ЗОЙИР МИРЗАЕВ: «ЎЗ ТАШВИШИДАН ЭЛ ТАШВИШИНИ УСТУН ҚЎЯДИГАН ДЕҲҚОНУ ФЕРМЕРЛАР МЕҲНАТИ ДОИМ ЭЪТИРОФГА МУНОСИБ»

ЗОЙИР МИРЗАЕВ: «ЎЗ ТАШВИШИДАН ЭЛ ТАШВИШИНИ УСТУН ҚЎЯДИГАН ДЕҲҚОНУ ФЕРМЕРЛАР МЕҲНАТИ ДОИМ ЭЪТИРОФГА МУНОСИБ»

Dekabr 15, 2020 0 By admin

Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни Қашқадарё вилоятида ҳам кўтаринки руҳда нишонланди. Ушбу сана муносабати билан вилоят маркази Қарши шаҳри ва барча туманларда қишлоқ хўжалигининг фидойи ходимлари иштирокида байрам тадбирлари ташкил этилди.

Чироқчи тумани «Жўра бобо Бойқулов» фермер хўжалиги раҳбари Ҳолмурод Бойқулов жорий йилдаги фидокорона меҳнатлари учун «Nexia-3» автомашинаси билан тақдирланди.
Автомашина калитини вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ва «Чирокчи Кластер» МЧЖ раҳбари Ойбек Қосимовлар топширди.

– Айни шу кунларда, барча соҳаларда бўлгани каби қишлоқ хўжалиги тармоғида ҳам деҳқонлар тили билан айтганда «ғалвир сувдан кўтарилиб» сарҳисоб қилинмоқда. Эришилган ютуқлар омили ҳақида фикрлашиб, йўл қўйилган камчиликлар ўрганилиб, келгуси режалар тузилмоқда.

Якунига етаётган жорий йилда қийинчиликларга қарамасдан, вилоят бўйича 808,6 минг тонна ғалла, 383,4 минг тонна пахта, 714,8 минг тонна сабзавот, 187,9 минг тонна картошка, 315,7 минг тонна полиз маҳсулотлари, 149,5 минг тоннага яқин мева, 2013 тонна пилла, 132,4 минг тонна гўшт, 523,8 минг тонна сут ва 270,9 миллион дона тухум тайёрлашга эришилди. Жами бўлиб 19 триллион 904 миллион сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилди. Ўз ташвишидан эл ташвишини устун қўядиган деҳқону фермерлар меҳнати доим эътирофга муносиб, – дея таъкидлади вилоят ҳокими Зойир Мирзаев соҳа ходимларига йўллаган табригида.

Таъкидландики, жорий йилда Fузор туманида илк бор соя етиштирилди. Чироқчи ва Косон туманида етиштирилган 12,4 минг тонна тарвуз, қовун маҳсулотлари четга экспорт қилинди.

Вилоят туманларидаги тоғли чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи ёшлар учун «Ҳар бир ёшга бир гектар» лойиҳаси доирасида 849 гектар ер майдонлари ажратилиб берилди. Мавсум аввалида озиқ-овқат маҳсулотларини эккан ёшлар дастлабки ҳосилни олишга муваффақ бўлди. Улар деҳқончилик, чорвачилик ортидан даромадга эга бўлиш ҳақида соҳанинг тажрибали ходимларидан ўрганмоқда.

Ер-сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалигига бозор муносабатларини кенг жорий этиш, фан-техниканинг илғор ютуқларини жадал қўллаш натижасида – аввало соҳа ходимларининг даромади ошмоқда. Экологик тоза ва экспортбоп маҳсулотлар етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг эҳтиёжини қондириш тобора долзарб аҳамият касб этаётгани боис, кейинги икки йил ичида ҳосилдорлиги паст бўлган 1,8 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари ўрнига мева-сабзавот ва озуқа экинларини етиштириш йўлга қўйилди. 1,4 минг гектар ерда интенсив боғлар, 118 минг гектарда замонавий иссиқхоналар барпо қилинди. 46,3 минг гектарда сабзавот ва картошка, 63,3 минг гектарда дуккакли ва мойли экинлар, 74,1 минг гектарда озуқа экинлари етиштириш орқали ўтган йилдагига нисбатан 106 фоиз кўп фойда олинди.

Йилдан-йил ўзининг самарадорлигини намоён этаётган кластер усулининг нафақат пахтачиликда, ғаллачилик, мева-сабзавотчилик, паррандачилик, чорвачилик, балиқчилик ва пиллачиликда қўлланилиши соҳа ривожини таъминлаш ҳамда фан-техника ютуқларини кенг қўллашнинг омили бўлмоқда. Жорий мавсумда 384 минг тонна ғалла деҳқон ва фермерлар ихтиёрида қолдирилгани аввало айни шу йўналишдаги натижадорликни намоён этади, қолаверса ер эгасининг манфаати ҳимоя қилинаётганини кўрсатади.

Тантанали байрам тадбирларида бир гуруҳ соҳа фидойилари қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Эл суйган санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури тадбирга ўзгача файз бағишлади.

Ў.БАРОТОВ,

ЎзА