ЮТУҚЛИ ЧЕК ЎЙИНЛАРИНИНГ НАВБАТДАГИ ТИРАЖИ ШАҲРИСАБЗДА БЎЛИБ ЎТДИ

ЮТУҚЛИ ЧЕК ЎЙИНЛАРИНИНГ НАВБАТДАГИ ТИРАЖИ ШАҲРИСАБЗДА БЎЛИБ ЎТДИ

Iyun 25, 2021 0 By admin

Буюк Жаҳонгир Соҳибқирон Амир Темурга бешик бўлган қадимий ва ҳамиша навқирон Шаҳрисабз шаҳри яна бир тарихий тадбирга мезбонлик қилди. Йил сайин халқаро тадбир ва фестивалларга ўз бағридан жой бераётган Шаҳрисабзда бугун Республика Давлат солиқ қўмитаси ташаббуси билан ўтказиб келинаётган ютуқли чек ўйинларининг VI-тиражи бўлиб ўтди.

Ушбу ютуқли чек ўйинлари дастлаб Тошкент шаҳри бўйича ташкил этилган бўлиб, унга нисбатан истеъмолчиларнинг қизиқишлари тобора орта бошлади. Шундан сўнг, ютуқли чек ўйинлари республикамиз бўйлаб ўтказиб келинмоқда. Ушбу ўйинларни ўтказишдан мақсад интизомли солиқ тўловчиларни тарбиялаш, истеъмолчилар ўз ҳақ-ҳуқуқларини билишлари ва ноқонуний ҳолатларга барҳам бериш мақсадида фуқароларнинг QR-кодли чекларни савдо нуқталаридан талаб қилиб олишларига эришишдан иборат бўлиб, ана шу меъёрларга амал қилиб келаётган истеъмолчиларни доимий равишда рағбатлантириб бориш кўзда тутилган.

Шаҳрисабзда бўлиб ўтган ютуқли чек ўйинларининг VI-тиражида жами 121935 та  QR-кодли чеклар ўйналди. Ютуқли чек ўйинларининг очиқ-ошкоралигини  ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида ўйин жараёни «O’zbekiston» телеканали орқали тўғридан-тўғри  жонли эфирда намойиш этилди.

Ютуқли чек ўйинларининг VI-тиражини шаффоф ва ошкора ўтишини назорат қилиб бориш мақсадида эксперт­лар гуруҳи ташкил қилинди. Экспертлар гуруҳига Савдо Саноат Палатаси вилоят бошқармаси бошлиғи Ўктам Пардаев, Ўзтелерадио компанияси катта мухаррири Абдуғофур Маматов, Қашқадарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Фахриддин Муҳаммадиев, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи Шуҳрат Каримов, Қарши Давлат Университети доценти Акрам Соҳибов, ютуқли чек ўйинлари V-тиражи супер ютуқ эгаси «Neкsiya-3» автомобили соҳиби шаҳрисабзлик Жаҳонгир Раҳмонов аъзо бўлдилар.

Ютуқли чек ўйинларини кўтаринки руҳда ўтказиш мақсадида воҳамиздан етишиб чиққан таниқли санъаткорлар ижросидаги қўшиқлар тадбирга ўзгача завқ бағишлади. Чироқчилик бахши Санжар Жумаев термалари, таниқли санъаткорлар Бекмурод Жўраев ва Алижон Исоқов ижросидаги қўшиқлар барчага манзун бўлди. Шаҳрисабзда бўлиб ўтган ютуқли чек ўйинларининг VI-тиражи ўтказилишидан икки кун олдин эса Қарши шаҳрида «Чекни талаб қил ва ютуққа эга бўл!» ҳамда «Солиқ – ҳамкор» ҳуқуқларинингиз ишончли ҳимоячиси акциялари доирасида ютуқли чек ўйинлари бўлиб ўтди.  Ҳудди шундай тадбир ютуқли чек ўйинларини VI-тиражи ўйналишидан бир кун олдин Шаҳрисабзда ҳам бўлиб ўтди. Унда қашқадарёлик истеъмолчилар 50 тадан ортиқ ютуқлар соҳиби бўлишди.

Ютуқли чек ўйинларининг ўтказилиши келгусида истеъмолчилар савдо нуқталаридан ўз харидлари учун QR-кодли чекларни талаб қилиб олишларига ва уларнинг ушбу ўйинга қизиқишлари ортишига хизмат қилиши, шубҳасиз.

 Хулоса қилиб айтганда, ютуқли чек ўйинларининг VI-тиражи Шаҳрисабз шаҳрида қизғин тайёргарлик кўрилган ҳолда намунали тарзда ўтказилди, дейиш мумкин.

Даврон СУЛТОНОВ