УЧРАШУВ: МУРОЖААТЛАР НАЗОРАТГА ОЛИНДИ

Avgust 18, 2021 0 By admin

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимизнинг турмуш фаровонлигини яхшилашга, муаммоларни бартараф этишга, аҳоли манфаатларини юқори даражага кўтаришга хизмат қилмоқда. Давлат идораларининг мутасаддилари халқ ҳузурига бориб уларни эшитиши, муаммоларини ўрганиши, жамият тараққиётига салбий таъсир кўрсатаётган камчиликларни бартараф этишга хизмат қилмоқда.

Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Алишер Қодиров Қарши шаҳридаги Корхоналарни соғломлаштириш ва хусуслаштириш клиникасида фаолиятида қийинчиликларга дуч келган тадбиркорлар билан учрашди. Учрашувдан кўзланган мақсад тадбиркорларнинг мурожаатларини эшитиб, уларга ижобий ечим топишдан иборат бўлди.

Fузор туманида истиқомат қилувчи тадбиркор Қутлуғбек Хусанов савдо фаолияти билан шуғулланган. Ўзига тегишли савдо дўкони мавжуд. Савдо дўкони  икки йил ишламаганлиги сабабли, тадбиркорга нисбатан таъсирчан солиқ қўлланилган. Учрашувда тадбиркор фаолиятини қайта йўлга қўйганлигини айтиб, унга нисбатан ҳисобланган таъсирчан солиқ суммасини  бекор қилишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Мазкур мурожаат атрофлича ўрганилиши ва ижобий ечим топиши учун масъул белгиланди.

Учрашувда иштирок этган қаршилик тадбиркор Хасан Муродов «Ясин сервис» масъулияти чекланган жамияти раҳбари. Корхона сутни қайта ишлаш фаолияти билан шуғ­ул­ланади. Тадбиркор ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида «Микрокредитбанк»нинг Қашқадарё вилояти филиалидан валюта курсида кредит олган. Бугунги кунда валюта курси ошганлиги сабабли асосий кредит суммаси муддатини бир йилга узайтириб тўлашда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Учрашувда масъул банк мутахассисининг ҳам фикри эшитилиб, мурожаатнинг ижобий ечим топишига ёрдам бериладиган бўлди.

Учрашувда 20 нафар фаолиятида қийинчиликларга дуч келган тадбиркорлар ўз мурожаатлари билан иштирок этди. Ґар бир мурожаатчи фикри тингланиб, масалалар масъуллар билан муҳокама этилди. Вақт ва ўрганиш талаб қиладиган мурожаатларга ижрочи масъуллар белгиланди.

Бу каби тадбирлар юртимизда ишбилармонлар ва тадбиркорлар муаммоларини бартараф этиш ва жойларда тадбиркорликни ривожлантириш билан аҳамиятлидир.

А. ЮЛДОШЕВ, ВДСБ ходими