ИҚТИСОДИЙ МУНОСАБАТЛАРДА ЭҲТИЁТКОРЛИК ЗАРУР

ИҚТИСОДИЙ МУНОСАБАТЛАРДА ЭҲТИЁТКОРЛИК ЗАРУР

Mart 18, 2021 0 By admin

“Солиқчи – тадбиркорга кўмакчи” тамойилига асосланган галдаги тарғибот тадбири Қарши шаҳрида ташкил этилди. Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси масъул ходимлари тадбиркорлик субъектлари ҳузурига ташриф буюриб, уларнинг фаолияти билан атрофлича танишди ва солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар хусусида сўз юритди. Шунингдек, имтиёзлардан фойдаланиш тартиби, ҳисоботларни бехато топшириш бўйича тавсиялар берилди.

Тушунтириш-тарғибот тадбирлари давомида Солиқ кодексининг 14-, 15- ва 266-моддаларининг мазмун-моҳияти ҳақида ҳам батафсил маълумотлар берилди. Қайд этиш жоизки, солиқ тўловчилар ўртасидаги иқтисодий муносабатларда, қалбаки ва кўзбўямачилик учун тузилган битимлар солиқ солиш мақсадида ҳисобга олинмайди. Агар бундай битимлар бошқа битимларни ниқобласа, солиқларни ҳисоблаш учун ҳақиқий битимларнинг иқтисодий мазмуни ва натижалари ҳисобга олинади.

Солиқ кодексининг 15-моддасида юридик шахслар солиқ муносабатларида контрагентларни танлаш чоғида уларнинг солиқ органларида солиқ тўловчилар сифатида ҳисобга қўйилганлигини, контрагентнинг ишбилармонлик обрўсини, ишлаб чиқариш базаси ва ходимлари мавжудлигини, молиявий ҳолатини, битим бўйича мажбуриятларни бажариш қобилиятини текшириб, лозим даражада эҳтиёткорлик чоралари кўриши қайд этилган.

Солиқ тўловчи томонидан унинг олдидаги ўз мажбуриятларини бажармаган шахслар билан тузилган битимлар бўйича қилинган харажатлар (кўрилган зарарлар), агар ушбу солиқ тўловчи битим тузаётганда лозим даражада эҳтиёткорлик қилмаган бўлса, солиқ солиш мақсадида тан олинмайди.

— Бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, — деди вилоят Давлат солиқ бошқармаси Қўшилган қиймат солиғи маъмуриятчилиги бўлими бошлиғи Миробид Зиётов. — Тадбиркорлар учун кўплаб енгилликлар ва преференциялар берилмоқда. Лекин бу имкониятларни айрим “уддабурон тадбиркорлар” нотўғри тушунган ҳолда иқтисодий муносабатларда шартнома ва битимларни қалбаки ёки кўзбуямачилик билан тузиб солиқдан қочиш ҳолатлари кузатилмоқда. Шунинг учун тадбиркорлик субъектлари бошқа бир ташкилот билан иқтисодий муносабатларга киришиш жараёнида шартнома тузмоқчи бўлган тарафни ўрганиши зарур.

Маълумки, бугунги кунда электрон хизматлар яхши ривожланган. Давлат солиқ хизмати органларининг my.soliq.uz сайтида очиқ маълумотлар базасидан фойдаланган ҳолда, тадбиркорлик субъектларининг қачон ташкил этилганлиги, қўшилган қиймат солиғи тўловчими ёки йўқлиги, солиқ қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ва бошқа кўплаб маълумотларни олиши мумкин. Эътиборсизлик билан, конрагентлар маълумотларини ўрганмай, улар билан иқтисодий алоқаларга киришганда, солиқлар контрагент томонидан тўланмаган ҳолатда тадбиркорлар ўзлари солиқларни тўлашга мажбур бўлади. Агар контрагентлар ҳақида маълумотларни олишда қандайдир муаммога дуч келса, вилоят давлат солиқ органларига мурожаат қилиб, барча маълумотларни олишлари мумкин.

Бу каби тадбирлар тадбиркорлик субъектларида бухгалтерия ҳисобини юритиш, солиқ ҳисоботларини топширишда тушунмовчиликларни олдини олади. Шунингдек, давлат бюджетига солиқ тушумларини ўз вақтида тўланишига замин яратади.

Қашқадарё вилояти давлат

солиқ бошқармаси Матбуот хизмати