ЁШЛАР БИЛАН УЧРАШУВ

ЁШЛАР БИЛАН УЧРАШУВ

Dekabr 28, 2020 0 By admin

Вилоят Давлат солиқ бошқармасида “Ёшлар фестивали” доирасида ўтаётган “Сектор раҳбарлари ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.

—Аввало, Сиз – фаол, интилувчан, ташаббускор ёшлар билан учрашиб турганимдан мамнунман:-дейди ўзи сўзида Қашқадарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Фахриддин Муҳаммадиев.-Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, биз бугун олдимизга катта мақсадлар қўйдик. Мамлакатимизда бошланган кенг кўламли ислоҳотларни ёшларимиз давом эттиради. Бу соҳада нима қилишимиз, ўзимизга муносиб ўринбосарлар тайёрлаш борасида қандай ишларни амалга оширишимиз керак, деган фикр кўплаб саволларга жавоб топишга ундайди.

Ислоҳотларни рўёбга чиқаришда ёшларнинг ўрни ва роли жуда муҳим, албатта. Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотларни амалга оширишда ёшлар фаоллигини таъминлашдан ташқари, уларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш учун ҳам ҳозирданоқ ишни тизимли равишда ташкил этишимиз даркор, дея таъкидланди учрашувда.

Шундан сўнг ёшларни муаммоларини ўрганиш ва унга ечим топиш мақсадида олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтилди. 

Жорий йилда бевосита вилоят 4-сектор раҳбари томонидан вилоятдаги ёшлар билан 11 марта сайёр қабул учрашувлар ўтказилди.

Унда 108 нафар ёшлардан 112 та масалага оид, жумладан, бандликни таъминлаш бўйича, банк кредитлари ажратилиши тўғрисида, тадбиркорликни бошлаш юзасидан, халқ таълимида шарт-шароитлар яратишга доир мурожаатлари тингланиб, ушбу мурожаатларни 68 таси ҳал этилди.

Шунингдек, тадбир давомида ёшлар бандлигини таъминлаш учун берилаётган солиқ имтиёзлари ҳақида ҳам фикр юритилди. Аҳолини, айниқса ёшлар қатламини бандлигини таъминлаш мақсадида Президентимиз томонидан 2020 йил 8 июнда «Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4742-сон қарори имзоланди.

Қарорда ўзини ўзи банд қилган шахслар 2020 йил 1 июлдан бошлаб шуғулланиши мумкин бўлган 67 та тури белгилаб берилди.

Солиқ қўмитаси томонидан биринчи навбатда ўзини ўзи банд қилмоқчи бўлган шахсларга қулайликлар яратиш мақсадида, фойдаланиш учун осон бўлган мобил илова ишга туширилди.

Ўзини ўзи банд қилган шахслар 2020 йил учун ижтимоий солиқни ишлаган давридан қатьи назар базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизини ёки 111 500 сўм бир маротаба тўлайдилар ва ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига йўналтирилади ва якка тартибдаги тадбиркор учун ўрнатилган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланади.

Сизларга тушунарли бўлиш учун битта мисол келтираман. Масалан, сартарошлик хизмати. Ушбу фаолият тури ҳам 67 та фаолият рўйхатига киритилган. Шу пайтга қадар сартарошлар якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият кўрсатарди. Улар, масалан Қарши шаҳрида ҳар ойда 150 минг қатъий белгиланган солиқ ва 111 500 сўм ижтимоий солиқ тўлар эдилар. Эндиликда, 2020 йил якунига қадар фақатгина 111 500 сўм миқдорида ижтимоий солиқни тўлайдилар холос.

Бундан ташқари, ўзини ўзи банд қилган шахслар учун назарда тутилган фаолият турлари билан шуғулланувчи, иштирокчилари сони камида уч нафар бўлган оилавий корхоналар айланмадан солиқни белгиланган миқдордан 50 фоизга камайтирилган ставкада тўлайдилар.

Ҳозирги кунга қадар 38 587 нафар фуқаролар ушбу имкониятлардан фойдаланиб, ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтдилар.

Шунингдек, фаолиятини янгидан бошлаган тадбиркорлар солиқларни рўйхатдан ўтган ойнинг кейинги ойидан тўлайдилар (авваллари, рўйхатдан ўтган ой учун тўлиқ тўланар эди).

Шундан сўнг вилоятда солиқ тизимида фаолият кўрсатаётган ёшлар ҳақида ҳам маълумотлар бериб ўтилди.

Қашқадарё вилояти давлат солиқ хизмати органларида жами 199 нафар 30 ёшгача бўлган ёшлар меҳнат қилмоқда. Улардан 117 нафари олий, 82 нафари ўрта махсус маълумотли ёшлардир.

Бугунги кунда Давлат солиқ инспекцияларида 20 нафар 30 ёшгача бўлган ёшлар турли даражадаги раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилмоқдалар.

Жумладан, 1 нафар инспекция бошлиқнинг биринчи ўринбосари, 1 нафар инспекция бошлиғининг ўринбосари, 15 нафар бўлим бошлиғи, 3 нафар ёшлар шўъба бошлиғи вазифасида ишлаб келмоқдалар.

20 нафар биз учун чегара эмас. Лойиқ кадрларни, ёш бўлса ҳам раҳбар лавозимларга тайинлашга тайёрмиз. Ватан учун садоқат билан хизмат қилса бўлди. Президентимиз таъкидлаганларидек, тажрибани уларга ўзимиз ўргатамиз, дейилди учрашувда.

Шундан сўнг ёшлар ўзларини қизиқтирган таклиф ва саволлари билан мурожаат қилдилар. Уларга атрофлича жавоблар қайтарилди.

Тадбир давомида ёшлар вилоят давлат солиқ бошқармаси бўлимлари фаолияти билан ҳам танишдилар.

Ёшларга эсдалик совғалари топширилди.

Ф. ЖАББОРОВ,

вилоят Давлат солиқ бошқармаси Матбуот хизмати раҳбари