МАЪНАВИЯТ – ҲАР ИШДА МУҲИМ МАСАЛА

МАЪНАВИЯТ – ҲАР ИШДА МУҲИМ МАСАЛА

Fevral 9, 2021 0 By admin

Маънавиятга етарлича эътибор бермаслик жамиятни таназзулга олиб келади. Шундай экан, ҳар бир соҳадаги ишларни маънавият ва маданиятни юксалтиришдан бошлаш зарур.

Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишида «Жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони, руҳи маънавиятдир», дея таъкидлади. Дарҳақиқат, маънавий қадриятларсиз ва маънавий-миллий руҳсиз ҳеч бир давлат ўзининг юксак мақсадларига эриша олмайди.

Вилоят Давлат солиқ бошқармасида ижтимоий маънавий муҳит барқарорлигига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси мусулмонлар идораси вилоят вакиллиги раҳбари ўринбосари Муҳаммадхон Қораев, вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Алишер Қодировлар иштирок этди.

Бошқарма ишчи-ходимлари иштирокида ўтган учрашувда маънавий муҳитга таъсир этувчи салбий иллатлар, инсонни улуғликка етакловчи эзгу фазилатлар ҳақида фикр юритилди.

– Кимгадир сўз билан, маслаҳат билан ёки хайру саҳоват билан яхшилик қилинса, унинг мукофоти фақат яхшилик бўлади, – дея таъкидлади Ўзбекистон Республикаси мусулмонлар идораси вилоят вакиллиги раҳбари ўринбосари Муҳаммадхон Қораев. – Сизда бошқаларга нисбатан кўпроқ фойда бериш, яхшилик қилиш имконияти бор. Қийналганларга на давлатга, на жамиятга зарар етказмасдан тўғри маслаҳат, тўғри сўз билан ёрдамни аямаслик керак.

Маънавий қарашлар мустаҳкам бўлмаган жамоа борки, у ерда, албатта, таназзул ҳолатлари кузатилади. Қайси соҳада маънавий савияси юқори бўлган мутахассислар фаолият юритса, ўша соҳа равнақ топади. Шу боис ҳам барча соҳа вакиллари ҳаётида маънавият ажралмас аҳамиятга эга бўлиши керак.

Вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Алишер Қодиров йиғилишда ишчи-ходимларнинг маънавияти, дунёқараши ва касбий маҳорати ҳақида сўз юритар экан, уларнинг малакасини доимий равишда ошириб бориш юзасидан тавсиялар бериб ўтди.

Жамиятимизда маънавиятни кучайтиришда ҳамма бирдек масъулиятли бўлиши керак. Бу каби мазмунли маънавий тарғибот тадбирларини ташкил этилиши, ишчи-ходимларнинг  дунёқарашини юксалтириб, ватанпарварлик ва умуминсоний қадриятларнинг кучайишига хизмат қилади.

Зариф Келдиёров,

вилоят Давлат солиқ бошқармасимасъул ходими