ЯНГИЛИКЛАР ТАДБИРКОРЛИК РИВОЖИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

ЯНГИЛИКЛАР ТАДБИРКОРЛИК РИВОЖИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Yanvar 20, 2021 0 By admin

Солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар, янгиликларни солиқ тўловчиларга етказиш мақсадида семинар ташкил этилди. Видеоконференция алоқа тарзда ўтган семинарда шаҳар, туманлардан солиқ тўловчилар иштирок этди.

Семинарни Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Азамат Бозоров олиб борди.

  Таъкидландики, Муҳтарам Президентимиз бошчилигида солиқ тизимини ислоҳ қилиш доирасида қабул қилинган янги таҳрирдаги Солиқ кодексига бир йил тўлди.

Мамлакатимиздаги пандемия шароитида короновируснинг салбий таъсирини юмшатиш мақсадида, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари билан бир қатор солиқ имтиёзлари ва преференциялар белгиланди.

Ушбу меъёрларга асосан,  Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 30 декабрдаги «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги  ЎРҚ-659-сонли Қонуни билан Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали унга мувофиқлаштирилди.

Эндиликда барча солиқ турлари бўйича солиқ ставкалари Солиқ кодекси билан белгиланиши қайд этилди.

Бунда, акциз солиғининг ставкалари, маҳсулот нархи динамикасидан ва уни реализация қилиш, шу жумладан импорт қилиш ҳажмидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан йил давомида қайта кўриб чиқилиши мумкинлиги белгиланди.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва вилоятлар халқ депутатлари Кенгашларига туристик зоналарда жойлашган алоҳида санаторий-курорт объектлари эгаллаган ер участкаларига нисбатан мол-мулк солиғи ва ер солиғининг камайтирилган ставкаларини белгилаш ёки солиқ тўлашдан озод қилиш ҳуқуқи берилди.

Барча солиқ турлари бўйича солиқни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг амалдаги тартиби, шунингдек солиқ ставкаси миқдорлари сақлаб қолинди.

-Шунингдек, қўшилган қиймат солиғи тўловчи корхоналар доирасини кенгайтириш ҳамда  қўшилган қиймат солиғи занжирининг узилишини олдини олиш мақсадида тушум ҳажмидан қатъий назар алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пивони чакана сотиш бўйича турғун савдо шахобчалари, бозор ва савдо комплекслари ҚҚС тўловчи корхоналар ҳисобланиши белгиланди: – дейди ўз маърузасида Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Алишер Қодиров.

Солиқ қонунчилигимизга киритилган мазкур ўзгартиришлар мамлакатимизда тадбиркорликка янада эркинликлар бериш ҳамда уни ривожлантириш ҳисобига солиқ тушумларини кўпайишига хизмат қилади.

Семинарда иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга жавоблар қайтарилди.

вилоят Давлат солиқ бошқармаси Матбуот хизмати