 4 дона трансфарматорлар таъмирланди ва 1 дона янги трансфарматор ҳамда 57 дона электр темир-бетон устунлари ўрнатилди.

Кўчаларга ўрнатилган чироқлар туфайли бугун Оқ-Олтиннинг оқшомлари ҳам гўзал ва тароватлидир. Шу тариқа, ўзаро аҳил-иноқликда яшаб келаётган Оқ-Олтин қишлоғи аҳолиси янгидан бунёд этилган обод қишлоқда яна бир шодиёнани кўтаринки руҳда нишонлади. Маҳалладошлар, қишлоқдошлар бир ерга жам бўлиб, дўстлик алоқалари, ҳамжиҳатлик туйғуларидан яна бир карра диллар яйради. Янгитдан чирой очган замонавий масканларни кўриб, кўзлар қувонди, диллар шодликка тўлди. Бундай шодиёна онлар юртимизнинг барча бурчакларида кезиб, «Обод қишлоқ»лар сони кун сайин кўпайиб бораётгани эса қалбимизда шукроналик туйғуларини мавжлантиради.

Манба: CHiroqchi.uz