САЙЁР ҚАБУЛ: АҲОЛИ МУАММОЛАРИГА ЕЧИМ ТОПИЛМОҚДА

Mart 3, 2021 0 By admin

Мамлакатимизда амалга оширилаётган  ислоҳотлар халқимизнинг турмуш фаровонлигини яхшилашга, муаммоларни бартараф этишга, аҳоли манфаатларини юқори даражага кўтаришга хизмат қилмоқда. Давлат идораларининг мутасаддилари халқ ҳузурига бориб уларни эшитиши, муаммоларини ўрганиши жамият тараққиётига салбий таъсир кўрсатаётган камчиликларни бартараф этишга хизмат қилмоқда.

Вилоят Давлат солиқ бошқармаси раҳбарияти ва IV сектор ишчи гуруҳи аъзолари томонидан Қарши шаҳрида сайёр қабул ўтказилди. Аҳолининг электр энергияси, ичимлик суви ва ички йўлларни таъмирлаш ҳамда ижтимоий масалалар билан боғлиқ талайгина муаммолари бор. Сайёр қабулда фуқароларнинг дастлабки мурожаатлари шу ҳақда бўлди.

Қарши шаҳри «Чақар» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Дилдора Саитқулова опаси Аминова Дилбарни даволатиш ва ногиронлик ҳисобига киритилишида, шунингдек, мазкур маҳаллада истиқомат қилувчи Насиба Авазованинг турмуш ўртоғида қандли деабит хасталиги борлиги ва қайноғаси 2-гуруҳ ногирони эканлиги туфайли уларни даволашда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилишди. Мазкур мурожаатлар шаҳар тиббиёт бирлашмаси вакиллари иштирокида кўриб чиқилиб, қисқа вақт ичида ҳал этиладиган бўлди.

Шунингдек, «Дарвозатутак» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Насиба Қозоқова «Ватан» кўчасидаги сув қувури ёрилганлиги учун қувурни таъмирлашда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Муаммо 5 кун муддатда ҳал этиладиган бўлди.

Сайёр қабулда турли масалалар юзасидан жами 17 нафар фуқаролардан 24 та мурожаатлар келиб тушди. Соғлиқни сақлаш масаласи бўйича 4 та, ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ 4 та, ички йўллар таъминоти юзасидан 3 та, электр энергияси бўйича 2 та, газ таъминоти юзасидан 1 та ва бошқа масалалар юзасидан 10 та мурожаатлар келиб тушди. 2 та мурожаатга ҳуқуқий тушунчалар берилган бўлса, яна иккита масала жойида бартараф этилди. Ечими вақт талаб қиладиган мурожаатлар ҳам тез орада бартараф этилади. Чунки ҳар бир масала юзасидан ижрочилар белгиланиб, уларга тегишли топшириқлар берилди.

Ўтказилаётган бу каби тадбирлар аҳолининг давлат идораларига бўлган ишончини оширишда, муаммоларни жойида ҳал қилишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Ф. ЖАББОРОВ