ХОТИН-ҚИЗЛАР БАНДЛИГИ МУҲИМ МАСАЛА

ХОТИН-ҚИЗЛАР БАНДЛИГИ МУҲИМ МАСАЛА

Mart 25, 2021 0 By admin

Қарши шаҳрида Корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникасида хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларга яратилаётган шароитлар, солиқ тизимидаги янгиликлар ҳақида маълумот бериш мақсадида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбиркорлик нима? Тадбиркор бўлиш учун аввало нималарга эътибор қаратиш керак? Бугун юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича қандай имконият ва имтиёзлар мавжуд каби саволлар давра суҳбатининг асосини ташкил этди.  

Тадбирда Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси масъул ходимлари юртимизда тадбикорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида фикр юритдилар.

 Жумаладан, Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 8 июндаги «Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини-ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан соҳада янги тартиблар жорий этилди. Ўзини-ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган 67 фаолият турлари рўйхати тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 декабрдаги “Ўзини-ўзи банд қилган шахс сифатида фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги  Қарори билан ушбу  рўйхатга «Номоддий маданий мерос объектларини асраш ва улардан фойдаланиш» фаолият тури киритилди.

Давра суҳбати давомида иштирокчиларга ушбу ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти хусусида батафсил маълумотлар бериб ўтилди.

Бугун аҳоли ва солиқ тўловчиларга енгиллик яратиш мақсадида давлат солиқ хизмати органлари томонидан электрон давлат хизматлари кўрсатилмоқда.

Масалан, Давлат солиқ қўмитасининг «Электрон давлат хизматлари – my.soliq.uz» портали орқали 45 турдаги электрон давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Шу жумладан, порталда юридик, жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун солиқ тўловчининг шахсий кабинетлари очилган.

Бу борада батафсил маълумотлар берилди.

 Шунингдек, давра суҳбатида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди.

Ф. ЖАББОРОВ