Солиқ тизимидаги ислоҳотлар аҳоли ва тадбиркорлар манфаати билан муштарак

Солиқ тизимидаги ислоҳотлар аҳоли ва тадбиркорлар манфаати билан муштарак

Mart 5, 2021 0 By admin

Солиқ тизими мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарорлигини таъминлашда муҳим бўғин ҳисобланади. Шу сабабли, бугунги ислоҳотлар жараёнида ушбу йўналишдаги ўзгариш ва янгиликлар юртимизда амалга оширилаётган ишлар билан чамбарчас боғлиқдир.

Фармон ва ижро

Президентимиз томонидан кейинги тўрт йил ичида соҳани тубдан ислоҳ қилиш борасида бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди ва уларнинг ижроси Давлат солиқ қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари томонидан тизимли равишда таъминланмоқда.

ЎзА мухбирининг Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Азамат БОЗОРОВ билан суҳбати мазкур ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида бўлди.

– Азамат Азимович, мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларда солиқ соҳасидаги ислоҳотларнинг ўрни қандай?

– Бугун ҳар бир соҳани такомиллаштиришга катта эътибор қаратилган. Бу эса солиқ тизимини ҳам ислоҳ қилишни талаб этади. Шундан келиб чиқиб, ушбу тизимда ҳам очиқлик, шаффофликка, мавжуд ҳолатларда адолат нуқтаи назаридан ёндашишга кенг ўрин берилган. Авваллари, билсангиз, соҳада фаолият юритаётганлар деярли ўз хонасидан чиқмасди. Очиғи, халқдан ва истеъмолчилардан узоқда эди. Энди тўртинчи сектор раҳбари сифатида халқ орасига кириб борди. Шу ишлар узвийлигида уларнинг муаммоларини ечиш фаолиятимизнинг асосий ва муҳим бўғинига айланди. Айниқса, тадбиркорларга қулайлик яратиш ва улар фаолиятининг бардавомлигини таъминлашда соҳа вакиллари ишончли ва яқин кўмакчидир.

2020 йил 29 декабрь куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида “Тадбиркорликни кенг ривожлантириш ва бу соҳа учун янги шароитлар яратишга барча имкониятларимизни сафарбар этяпмиз. “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида ўз бизнесини бошлаётган оилаларга 5,9 триллион сўм кредитлар ажратилди.

Янги солиқ сиёсати доирасида иш ҳақига солиқ юки 1,5 баробар камайтирилди. Натижада расмий секторда ишлаётганлар сони йил давомида 500 мингтага кўпайди», дея таъкидлаган эди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларга монанд солиқ тизимидаги бу каби талаб ва тартиблар ҳам ислоҳ қилинди. Мазкур ўзгаришлар эса тадбиркорлар фаолияти учун муҳим бўлиб, уларга қулайлик яратишда кенг ўрин эгаллайди.

– Қашқадарё вилоятида солиқ тушумлари бўйича амалга оширилаётган ишларнинг натижалари қандай?

– Вилоят бўйича бу борадаги ишларга тўхталадиган бўлсак, барча тушумлар ўз вақтида ва қонуний амалга оширилмоқда. Ўтган 2020 йилда солиқ тушумлари 2 триллион 279 миллиард сўмни ташкил этиб, режа 109 фоизга бажарилди.

2020 йилда коронавирус балоси дунё аҳлини қўрқувга солди ва мамлакатлар иқтисодиётига катта зарар келтирди. Ўзбекистон ҳукумати томонидан кўрилган тезкор чоралар пандемия даврида ўзининг амалий натижасини кўрсатди.

Ўтган йил пандемия сабаб аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига бир қатор солиқ имтиёзлари ва преференциялар берилганидан халқимиз хабардор. Масалан, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига мавжуд вазиятдан чиқиш мақсадида солиқ тўловларни кечиктириш, йиллик даромадлар тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш муддатининг чўздирилиши, солиқ аудити, мажбурий аудиторлик текширувлари каби қатор енгилликлар қўлланилди.

