ИСЛОҲОТЛАР ДАВОМ ЭТАДИ

ИСЛОҲОТЛАР ДАВОМ ЭТАДИ

Mart 12, 2021 0 By admin

Мамлакатимизда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасини янада эркинлаштириш, ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрда “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Фармон билан нақд пул тушумига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари онлайн назорат касса машинасини қўллашга босқичма-босқич ўтиши белгиланди.

Эндиликда тадбиркорлик субъектлари онлайн-назорат касса машинаси ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтган тақдирда уларга нисбатан амалдаги фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарини ишлатиш, кассир-операциячи томонидан назорат-касса дафтарини юритиш ҳамда иш куни охирида ҳар бир назорат-касса машинаси бўйича кунлик ҳисоботни чиқариб олиш мажбуриятлари бекор қилинади.

Шунингдек, кунлик ўртача нақд пул тушуми миқдоридан қатъи назар нақд пулни банк кассаларига инкассация хизматлари орқали ўзлари белгилаган даврларда ёки мустақил равишда топшириш ҳуқуқига эга бўладилар.

Вилоят Давлат солиқ бошқармаси масъул ходимлари Қарши шаҳридаги қатор тадбиркорлик субъектларида бўлишиб, онлайн назорат касса машиналаридан фойдаланиш, ҳар бир истеъмолчига харид чекларини тақдим этиш, харид чекларини бермаслик савдо тартиб қоидаларини бузилиши эканлиги тушунтириб ўтишди.

—Бугунги кунда вилоятимизда тадбиркорлик субъектлари босқичма-босқич равишда онлайн назорат касса машиналарини қўллашга ўтдилар:-дейди Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси масъул ходими Эгамберди Йўлдошев.-Айни вақтда вилоятдаги 8 минг 891 та тадбиркорлар онлайн назорат касса машинасидан фойланмоқда.

Қайд этиш жоизки, Истеъмолчиларни яширин иқтисодиётга қарши курашга йўналтириш, харид қилинган товарлар учун тўлов фактини тасдиқловчи чеклар ва бошқа ҳужжатларни талаб қилишга одатланишига туртки бўлиш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси томонидан “Ютуқли чек ўйинлари” ўтказилиб келинмоқда.

Ўйинда иштирок этиш мутлақо бепул. Бунинг учун харид ёки хизматдан фойдаланганлик учун онлайн назорат касса машинаси ёки виртуал кассадан берилган чекларни рўйхатдан ўтказиш кифоя. Бундай чеклар одатдагисидан фискал белги ва QR-коди билан ажралиб туради. Ушбу ислоҳотлар нақд пул маблағларини банқдан ташқари айланишини олдини олиб, яширин иқтисодиётни қисқартиришга асос бўлиб хизмат қилади.

Ф. ЖАББОРОВ ВДСБ Матбуот хизмати