СОЛИҚ ҚАРЗИ ЭВАЗИГА МОЛ-МУЛК ХАТЛАНДИ

СОЛИҚ ҚАРЗИ ЭВАЗИГА МОЛ-МУЛК ХАТЛАНДИ

Fevral 22, 2021 0 By admin

Давлат бюджети даромадларини ортишида солиқлар муҳим аҳамиятга эгалиги ҳеч кимга сир эмас. Солиқларни тўлаш орқали давлат ва жамият ривожланишига ҳисса қўшилади. Солиқ мажбуриятларини ўз вақтида бажариш эса фуқароларнинг бурчидир. Кимдир бурчини ўз вақтида бажараётган бўлса, ундан бўйин товлаётганлар ҳам йўқ эмас.

Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси солиқ мажбуриятларини ўз вақтида бажармаётган ва солиқ қарзини тўламаётган шахслар юзасидан ваколати доирасида тегишли чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Қашқадарё вилоят Агрокимёҳимоя акционерлик жамиятининг бугунги кундаги солиқ қарзи 2 миллиард 800 миллион сўмни ташкил этади. Вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан вужудга келган солиқ қарзини узиш бўйича 2020 йилнинг декабрь ва 2021 йилнинг январь-феврал ойлари давомида бир неча талабномалар юборилган. Хатто, солиқ идораси ходимлари томонидан бориб огоҳлантирилишига қарамай, солиқ қарзини тўламасдан келинмоқда. Жамият масъуллари эса, турли хил важларни келтириш билан овора.

Вилоят давлат солиқ бошқармасининг тегишли қарорига асосан, вилоят Агрокимёҳимоя акционерлик жамияти тасарруфидаги «Патриот УАЗ», «Дамас» ва 2 та «Мототрейлер»лари солиқ қарзи учун хатловдан ўтказилиб, вақтинча сақлаш учун олиб қўйилди.

– Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 51-моддасида фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурлиги қайд этилган – дейди вилоят давлат солиқ бошқамаси масъул ходими Ҳасан Бўтаев. – Демак, солиқларни ўз вақтида тўлаш ҳар бир фуқаронинг қонуний бурчи. Лекин ўзларининг конституциявий бурчларини бажармай келаётган шахслар ҳам учрамоқда. Солиқ мажбуриятларини ўз вақтида бажармаётган шахслардан солиқ қарзини ундириш бўйича вилоят давлат солиқ бошқармаси раҳбариятини тегишли қарорига асосан хатлов тадбирлари амалга оширилмоқда. 2021 йилнинг ўтган даври мобойнида вилоятдаги солиқ қарзи мавжуд 256 та ташкилотларда хатлов тадбирлари амалга оширилиб, 40 миллиард сўмлик мол-мулклари хатланди. Бу каби тадбирлар вилоят миқёсида давом эттирилмоқда.

Шу куни вилоят давлат солиқ бошқармаси масъул ходимлари «Қашқадарё йўл қуриш-таъмирлаш» унитар корхонасида ҳам бўлишди. Мазкур корхонанинг бугунги кундаги солиқ қарзи 1 миллиард 123 миллион сўмни ташкил этмоқда. Бу ташкилот ҳам солиқлардан ҳосил бўлган қарзларни тўлаш юзасидан бир неча бор огоҳлантирилган. Солиқ қарзи тўланмагани боис, корхона тасарруфидаги ёқилғи ташиш машинаси ва бино-иншоотлари хатлаб олинди.

Солиқлар бюджет даромадларини тўлдириб, юртимиз тараққиёти, унинг ободлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги, аҳолининг ижтимоий муҳофазасига хизмат қилади. Шундай экан, солиқларни ўз вақтида тўлаб, юртимиз ривожига ҳисса қўшайлик.

Зариф КЕЛДИЁРОВ,

вилоят давлат солиқ бошқармаси масъул ходими