З.МИРЗАЕВ: «ТОFЛИ ҚИШЛОҚЛАР АҲОЛИСИНИНГ ТАШВИШИНИ ЮРАКДАН ҲИС ҚИЛИШ УЧУН УЛАР БИЛАН БИРГА ЯШАБ КЎРИШ КЕРАК»

З.МИРЗАЕВ: «ТОFЛИ ҚИШЛОҚЛАР АҲОЛИСИНИНГ ТАШВИШИНИ ЮРАКДАН ҲИС ҚИЛИШ УЧУН УЛАР БИЛАН БИРГА ЯШАБ КЎРИШ КЕРАК»

Yanvar 26, 2021 0 By admin

Қашқадарёнинг тоғли ҳудудларида яшовчи аҳолининг ҳолидан хабар олиш, уларнинг ташвиш ва муаммоларини ўрганиб, ечим топиш мақсадида вилоят ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги сектор раҳбарлари 22-23 январь кунлари Майданак тоғи ён бағрида жойлашган Қамаши туманига қарашли олис Катта ўра қишлоғида оммавий қабул ўтказди.

Катта Ўра маҳалла фуқаролар йиғини Катта Тош, Кўкбулоқ, Янги қишлоқ, Янги ариқ, Қўға, Чит, Катта Ўра қишлоқларидан таркиб топган бўлиб, уларда 3 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Бу қишлоқлар макон топган тоғлар денгиз сатҳидан қарийб 2700 метр баландликда жойлашган. Мусаффо табиатли ҳудуд аҳлининг муаммолари, айниқса, қишнинг аёзида яққол кўзга ташланади. Шу боис оммавий сайёр қабул қор-қировли кунларга белгиланди.

Вилоят ҳокими бошчилигидаги секторлар раҳбарлари, корхона, ташкилот ва идоралар мутасаддиларидан иборат жамоанинг дастлабки манзили Кўкбулоқ қишлоғидаги тиббиёт бўлими бўлди. Шифо маскани ҳудудидаги Гулбулоқ чашмаси ёнида қишлоқ оқсоқоллари билан бирга қурбонлик келтирилиб, Қуръон тиловат қилинди.

Мазкур қишлоқда 20 дан ортиқ булоқлар бор. Меҳмонларга шу боис ҳам бу манзил Кўкбулоқ деб номланиши, булоқлардан бири тиббиёт бўлими ҳудудида жойлашгани, Гулбулоқ деб номланган бу булоқда қишда иссиқ, ёзда совуқ сув сизиб чиқиши ҳақида маълумот берилди.

Тиббиёт бўлими ўтган йилда реконструкция қилинган амбулатория ва янгидан бунёд этилган 15 ўринли шифохона биноларидан иборат. Бу ерда тоғ қишлоқлари аҳолисига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Вилоят ҳокими бошчилигидаги сектор ва идоралар раҳбарлари шифохонани кўздан кечириб, беморлардан ҳол-аҳвол сўрашди. Тоғлик кексалар билан соғлом турмуш тарзини ташкил этиш, соғлом овқатланиш мавзуларида суҳбат қуришди. Қишлоқ оқсоқоллари шифохонада тез тиббий ёрдам шахобчасини ташкил этиб, оғирлашиб қолган беморларни туман марказига элтиш учун йўлтанламас тез тиббий ёрдам машинаси билан таъминлаш масаласида ёрдам сўради. Мазкур шифохонада шифокор мутахассислар етишмаслигини маълум қилишди. Мутасаддилар томонидан тез орада бўлимга махсус автомашина ажратиш ва малакали шифокор жалб қилиш чоралари белгилаб олинди.

