ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРДАН ОЛИНАДИГАН МОЛ-МУЛК ВА ЕР СОЛИҒИ: ЎЗГАРИШЛАР НИМАЛАРДАН ИБОРАТ?

ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРДАН ОЛИНАДИГАН МОЛ-МУЛК ВА ЕР СОЛИҒИ: ЎЗГАРИШЛАР НИМАЛАРДАН ИБОРАТ?

Mart 25, 2021 0 By admin

Бугунги кунда Қашқадарё вилоятида жисмоний шахслар эгалигидаги мол-мулк ва ер объектлари сони 700 мингдан ортиқни ташкил этади. Ўз навбатида фуқаролар солиқ мажбуриятларини бажариш жараёнида мол-мулк ва ер солиқларини ставкалари билан қизиқиши табиий. Мақоламизда шу ҳақда маълумот бериб ўтамиз.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 423- ва 440-моддаларига асосан жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиғини тўлаш муддати 15 апрель ва 15 октябрга қадар тенг улушларда амалга оширилади. Бугунги кунда солиқ идораси ходимлари томонидан 2021 йил учун ҳисобланган мол-мулк ва ер солиғи тўлов хабарномалари жисмоний шахсларга етказилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, 2021 йилда солиқ қонунчилигига қатор ўзгаришлар киритилди. Жумладан, жисмоний шахсларнинг мол-мулки учун 2020 йилда амалда бўлган солиқ ставкалари 1,15 бараварига индексация қилинди.

Бунда, 2021 йилда жисмоний шахслар учун ҳисобланган солиқ суммаси, 2020 йилда ҳисобланган солиқ суммасига нисбатан 30 фоиздан кўп оширилиши мумкин эмас.

Қашқадарё вилоятида жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғининг 1 квадрат метр учун мутлақ миқдори 245,0 сўм.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 декабрдаги “Ресурс солиқлари ва мол-мулк солиғини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-6121-сонли фармонига асосан, туман ва шаҳар халқ депутатлари кенгашлари вилоят халқ депутатлари Кенгаши томонидан белгиланган ер солиғи ставкаларига жойлашган даҳа, массив, маҳалла, кўча кесимида 0,7 дан 3,0 гача камайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни киритиш ҳуқуқи берилди. Демак, ер солиғи ҳудудларнинг ижтимоий иқтисодий имкониятларидан келиб чиқиб, маҳаллий халқ депутутлари кенгаши қарори билан белгиланади.

Жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи ҳақида гап кетганда, шуни алоҳида таъкидлаш керакки, жисмоний шахс ёки оилавий корхона ер участкасидан унда жойлашган уйда истиқомат қилиш билан бир вақтда товарлар ишлаб чиқариш (хизматлар кўрсатиш) учун фойдаланган тақдирда, солиқ жисмоний шахслар учун белгиланган солиқ ставкаси бўйича тўланади, — дейди Қарши тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Отабек БАДАЛОВ. — Шунингдек, якка тартибда уй-жой қуриш ва турар жойни ободонлаштириш учун берилган ер участкаларининг томорқа қисмига қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ёки уни ободонлаштириш амалга оширилмаган тақдирда солиқ уч баравар миқдорда тўланади.

Ер участкаларидан ҳужжатларсиз ёхуд ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланилганда, солиқ ставкаси белгиланган солиқ ставкаларининг уч баравари миқдорида белгиланади.

Солиқларни ҳудудий давлат солиқ инспекцияларига борган ҳолда ёки электрон тарзда мобил иловалар орқали тўлашингиз мумкин.

Эслатиб ўтамиз, солиқлар белгиланган муддатларда тўланмаган тақдирда, ҳар бир кечиктирилган кун учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг амалда бўлган қайта молиялаш ставкасининг уч юздан бир баравари миқдорида пеня ҳисобланишига сабаб бўлади.

Унутманг, солиқлар маҳаллий бюджет даромадларини тўлдириб, яшаб турган ҳудудларимизни ривожи, тараққиёти учун сарфланади.

Зариф КЕЛДИЁРОВ,

вилоят давлат солиқ бошқармаси

масъул ходими