КОРРУПЦИЯГА МУРОСАСИЗМИЗ!

КОРРУПЦИЯГА МУРОСАСИЗМИЗ!

Iyun 14, 2021 0 By admin

Дунёда ривожланиш ва тараққиёт йўлини танлаган ҳар бир давлат энг аввало коррупция, таъмагирлик, порахўрлик каби салбий иллатларга қарши муросасиз кураш олиб боради. Акс ҳолда, бундай жирканч иллатларнинг томир отишига йўл берилса, ўша жойда тараққиёт ва ривожланиш бой берилади. Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқамрасида айни шу мавзуда давра суҳбати ўтказилди.

Унда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари,  вилояти давлат солиқ бошқармаси масъул ходимлари иштирок этди.

Таъкидландики, коррупция сўзига шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиши сифатида таъриф берилган. Демак, ўз-ўзидан аёнки, давлат хизматчилари томонидан порахўрлик, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятлар содир этилиши давлат ҳокимиятининг обрўсизланишига, давлатнинг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий тизимига путур етишига, натижада амалдаги ҳокимиятга нисбатан норозиликка сабаб бўлади. Бошқача айтганда, муайян давлатда коррупциянинг ривожланиши ўша давлатнинг иқтисодий-маънавий таназзулига олиб келади.

Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган. Ушбу қонун иллатга қарши курашнинг ҳуқуқий механизми яратилган, давлат ва жамият тақдири, халқ келажагига, қолаверса, ҳар бир фуқарога дахлдор бўлган муҳим ҳужжатдир.

Шуни айтиш керакки, 2017 йилдан бошлаб юртимизда коррупцияга қарши курашнинг сифат жиҳатдан янги, жиноятларнинг олдини олиш, уларнинг сабаблари ва содир этилишига имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаб, бартараф этишга асосланган босқичи бошланди.

Ушбу Қонуннинг 26-моддасига мувофиқ, давлат органлари ходимлари уларни коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этишга кўндириш мақсадида бирор-бир шахс ўзларига мурожаат этганлигига оид барча ҳоллар тўғрисида, шунингдек, давлат органларининг бошқа ходимлари томонидан содир этилган шунга ўхшаш ҳуқуқбузарликларнинг ўзларига маълум бўлиб қолган ҳар қандай фактлари ҳақида ўз раҳбарини ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни хабардор этиши шарт. Ушбу мажбуриятнинг давлат органлари ходимлари томонидан бажарилмаслиги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

—Солиқ тизимида ҳам ушбу иллатга қарши курашиш доимий эътибордаги масаладир. Бу борада тизимда ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда:-дейди Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Алишер Қодиров. -Солиқ тизимида коррупцияни олдини олиш борасида мунтазам равишда профилактик тадбирлар ташкил этилмоқда. Солиқ идораси ходимлари ва солиқ тўловчилар билан тўғридан-тўғри алоқага киришиладиган соҳалар босқичма-босқич электрон кўринишга ўтказилмоқда.

Сўнгги икки йил ичида солиқ идораси ходимларининг ойлик маошлари кескин оширилди.

Шунингдек, солиқ идораси ходими томонидан бюджетга қўшимча манба аниқланадиган бўлса, унинг ойлик маошига устамалар белгиланди.

 Ўйламанки, бугунги тадбиримиз ҳам бу борада амалга ошираётган ишларимизнинг ижобий самараси учун хизмат қилади.

Коррупцияга қарши курашишда яна бир муҳим жиҳат бу аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш давр талабидир. Зеро, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданияти етук бўлган фуқаролар коррупцияга йўл қўймайдилар.

Ф. ЖАББОРОВ,

вилоят давлат солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси бошлиғи