CОЛИҚ ОРГАНИ ВА БАНК ТИЗИМИ ЎРТАСИДА ЭЛЕКТРОН МАЪЛУМОТ АЛМАШИШ

Dekabr 15, 2020 0 By admin

қандай амалга оширилади?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 ноябрдаги 736-сонли қарори қабул қилинди. Қарор билан «Солиқ тўловчининг банк ҳисобварақлари билан боғлиқ операциялар бўйича cолиқ органи ва банк тизими ўртасида электрон маълумот алмашиш тартиби тўғрисида»ги низоми тасдиқланди.

Ушбу Низом солиқ тўловчининг солиқ қарздорлигини ундиришда (тўлашда) ҳамда банк ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туришда (тўхтатиб туришни бекор қилишда) солиқ органи ва банк тизими ўртасида электрон шаклда маълумотлар алмашиш тартибини белгилайди.

 Ушбу Низом қоидалари солиқ мажбуриятига эга бўлган юридик шахслар, чет эл юридик шахсининг Ўзбекистон Республикасидаги доимий муассасаси ва якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан татбиқ этилади.

 Банклар қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқ органи ва банк тизими ўртасидаги маълумотлар алмашинувини таъминлаш мақсадида узатиладиган ва қабул қилинадиган маълумотларни Марказий банк ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланган техник ҳужжатларга мос ҳолда қабул қилиш, қайта ишлаш ва узатиш бўйича мажбуриятни ўз зиммасига олади.

 Банк хабарномаларига қўйиладиган талаблар

Банк томонидан солиқ тўловчи ҳисобварағида пул маблағи йўқлиги (етарли эмаслиги) сабабли қабул қилиб олинган тўлов топшириқномаси ёки солиқ органи инкассо топшириқномасининг бажарилмаганлиги (қисман бажарилганлиги) тўғрисида электрон кўринишдаги банк хабарномаси  кейинги кундан кечиктирмай солиқ органига юборилади.

 Банк томонидан юборилган хабарнома маълумотлари Давлат солиқ қўмитаси томонидан солиқ тўловчи шахсий карточкасининг тўлов топшириқномалари ёки инкассо топшириқномалари менюсига автоматик равишда ёзилади.

 Тўлов ёки инкассо топшириқномаси тўлиқ ижро қилинган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмаган ҳолда банк томонидан солиқ органига электрон хабарнома юборилади.

 Тўлов ва инкассо топшириқномалари асосида солиқлар ва йиғимларни ундириш (тўлаш) тартиби

 Солиқ тўловчилар солиқлар бўйича юзага келган мажбуриятини бажариш учун ўзининг банк ҳисобварағида пул маблағи бор-йўқлигидан қатъий назар Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида белгиланган тўлов муддатидан кечиктирмасдан тўлов топшириқномасини хизмат кўрсатувчи банкдаги асосий ҳисобварағига тақдим этиши шарт.

Инкассо топшириқномаларининг шакли ва таркиби Марказий банк ва Давлат солиқ қўмитаси ўртасида тасдиқланадиган техник ҳужжат билан белгиланади.

 Солиқ тўловчининг солиқларни тўлаш бўйича тўлов топшириқномаси хизмат кўрсатувчи банкка қоғоз ёки электрон шаклда, Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтидаги шахсий кабинети орқали электрон шаклда ижро учун тақдим этилади.

 Солиқ тўловчининг тўлов топшириқномаси фақат солиқ органининг электрон шаклдаги сўровномаси асосида 2-сон картотекадан чақириб олиниши мумкин. Бунда банк ижродан олинган тўлов топшириқномаси бўйича шу куннинг ўзида солиқ органига электрон шаклда хабарномани юборади.

 Солиқ органи томонидан белгиланган шаклда инкассо топшириқномаси солиқ тўловчининг асосий банк ҳисобварағига электрон шаклда қўйилади.

 Солиқ тўловчи белгиланган тўлов муддатига қадар солиқларни тўлаш учун тўлов топшириқномасини хизмат кўрсатувчи банкка тақдим этмаган тақдирда, солиқ органи томонидан Солиқ кодексида белгиланган тўлов муддати тугагач уч иш кунидан кечиктирмасдан инкассо топшириқномаси шакллантирилади ва электрон шаклда онлайн режимида мажбуриятга эга шахснинг асосий ҳисобварағи очилган банкка юборилади.

 Солиқ органи томонидан инкассо топшириқномаси билан бир вақтнинг ўзида солиқ мажбуриятига эга шахснинг чет эл валютасидаги талаб қилиб олгунча депозит ҳисобварағига валюта маблағларини сотиш учун электрон топшириқнома юборилади. Бунда чет эл валютасини сотиш билан боғлиқ харажатлар шу мажбуриятга эга шахс ҳисобидан амалга оширилади.

 Солиқ тўловчининг тўлов топшириқномаси ёки солиқ органининг инкассо топшириқномаси банк томонидан олинган кундан кейинги бир иш куни ичида, валюта ҳисобварақларидан ундиришда эса икки иш кунидан кечиктирмай бажарилиши шарт.

Қонун ҳужжатлари талабларига мос келмайдиган ёки реквизитларида хатоликлар мавжуд бўлган тўлов ҳужжатларини ижросиз қолдириш бундан мустасно.