Пандемиянинг дастлабки кунлариданоқ, яъни 2020 йил 19 март куни Президентимизнинг «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Унга кўра, 2020 йилнинг 1 апрелидан 1 октябргача бўлган даврда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг ойлик энг кам суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизига қадар камайтирилди.

Бунинг натижасида вилоятимиздаги 23 минг 146 нафар тадбиркор ихтиёрида 8 277,7 миллион сўм маблағ, умумий овқатланиш корхоналари учун алкоголли маҳсулотларни чакана сотиш ҳуқуқи учун йиғимлар миқдори белгиланган миқдорлардан 25 фоизга камайтирилиши туфайли 450 субъект ихтиёрида 531 миллион сўм маблағ, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 2020 йилда ўрнатилган ставкалари 50 фоизга пасайтирилиши сабаб 8 500 та субъект ихтиёрида 276 миллион сўм маблағ қолиши таъминлангани синовли ойларда улар учун давлат томонидан берилган катта енгиллик бўлди, дейиш мумкин.

Шунингдек, муддати ўтган дебитор қарздорлик бўйича вилоятдаги 161 хўжалик юритувчи субъектга 141 770,9 миллион сўмлик қўлланилиши лозим бўлган жарималар тўхтатилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 3 апрелдаги фармони билан ҳам тадбиркорларга бир қатор имтиёзлар берилди. Масалан, 298 хўжалик юритувчи субъектни 2019 йил якунлари бўйича аудиторлик текширувидан ўтказиш муддати 2020 йил 1 октябргача узайтирилган бўлса, туризм соҳасида меҳмонхона хизматлари кўрсатувчи субъектлар юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва мол-мулк солиғини тўлашдан 2020 йил 1 апрелдан 31 декабрга қадар озод қилинди. Ижтимоий солиқни камайтирилган ставкада 12 фоиз ўрнига 1 фоиз тўлашлари белгиланди. Натижада вилоят бўйича 37 хўжалик юритувчи субъект ихтиёрида 796 миллион сўм маблағ қолдиришга эришилди.

– Аҳоли ва тадбиркорлардан ундирилаётган қарзлар, умуман, қарздорлик муаммоларини бартараф этишда вилоят бошқармаси томонидан қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?

– Вилоят бошқармаси аҳоли ва тадбиркорлардан қарзларни ундириш бўйича қонунда белгиланган тартибларга амал қилади. Шунингдек, бу жараёнда субъектларга қарздорлик бўйича маълум қилиш билан бирга, уларга тушунтириш ишларини ҳам олиб боради. Бу каби тизимли ишлар натижасида ўтган йилда 17 минг ҳолатда қарздорлик ундирилган. Масалан, яқинда қарздорлик бўйича бир субъектдан 22 миллиард сўм тўлов ундиришга эришдик. Бунда қарздорлиги бор субъект билан тушунтириш ишлари ва соҳадаги ўзгаришлар ҳақида маълумотлар берилди. Муҳими, субъект онгли равишда қарзини тўлаб берди.

Гап қарздорликни ундириш чора-тадбирлари ҳақида экан, яна буни пандемия даври билан боғлашга тўғри келади. Дейлик, тадбиркор қарзини қонунда белгиланган тартиб асосида тўлаши лозим. Президентимизнинг олиб бораётган оқилона сиёсати сабаб пандемия шароитида уларга катта имкониятлар берилди. Масалан, ушбу даврда мол-мулк солиғи ва ер солиғининг оширилган ставкаларини қўллаш ҳамда бу борада пеня ҳисоблаш ва мажбурий ундириш чораларини кўриш тартибининг тўхтатилиши вилоятимизда айнан шу мезондаги 1627 хўжалик юритувчи субъекти учун қулай фурсат бўлди. Бундан ташқари, ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган 9287 нафар тадбиркорнинг 4 740 миллион сўмлик солиқларини ҳисоблаш тўхтатилиши каби қатор тадбирлар амалга оширилди.

