УЧРАШУВЛАР АМАЛИЙ НАТИЖАСИ БИЛАН АҲАМИЯТЛИ

УЧРАШУВЛАР АМАЛИЙ НАТИЖАСИ БИЛАН АҲАМИЯТЛИ

Iyul 14, 2021 0 By admin

Ёшлар билан очиқ мулоқот ўрнатиш, уларнинг муаммоларига қулоқ тутиш, ечими юзасидан аниқ чора-тадбирларни белгилаб олиш мақсадида жойларда мутасадди ташкилот вакиллари билан учрашувлар ташкил этилмоқда. Ана шундай учрашувлардан бири Чироқчи туманида ўтказилди.

Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси раҳбариятининг ёшлар вакиллари билан мулоқоти очиқ ва самимий руҳда ўтди. Унда туман ёшлари ўзларини қизиқтирган масалалар, қийнаётган муаммолари юзасидан мурожаатлар қилишди.

-Мен тикувчилик фаолияти билан шуғулланиб келмоқдаман, бугунги кунда шогирдим билан бирга тайёрлаётган маҳсулотларимизни бозорда сотиб даромад олмоқдаман. Фаолиятимни кенгайтириш, хомашё харид қилиш учун кредит олишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдим,-дейди Чироқчи туманида яшовчи Дилдора Зафарова.

 Унинг ушбу мурожаати юзасидан тижорат банкларининг изоҳлари тингланди. Унга кредит ажратиладиган бўлди.

Лазиз Шомуродов 2017 йилда коллежни битирган. У устачилик билан шуғулланади. Фаолиятини мукаммал амалга ошириш учун айрим жиҳозлар зарур эди. У айнан шу жиҳозларни харид қилиш учун амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Унга керакли жиҳозлар сектор раҳбари томонидан бепул берилди.

Ўзининг бандлигини таъминлаш мақсадида тадбиркорликни бошлаш ниятида эканлигини айтиб, савдо дўкони қуриш учун кредит олишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.

Унинг мурожаати юзасидан мутасадди ташкилот вакилларининг изоҳлари тингланди,  керакли маълумотлар бериб ўтилди.

Учрашув давомида ёшларга инкубатор мосламаси, пайвандлаш ускунаси ва бурчакли силлиқлаш машиналари топширилди. Икки нафар ногиронлиги бўлган ёшларга ногиронлик аравачалари берилди.   

Ўтказилган бу каби учрашувлар ёшларни янги-янги марраларни забт этишга,энг муҳими, ўз тадбиркорлик фаолиятларини бошлаб, янги иш ўринлари яратиш орқали  ўз тенгдошларини ҳам иш билан банд қилишга ундаши, шубҳасиз.

ВДСБ матбуот хизмати