 Солиқ тўловчининг тўлов топшириқномаси ёки солиқ органининг инкассо топшириқномаси унинг ҳисобварағида пул маблағлари етарли бўлмаганлиги сабабли бажарилмаган (қисман бажарилган) тақдирда, тўлов ёки инкассо топшириқномаси ижроси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда солиқ тўловчининг бошқа банк ҳисобварақларидаги маблағларига қаратилади.

Бунда муддатли депозитларга жойлаштирилган маблағлар ҳисобидан солиқ қарзини тўлов ҳужжатлари асосида ундириш, уларнинг амал қилиш муддати тугагандан кейин амалга оширилади.

Муддатли депозит ҳисобварақларига 2-сон картотека шаклланганидан кейин тушган маблағлар асосий ҳисобвараққа ўтказилади ва солиқ қарздорликларини қоплашга йўналтирилади.

 Тўлов ёки инкассо топшириқномалари асосий талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағида шаклланган 2-сон картотекадан қисман ёки тўлиқ чақиртириб олинган тақдирда, шу миқдордаги суммани муддатли депозит, корпоратив карталар ҳамда чет эл валютасини сотиш тўғрисидаги топшириқномалар тўлиқ ёки қисман чақиртириб олинган деб ҳисобланади.

 Солиқ органи томонидан инкассо топшириқномаси (солиқ тўловчининг тўлов топшириқномаси) Солиқ кодексида белгиланган тартибда ижросиз чақириб олинади.

 Солиқ органи инкассо топшириқномаларини чақириб олиш тўғрисида банкка электрон топшириқнома юборади. Бунда банк солиқ органига инкассо топшириқномасини ижросиз қайтарганлиги тўғрисида шу куннинг ўзида электрон хабарнома юборади.

 Солиқ тўловчининг банк ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тартиби

Солиқ тўловчиларнинг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриши солиқ органи томонидан ушбу Низомга мувофиқ шаклдаги қарорга асосан ўн кундан кўп бўлмаган муддатга солиқ тўловчиларнинг (солиқ агентларининг) солиқ мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш учун Солиқ кодексининг 111-моддасида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Агар, солиқ органи томонидан солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларини тўхтатиб туриши тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун муддатда судга илтимоснома билан мурожаат этилмаган тақдирда, солиқ тўловчининг ҳисобварақалари бўйича операцияларни тўхтатилиши тижорат банклари томонидан бекор қилинади.

Бунда, солиқ органи томонидан судга юборилган илтимосноманинг нусхаси тегишли банкка Солиқ органларининг шахсий ҳисобварақларни юритиш тизими орқали электрон шаклда онлайн юборилиши шарт.

 Солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриши тўғрисида солиқ органининг қарори тегишли банкка Солиқ органларининг шахсий ҳисобварақларни юритиш тизими орқали электрон шаклда онлайн юборилади ҳамда ушбу юборилган сана ва вақт банк томонидан ушбу қарор олинган сана ва вақт деб тушунилади.

Бир вақтнинг ўзида солиқ органи томонидан солиқ тўловчининг шахсий кабинетига унинг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операциялар тўхтатиб турилиши тўғрисида  хабарнома бунинг сабаблари кўрсатилган ҳолда юборилади.

Агар, солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларини ўн кундан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорни тижорат банкига юбориш санаси қонунчиликда белгиланган тартибда дам олиш ва (ёки) иш куни бўлмаган кун деб эътироф этиладиган кунга тўғри келса, у ҳолда солиқ органи қарорининг юборилган сана дам олиш кунидан ва (ёки) иш куни бўлмаган кундан кейинги иш куни ҳисобланади.

Солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисида солиқ органининг қарори Солиқ кодексининг 112-моддаси биринчи қисмида белгиланган ҳолларда ва муддатларда солиқ органининг ушбу Низомга мувофиқ шаклдаги қарорига асосан бекор қилинади.

 Солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туришни бекор қилиш тўғрисидаги қарор Солиқ кодексининг 112-моддасига мувофиқ банкка электрон шаклда бундай қарор қабул қилинган кундан кейинги кундан кечиктирмай юборилади.

Банклар томонидан солиқ органи қарорининг бажарилиши

Солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисида солиқ органининг қарори қабул қилинганидан сўнг солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) номи ва (ёки) унинг солиқ органининг қарорига мувофиқ операциялар тўхтатиб турилган банкдаги ҳисобварағи реквизитлари ўзгарса, мазкур қарор банк томонидан ўз номини ўзгартирган солиқ тўловчига (солиқ агентига) ва реквизитлари ўзгартирилган ҳисобвараққа нисбатан ижро этилиши шарт.

Солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисида солиқ органининг қарори олинганидан сўнг банклар ушбу солиқ тўловчига (солиқ агентига) янги ҳисобварақлар, омонатлар ва депозитлар очишга ҳақли эмас, бундан қонун ҳужжатларига мувофиқ ундирув йўл қўйилмайдиган ҳисобварақлар мустасно.

 Низом талабларига риоя қилмаган айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

З.САЛОМОВА,ВДСБ Давлат солиқ бош инспектори