Бугунги кунда бошқарма томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун мунтазам семинар ва учрашувлар ўтказилиб, унда қарздорликни ундириш ёки тўловларни муддатида амалга ошириш борасида солиқ қонунчилигига киритилган янгилик ва ўзгаришлар мазмун-моҳияти тушунтириб берилмоқда. 2020 йилда 10 минг 200 нафардан ортиқ тадбиркорлик субъекти иштирокида 325 маротаба ана шундай семинар ва давра суҳбатлари ташкил этилди. Жорий йилнинг ўтган даврида 2 минг 100 нафардан ортиқ тадбиркорлик субъекти иштирокида 20 маротаба бу каби тадбирлар уюштирилиши ҳам ижобий самара бераётир.

Қашқадарё вилоятида қўшилган қиймат солиғини тўловчилар 11 минг 244 тани ташкил этади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йилнинг 14 августдаги қарори ижросида ўтган беш ой ичида 410 хўжалик юритувчи субъект томонидан 466 миллиард сўмлик қўшилган қиймат солиғининг салбий фарқ суммасини қайтариш юзасидан аризалар келиб тушди. Аризалар кўриб чиқилиб, 134 нафар тадбиркорга 345 миллиард сўм қайтариб берилди.

Жорий йилнинг 1 март ҳолатига кўра, 49 та хўжалик юритувчи субъект томонидан 44,8 миллиард сўмлик қўшилган қиймат солиғининг салбий фарқ суммасини қайтариш борасида аризалар келиб тушди. Айни дамда ушбу аризалар кўриб чиқилмоқда.

– Бошқарма фаолиятида ахборот технологиялардан фойдаланиш ва онлайн назорат кассаларини амалиётга татбиқ этиш ишлари қандай ташкил этилган?

– Бугунги кунда Давлат солиқ хизмати органлари иш фаолиятини автоматлаштириш мақсадида 48 турдаги ахборот тизимларидан фойдаланилмоқда. Давлат солиқ қўмитасининг «Электрон давлат хизматлари — my.soliq.uz» портали

орқали 45 турдаги электрон давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Шу жумладан, порталда юридик, жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун солиқ тўловчининг шахсий кабинетлари очилган.

2020 йил бошидан my.soliq.uz порталидаги солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинетларига вилоят бўйича 54 минг нафардан ортиқ фойдаланувчи томонидан 948 мингдан ортиқ мурожаат бўлган. Тадбиркорлик субъектлари томонидан шахсий кабинетлар орқали 181,7 миллиард сўм солиқлар электрон шаклда тўланган.

Президентнинг 2019 йил 6 сентябрдаги фармони билан нақд пул тушумига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари онлайн назорат касса машинасини қўллашга босқичма-босқич ўтмоқда. Ҳозир вилоятдаги 8 минг 716 нафар тадбиркор онлайн назорат касса машинасидан фойдаланмоқда.

– Вилоятдаги тўртинчи сектор томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтсангиз. Ушбу сектор мавжуд муаммолар ечимида асосий эътиборни нималарга қаратмоқда?

– Юқорида таъкидлаганимдек, солиқ соҳаси вакиллари жойларга бориб, аҳоли ва солиқ тўловчилар билан деярли ҳар куни мулоқотда бўлиб келмоқда. Бундай учрашувларда аҳоли ва тадбиркорлар билан суҳбатлашамиз, уларнинг муаммоларини ўрганиб, ечимини топиш чораларини кўрамиз. Ёшлар масаласи ҳам сектор фаолиятидаги энг муҳим мавзудир. Мулоқот чоғида ёшларни тадбиркорлик ва касбий кўникмага эга бўлиши йўлида ечим топамиз. Бугун ҳар бир сектор ўзининг ўқув марказларига эга. Ўқув маркази ёшларнинг касбий кўникмасини оширишга хизмат қилмоқда. Бу ерда ўқитиш бепул ташкил этилган ва фаол ёшларга, ҳатто стипендия ҳам тўланади.

