ИМТИЁЗЛАР ИШЛАБ ЧИҚАРИШНИ КЕНГАЙТИРИШГА САРФЛАНАДИ

ИМТИЁЗЛАР ИШЛАБ ЧИҚАРИШНИ КЕНГАЙТИРИШГА САРФЛАНАДИ

Mart 25, 2021 0 By admin

Республикада электротехника саноатини ривожлантириш ва модернизация қилиш, янги турдаги замонавий электротехника ва электромаиший маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, тармоқнинг инвестициявий ва экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 мартдаги “Электротехника  саноатини янада ривожлантириш ва маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ҳам соҳада амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янги босқичга олиб чиқишга қаратилганлиги билан янада аҳамиятлидир.

Мазкур йўналишлардаги ишларни янада жадаллаштириш, маҳаллий электротехника ва электромаиший маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш, маҳсулот сотиш учун янги бозорларни ўзлаштириш, тармоқ корхоналарининг илмий-технологик, ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини ривожлантириш мақсадида 2021-2022 йиллар учун электротехника тармоғи самарадорлигининг қуйидаги асосий мақсадли кўрсаткичлари белгиланди.

Жумладан, мис хом ашёсини чуқур қайта ишлаш ҳажмини 2021 йилда 55 минг тоннага, 2022 йилда 70 минг тоннага етказиш, маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини 2021 йилда 15 триллион сўмгача, 2022 йилда 19 триллион сўмгача ошириш.

Шунингдек, маҳсулотлар экспорти ҳажмини 2021 йилда 450 миллион АҚШ доллари, 2022 йилда 600 миллион АҚШ доллари миқдорида таъминлаш, тармоқдаги иш ўринлари сонини 2021 йилда 27 мингтага, 2022 йилда 34 мингтага етказиш.

Ушбу ҳужжат билан электротехника тармоғи корхоналарини Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги чоралари жорий этилмоқда.

2024 йил 1 январга қадар электротехника ва электромаиший маҳсулотларни барча мамлакатларга, шу жумладан қўшни давлатларга экспорт қилишда автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш харажатларининг 50 фоизини, бироқ маҳсулотлар экспорт қийматининг (транспорт харажатларисиз) автомобиль транспортида 15 фоизидан, темир йўл транспортида 20 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда қоплашга субсидиялар тақдим этиш.

Молиялаштириш манбаларидан қатъи назар танловлар (тендерлар) доирасида аванс тўловларини амалга ошириш (қайтариш), хорижий валютадаги шартнома шартларини бажариш ва етказиб берилган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича кафолат муддатларини таъминлаш юзасидан маҳаллий тижорат банкларидан кафолатлар олишда гаров таъминоти сифатида кафолат суммасининг 50 фоизигача, бироқ 3 миллион АҚШ долларидан ошмаган миқдорда кафилликлар бериш.

2021 йил 1 апрелдан 2024 йил 1 январга қадар муддатга ҳисобот даври якунлари бўйича электротехника маҳсулотларини сотишдан тушган тушуми миқдори умумий тушумининг 80 фоизидан кам бўлмаган электротехника тармоғи корхоналарига фойда солиғи ва мол-мулк солиғи бўйича ставкаларни 50 фоизга камайтириш тарзида солиқ имтиёзлари берилди.

Назарда тутилган солиқ имтиёзларининг берилиши муносабати билан бўшаган маблағлар, корхоналар томонидан дивидендлар кўринишида тақсимланмайди ва янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва мавжуд қувватларни модернизация қилишга йўналтирилади.

Қарорда, «Ўзэлтехсаноат» уюшмасининг кафолатига асосан юқори технологияли ишлаб чиқариш жараёнини жорий этган корхоналарга товарларни экспорт қилишда ноль даражали солиқ ставкаси қўлланилиши натижасида ҳосил бўлган қўшилган қиймат солиғининг салбий фарқ суммаси уч кун ичида қоплаб берилади. Бунда, солиқ суммаси қоплаб берилганидан сўнг, камерал солиқ текшируви белгиланган тартибда амалга оширилиши белгиланмоқда.

Зулфия Саломова,

 Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси масъул ходими