Шундан сўнг шу қишлоқда жойлашган 29-умумий ўрта таълим мактабида қишлоқ хотин-қизлари ва ёшлар билан учрашув ўтказилди. Дилдан суҳбат, самимий мулоқотлар жараёнида тоғлик аёлларнинг муаммоларига ечим изланди. Уларнинг моддий ёрдам, тадбиркорлик қилиш учун кредит ажратиш, болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш, аҳоли бандлигини ошириш юзасидан мурожаатлари бўйича айрим масалалар шу ернинг ўзида ҳал этилди. Қўшимча ўрганиш лозим бўлган масалалар бўйича тушунтириш берилиб, амалий натижаси маълум қилиниши белгилаб олинди.

Мисол учун, ногиронлиги бўлган ва боқувчисини йўқотган Мавжуда Абдураҳмонова 5 нафар фарзанди борлигини ва уларни тарбиялаш учун маблағ масаласида қийинчиликка дуч келаётганини билдирди. Унга 3 бош қўй ва тикув машинаси бериладиган бўлди. Азиза Самадова пишириқ цехи очиш ниятида эканини, бунинг учун кредит зарурлигини маълум қилди ва тижорат банклари томонидан унга зарур миқдорда кредит ажратиладиган бўлди. Касалманд қайнона-қайнотасига қарайдиган Дилдора Умировага ойлик маош ва иш стажи тайинлаш белгилаб олинди. Хотин-қизларнинг болалар боғчаси ташкил қилиш бўйича бир нечта мурожаатларига жавобан, қишлоқда оилавий боғча ташкил этиш истагида бўлган тадбиркор Абубакир Нормуродовга 15 миллион сўмлик мебель ва жиҳозлар бепул етказиб бериладиган бўлди.

Шу мактабда ташкил қилинган «Ҳоким ва ёшлар» учрашувида қишлоқ ёшлари интилувчан ва ташаббускор эканликларини яққол намоён этди. Балиқчилик, қуёнчилик, асаларичилик йўналишларида ўз тадбиркорлигини йўлга қўймоқчи, меҳмонхона, уй-меҳмонхона қурмоқчи бўлган ўндан ортиқ ёшларга мазкур йўналишларнинг афзаллик жиҳатлари батафсил тушунтирилиб, зарур миқдорда кредит маблағлари ажратиладиган бўлди. Деҳқончилик ва боғдорчилик қилиш мақсадида ер сўраган ёшларга эса яхлит ҳудуд танлаб олиниб, «бир маҳалла – бир маҳсулот» тамойили асосида интенсив боғ ташкил  қилиш ва мазкур боғни ёшларга бўлиб бериш белгилаб олинди. Катта Ўра маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 29- ҳамда 85-мактабларда сунъий қопламали стадион барпо этиш, аҳолининг узоғини яқин қилиш учун бу ерда давлат хизматлари марказининг филиалини очиш чоралари кўриладиган бўлди.

Маълумотларга қараганда, мазкур маҳалла фуқаролар йиғинида «Темир дафтар»га киритилган оилалар сони 11 тани ташкил этади. 9 та боқувчисини йўқотган оила, 19 нафар ногиронлиги бўлган шахслар, 2 нафар оғир ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар истиқомат қилади. «Ҳоким ва ёшлар» учрашуви алламаҳалгача давом этиб, қош қорайиб қолганига қарамай, вилоят секторлари раҳбарлари мазкур оилалар ҳолидан хабар олишни унутмади. Уларнинг яшаш шароитлари билан яқиндан танишиб, ун, ёғ ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.

Тунга бориб, оммавий қабул ўзига хос тарзда ташкил этилган қор сайлига уланиб кетди. Сектор раҳбарлари қишлоқ аҳли билан гурунгни гулхан атрофида давом эттирди. Таниқли санъаткорлар, шоир ва бахшилар ўз чиқишлари билан барчага хушнудлик улашди. Танаси бошқа дард билмас, дейди доно халқимиз. Тоғли қишлоқлар аҳолисининг ташвишини юракдан ҳис қилиш учун улар билан бирга яшаб кўриш керак эди. Вилоят ҳокими бошчилигидаги сектор раҳбарлари шундай қилишди. Кўкбулоқ қишлоғидаги хонадонларда бир кеча тунаб қолиб, ҳудуд аҳли қиш-қировли кунларда қандай ҳаёт кечиришини ўз кўзлари билан кўришди.