Куни кеча Косон туманида ёшлар билан учрашдик, улар билан мулоқот қилдик. Бу борада ишлар кўламини таҳлил қилганда, қуйидаги рақамларга эътибор қаратайлик. Қашқадарё вилояти давлат солиқ хизмати органларига бириктирилган 4-сектор ҳудудида 171 маҳалла, 133 мингта хонадон бор. 166,5 минг оилада 700,4 минг аҳоли истиқомат қилади.

Сектор томонидан уйма-уй юриш, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари” бўйича ўрганишлар олиб борилади ва муаммолар ҳал этилади. Масалан, уйма-уй юриш бўйича жорий йилда 4 минг 829 хонадон ўрганилди ва шундан 595 та хонадон бўйича муаммолар аниқланди. Бугунги кунда ушбу муаммоларнинг 257 тасини ҳал этишга эришилди.

“Темир дафтар” бўйича жами эҳтиёжманд оилалар сони 14 минг 834 тани ташкил этиб, оила аъзолари сони 61 минг 397 нафарни ташкил этди. Эҳтиёжманд оилаларнинг меҳнатга лаёқатли 15 минг 712 нафар аъзосининг 15 минг 712 нафари тўлиқ ишга жойлаштирилди, шундан 192 нафари эса карантин талаблари юмшатилиши муносабати билан аввалги ишига қайтди.

Карантин бошлангандан йил якунига қадар 59 саховатпеша тадбиркор билан ҳар бир эҳтиёжманд ҳолидан хабар олиниб, уларга жами 16,7 миллиард сўмлик моддий ёрдамлар кўрсатилди. Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари сессияларида маҳаллий ҳокимликларнинг таклифлари асосида 13,7 минг оила (93 фоиз) “Темир дафтар”дан чиқарилган.

“Ёшлар дафтари” бўйича Қашқадарё вилояти давлат солиқ хизмати органларига бириктирилган 4 – сектор ҳудудида 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар 139 минг 738 нафарни ташкил этади. “Ёшлар дафтари”ни шакллантириш мақсадида 136 минг 337 та хонадонга кирилиб, хатловлар тўлиқ ўтказилди. Унга кўра, 139 минг 738 нафар ёшлардан анкета сўровномалари 119 минг 166 нафарига нисбатан тўлдирилди ва “Ёшлар дафтари”га 10 минг 286 нафари киритилди. Мазкур 10 минг 286 нафар ёшларнинг тоифасига кўра, бугунги кунда 1 минг 283 нафарига амалий ёрдамлар кўрсатилди.

“Аёллар дафтари” бўйича вилоятнинг шаҳар ва туманлари 4-сектор ҳудудларида жами 31 ёшдан юқори 124 минг 133 нафар аёллар бўлиб, шундан 117 минг 791 нафар аёллар бўйича анкета сўровномалари тўлдирилди ва электрон базага тўлиқ киритилди. Анкета тўлдирилган 117 минг 791 нафар аёллардан “Аёллар дафтари”га киритилганлар 7 минг 135 нафарни ташкил этади. Айни кунда улардан 548 нафарига ёрдамлар кўрсатилди.

Шунингдек, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳисобини юритиш бўйича Ёшлар ишлари агентлигининг daftar.mehnat.uz электрон тизими жорий этилган. Бандлик идоралари ва Ёшлар ишлари агентлигининг жойлардаги марказлари билан биргаликда

мазкур тизимга маълумотларни шакллантириш ишлари ҳам амалга оширилмоқда.

Ўйлаймизки, 4-сектор томонидан олиб борилаётган ишлар ҳам аҳоли ҳамда ёшлар ҳаётини яхшилаш ва бу борада мавжуд муаммолар ечимида муҳим аҳамият касб этади.

– Мазмунли суҳбатингиз учун миннатдорлик билдирамиз.

ЎзА мухбири
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА
суҳбатлашди.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ олган сурат