МУРОЖААТЛАР ТИНГЛАНМОҚДА

Avgust 18, 2021 0 By admin

Давлатимиз раҳбарининг «Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш инсонийликнинг энг олий мезонидир» деган сўзлари бугун том маънода ҳаётимизнинг мазмунига айланиб бормоқда. Буни мутасадди ташкилот раҳбарларининг жойларга чиқиб, халқ билан юзма-юз учрашиб, уларни қийнаётган муаммоларга ечим топишга ҳаракат қилаётганида ҳам кўришимиз мумкин.

Қарши шаҳридаги Корхоналарни соғломлаштириш ва хусуслаштириш клиникасида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиев тадбиркорлар, аҳоли вакиллари билан учрашди. Ўзаро мулоқот тарзида кечган учрашувда тадбиркорлар ўзларини қийнаб турган масалалар юзасидан мурожаат қилишди. Ґар бир мурожаат юзасидан мутасадди ташкилот вакилларининг фикри тингланиб, масалалар атрофлича муҳокама этилди. Муаммоларни ҳал этиш учун аниқ муддат ва ижрочилар белгилаб олинди.

Қарши шаҳридаги «Тегирмон Хаус» маъсулияти чекланган жамияти  раҳбари Саидахрорхон Очилов учрашувда корхонанинг қўшилган қиймат солиғидан ҳосил бўлган 351,0 миллион манфий қолдик суммасини қайтаришда амалий ёрдам сўради. Мурожаат қисқа вақт ичида ҳал этиладиган бўлди.

Шунингдек, учрашувда иштирок этган Шохрух Хикматов ва Зифунун Мирсаидовалар паррандачилик фаолиятини ривожлантириш учун имтиёзли банк кридети ажратилишини сўраб мурожаат қилишди. Мурожаатлар тегишли банк мутасаддилари томонидан назоратга олинди.

Бугунги кунда ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш долзарб вазифа. Учрашувда хотин-қизларни ўзини ўзи банд қилиш ва тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида Қарши шаҳар 4-сектор ҳудудидан 20 нафар хотин-қизларга тикув машиналари берилди.

– Қизим ишсизлиги туфайли «Ёшлар» дафтарига киритилганди, – дейди тадбир иштирокчиси Наргиза Қаюмбоева. – Бугун ўзини ўзи банд қилиши, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун унга тикув машинаси берилди. У энди тикувчилик билан шуғулланиб оиламизга фойда келтиради. Бу каби шароитлар яратилганидан жуда миннатдормиз.

Бу каби тадбирлар аҳолининг давлат идораларига бўлган ишончини оширишда, муаммоларни жойида ҳал қилишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

З. КЕЛДИЁРОВ ВДСБ ходими