Оммавий қабулнинг иккинчи куни ишчи гуруҳ аъзоларининг ҳудудда жойлашган Майданак обсерваторияси сафари билан бошланди. 2 соатлик уринишлардан сўнг, тоғ йўлини қоплаган қалин қор тозаланди. Раҳбарлар Майданак тоғларининг энг баланд чўққисигача махсус машиналарда чиқиб бордилар. Қалин қор чўққилар ортидан чиқиб келаётган қуёшнинг заррин нурларида товланиб, ажиб манзара касб этди. Бироқ обсерваториясигача бўлган масофани босиб ўтишнинг имкони бўлмади. Чунки куни кеча об-ҳавонинг кескин совиб кетиши натижасида кучли қорнинг қалинлиги ярим метрга етганди. Хавфсизлик нуқтаи назаридан вилоят раҳбарлари ортга қайтишга мажбур бўлди. Шундай бўлса-да, кўзланган мақсадга эришилди: шу ерда хизмат бурчини ўтаётган ҳарбийларга мўлжалланган совға-саломлар ўз эгаларига етказилди.

Шундан сўнг Майданак ҳудудидаги воқеликлар Қўға қишлоғидаги катта кўпкари билан давом этди. Унда вилоят ва туман раҳбарлари, тадбиркорлар ҳамда эл кайвонилари томонидан зотлар айтилди. Бу зотлар учун нафақат қашқадарёлик, балки қўшни вилоят ва республикалардан келган човандозлар муросасиз кураш олиб борди. Улоқ-кўпкарининг бош соврини – вилоят ҳокими томонидан қўйилган зот – бир той, бир миллион 500 минг сўм пул, бир телевизор, бир гилам, бир микропечга деҳқонободлик Дилшод полвон «Қоратўра» лақабли оти билан эга чиқди. Кўпкаридан кейин яна 29-мактабга қайтган вилоят ҳокими мактаб ёшларига дутор, тамбур, доира, гитара каби жами ўттиздан ортиқ мусиқа асбобларини совға қилди. Вилоят суди раиси ўқувчиларга китоб жамланмасини топширди. Ёшлар бу имкониятлардан унумли фойдаланиб, билимларни пухта ўзлаштиришга, ўз ансамблларини ташкил қилишга ваъда беришди.

Зойир Мирзаев мактабда ёшлар билан волейбол ўйнади. Шундан сўнг оммавий қабул яна Кўкбулоқ қишлоғидаги тиббиёт бўлимида давом этди. Сектор раҳбарлари фуқароларнинг турли йўналишдаги мурожаатларини қабул қилди. Энг муҳими, бу мурожаатларда шикоятдан кўра таклифлар кўпроқ бўлди.

Оммавий қабул чоғида мазкур қишлоқлар аҳолисига арзон нархларда ун тарқатилди, «Ҳудудгаз Қашқадарё» филиали томонидан қўшимча газ баллонлари етказиб берилди, Қўға қишлоғи аҳолиси учун янги трансформатор ўрнатилди. Бир сўз билан айтганда, оммавий қабул чоғида Катта Ўрадаги бир қанча муаммолар ўша заҳоти ҳал этилган бўлса, яна бир қанчасини бартараф этиш чоралари белгилаб олинди. Қўшимча ўрганиш лозим бўлган масалалар бўйича тушунтириш берилиб, амалий натижаси маълум қилинадиган бўлди.

Аҳолининг яшаш тарзи билан яқиндан танишиш, уларни қийнаб келаётган муаммоларга ўз вақтида ечим топиш мақсадида ўтказилган сайёр қабул одамларнинг ҳаётга бўлган ишончини янада ошириш, турмуш фаровонлигини яхшилашга хизмат қилади.

Ў.БАРОТОВ, ЎзА