ЁШЛАР СИЁСАТИ АМАЛДА

ЁШЛАР СИЁСАТИ АМАЛДА

Fevral 9, 2021 0 By admin

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги Фармони эълон қилинди.

Айтиш мумкинки, ушбу ҳужжат мамлакатимизда ёшларга ҳар жабҳада катта имкониятлар яратишга қаратилгани билан кўнглимизни тоғдек кўтарди.

 Унда ёшларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий муҳофазага муҳтож талабаларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, ижтимоий адолат тамойилини таъминлаш мақсадида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёшлар учун Ўзбекистон Республикаси Президенти гранти жорий этилиши белгиланди.

Қувонарлиси, олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони 25 фоизга ҳамда эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун давлат грантлари сони 2 бараварга оширилиши, шунингдек, хусусий олий таълим муассасаларида мутахассисларни тайёрлашга давлат гранти бериш тизими жорий этилиши белгиланди.

Шунингдек, академик таътил олишни истаган талабалар ўз ихтиёрига кўра академик таътил муддатига таълимнинг сиртқи ва масофавий шаклига ўтказилиб, уларга узлуксиз мустақил таълим олиш имконияти яратилиши қайд этилди.

 Оиласининг бетоб аъзосини парвариш қилиш сабабли анъанавий шаклдаги таълимни давом эттириш имконияти бўлмаган талабаларга ҳам академик таътилни олиш ҳуқуқи бериладиган бўлди.

Ушбу Фармон билан талабаларга ўқиш давомида академик таътил берилиши бўйича миқдорий чекловлар бекор қилиниши белгиланди.

Шунингдек, академик таътилдан қайтган талабаларни илгари ўзлаштирилган фанлар бўйича қайтадан ўқитиш амалиёти бекор қилиниши белгиланди.

Республикада талаб юқори бўлган касблар бўйича иқтидорли мутахассисларни нуфузли хорижий таълим, илмий ва бошқа муассасаларда тайёрлашнинг самарадорлигини тубдан ошириш мақсадида 2021 йил 1 апрелдан бошлаб «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали нуфузли хорижий олийгоҳларнинг магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар сони 5 баробарга оширилиши қайд этилди.

«Эл-юрт умиди» жамғармаси ҳисобидан хорижда бакалавриат таълим дастурлари бўйича ўқитиш тизими жорий этилиб, 2021 йилда 100 нафар ёшларнинг хорижга таълим олиш учун юборилиши белгиланди.

Бу каби берилаётган эътибор ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларни янги марралар сари етаклаши, шубҳасиз.

 Шукрона АмирҚулова,

Қарши муҳандислик-иқтисодиётинститути талабаси