ЭНГ ТАШАББУСКОРЛАР ТАҚДИРЛАНДИ

ЭНГ ТАШАББУСКОРЛАР ТАҚДИРЛАНДИ

Iyul 14, 2021 0 By admin

Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар ўртасида анъанавий тарзда ҳар йили ўтказилиб келинаётган «Ташаббус-2021» кўрик-танловининг Қашқадарё вилояти босқичи бўлиб ўтди.

Танловда ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва хўжалик юритишнинг бошқа соҳаларида юқори натижаларга эришган, фаолиятига инновацион ғояларни татбиқ этиб, импорт ўрнини босувчи экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйган 75 нафар тадбиркор, фермер ва ҳунарманд иштирок этди. 

Албатта, кейинги йилларда вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ёш тадбиркорларга кенг имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани боис янги ишланма ва лойиҳаларни амалиётга татбиқ этаётган ташаббускорлар сафи кенгаймоқда.

Тадбирда иштирок этган вилоят ҳокими Зойир Мирзаев танлов иштирокчиларининг кўргазмалари билан тинишар экан фаолиятларини янада ривожлантириш бўйича ўз таклифларини билдирди.

Кўрик-танловнинг якуний натижаларига кўра, Қарши шаҳридаги «RADIANT SILK» МЧЖ вакили Жамол Сайлиев «Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори», Косон туманидаги «КОСОН ТРАНС СЕРВИС» МЧЖ вакили Жавлон Ҳусанов «Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори» йўналиши бўйича ғолиб бўлди. «MY COM LTD» МЧЖ раҳбари Умиджон Шойқулов «Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори», Нишон туманидаги «Нишон кўзгу» фермер хўжалиги раҳбари Шерзод Узоқов «Йилнинг энг яхши фермери», Fузор туманида фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркор Шарифжон Раупов «Йилнинг энг яхши ҳунарманди» йўналишлари бўйича  ғолиб бўлиб кўрик-танловнинг мамлакат босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. 

Бундан ташқари тадбир давомида «Энг яхши «Start-Up» лойиҳаси, «Энг яхши инвестицион лойиҳа», «Энг яхши кўргазма намойиши», «Энг яхши оилавий бизнес соҳиби», «Энг яхши экспортчи» номинациялари бўйича ҳам ғолиб ва совриндорлар тақдирланди.

Маълумот ўрнида, кўрик-танловнинг қуйи босқичларида 2 минг 780 нафардан ортиқ тадбиркор, фермер ва ҳунарманд иштирок этган.

Ўлмас Баротов Суратда Кўрик-танловдан лавҳа акс эттирилган.