ҚУЛАЙ ВА МУҲИМ МАСАЛА

Mart 18, 2021 0 By admin

Ўзбекистон Рсепубликаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 августдаги “Қўшилган қиймат солиғи ҳамда чет эл юридик шахслари билан боғлиқ солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 489–сон қарори билан ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган.

 Ҳисобварақ-фактура – Солиқ кодексига мувофиқ уни тақдим этиш мажбуриятига эга бўлган товарларни (хизматларни) сотувчи (етказиб берувчи) томонидан расмийлаштириладиган қатъий белгиланган намунадаги (форматдаги), товарлар ҳақиқатда жўнатилганлигини ёки хизматлар кўрсатилганлигини ва уларнинг қийматини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.

 Ҳисобварақ-фактура сотувчи (етказиб берувчи) томонидан тақдим этилган қўшилган қиймат солиғи суммасини харидор (буюртмачи) ҳисобга олиши учун асос бўладиган бирламчи ҳужжат ҳисобланади. У қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) бўйича солиқ солиш айланмаси ва реализацияни ҳисобга олиш учун юритилади.

Товарларни (хизматларни) реализация қилишда юридик шахслар, шу жумладан, Ўзбекистон ҳудудида доимий муассаса орқали фаолият кўрсатаётган норезидент юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар ушбу товарларни (хизматларни) сотиб олувчиларга ҳисобварақ-фактурани тақдим этиши шарт.

 Низомда ҳисобварақ-фактура тақдим этилиши шарт бўлмаган ҳоллар келтирилган ва уларни узоқ муддатли шартномалар бўйича расмийлаштириш тартиби кўрсатилган.

 Ҳисобварақ-фактура, агар ушбу Низомда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, товарлар жўнатилган (топширилган) ёки хизматлар кўрсатилган календарь санада расмийлаштирилиб тақдим этилади.

 Ҳисобварақ-фактурада товарларнинг (хизматларнинг) қиймати миллий валютада, сўмда кўрсатилади. Бунда, сумма кўрсатилаётганда бутун сондан сўнг юздан биргача яхлитланиши лозим бўлади.

Агар ушбу Низомда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ҳисобварақ-фактуралар электрон шаклда расмийлаштирилади ва уларнинг сақланиши ҳамда ҳисоби юритилиши электрон ахборот тизимида амалга оширилади.

Товарларни (хизматларни) сотиб олувчи фақат электрон шаклда қабул қилинган ҳисобварақ-фактураларда акс эттирилган ҚҚС суммасини ҳисобга олишга ҳақли.

Солиқ тўловчилар томонидан давлат сирига тааллуқли бўлган хўжалик операциялари амалга оширилганда қоғоз шаклда ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилади. Улар бундай шаклда расмийлаштирилса камида икки нусхада тузилади ва улардан бири товарларни (хизматларни) сотиб олувчига тақдим этилади.

Қашқадарё вилояти давлат солиқ

бошқармаси Матбуот хизмати