ҚОРДЕК ОППОҚ…

ҚОРДЕК ОППОҚ…

Dekabr 15, 2020 0 By admin

(Воқеий ҳикоя)

Бугун санъат коллежи концерт залида ўтказилган «навоийхонлик» байрамида бир хонанда севги мавзусида шеър ёзиб беришимни илтимос қилди. Аслида, «буюртма»га шеър ёзмаганман. Яна севги -бугунги кун қўшиқчиларининг «ўлдим-куйдим» мавзусида. Аслида, севги «буюртма» қилинадиган мавзу эмас. Асл хонанда юракдан яралган шеърни топиб, қўшиққа айлантиради. Кейин унинг қўшиғи худди Абдулла Орипов шеъри, Шерали Жўраев мусиқаси билан дунёга келган «Биринчи муҳаббатим»дай мангу яшаб қолади. Шунинг учун ўша хонандага рад жавобини бердим:

– Маъзур тутасиз, мен севги олдида қарздорман. Болалигимдан бери, гўёки ўша мактубнинг ичига қамалиб олганча у мени қувиб юргандек бўлади, назаримда…

* * *

Бу воқеанинг бўлиб ўтганига анча йил бўлса-да, унинг қаҳрамонлари ҳануз кўз олдимда бири маъюс жилмайиб, бириси эса қошларини чимирганча гавдаланиб туради. Билмадим, уларнинг бир-бирига етишишига, «севги нима?» тушунмаган бир болакайнинг соддалигими, Козимнинг ота-онасими ва ёки ўша атиргулми, қай бири тўсқинлик қилди? Эсласам, қалбимда ўша тун ёққан қорнинг унсиз шивирлаши, деразадаги гулларнинг йиғилари эшитилаверади. Яна ўша – эгасига етмаган севги мактуби ортимдан қуваверади…

Қарши шаҳридаги марказий болалар шифохонасига ошқозоним оғриб келганимга уч кун бўлган эди ўшанда. Куз ўз ўрнини қишга бўшатиш арафасида… Осмонни булут қоплаган, ҳаво эса дилбар қизнинг нигоҳидек тиниқ, киприкларидек пирпираб-пирпираб оҳиста қор ёғмоқда. Деразадаги хона гуллари «биз учун ҳаётнинг ҳар нафаси баҳор» дегандек керилиб турибди. Операциядан чиққан болалар ётган жойида менинг дераза оша қорга энтикиб қараб турганимни кўриб, орзиқиб, ҳавас билан қараб турганини кўриб, секин келиб ўрнимга чўзилдим ва қўлимга китобни олдим. Ҳаворангга бўялган эшик очилиб, палатага елкасидан тушиб турган жингалак сочлари ўзига ярашган бир қиз кириб келди.

– Кечирасизлар, шу ерга Азизова (ҳикоядаги исм-шарифлар ўзгартирилган) келмадиларми? – деди секингина худди беморларни безовта қилиб қўядигандек. Негадир унинг тили эмас, сал чимирилган қоши остида дунёнинг бор гўзаллиги уннаб қолган кўзлари сўзлаётганга ўхшарди. Сўзларкан, хонадан кимнидир кўзлари билан излар ва чақирар эди.

– Эшитмадингизми, қизим? Ази зовани марказга чақиришди. Ўрнига яқинда ишга келган Fиёсжон исмли узун бўйли, эслигина, оппоққина врачни тайинлаб кетишди, -рўмоли билан ухлаб ётган неварасининг устини ёпиб қўяётиб деди палатанинг «донишманд» момоси. – Шундай йигитни туққан онасига раҳмат. Кеча навбатчилигида неварагинамни ўзи операция қилди. Қўлларидан айланай, енгилгина экан…

Эшик бу сафар шаҳд билан очилди. Момонинг сўзлари оғзида қолди.

– Фарида, врач қани? Яна синглингнинг мазаси қочаяпти. Тез топ, қизим, – палатага йиғлаб кирган аёлнинг сочлари тўзиб, кўзлари шишиб кетган эди.

Онасининг изидан югуриб чиқаётган Фарида опа эшикдан кириб келаётган ёш шифокор Fиёс акага урилиб кетди.

Бир зум уларнинг кўзлари тўқнашди. «Донишманд» момонинг «қизим, боя мен айтган дўхтир мана шу йигит бўлади » деган сўзлари уларни ҳушига келтирди.

Фарида опа «кетдик» дедию, Fиёс ака иккаласи қаторлашиб рўпарадаги хонанинг ўнг ёнидаги палатага кириб кетишди. Мен ва Хайриддин исмли боланинг касалимиз «енгил» бўлгани учун бошқа беморлар каби «ётиб» олмасдан, палаталарни бемалол айланиб юрардик.

Зиёмуҳаммад Шерқулов иккаламизнинг ҳам шифокоримиз эди. Дарвоқе, беморлар шифохонадаги барча шифокорларни фамилиясини айтиб мурожаат қилишар эдилар. Фақат Fиёс акагина исми билан чақириларди, фамилиясини ҳеч қайсимиз билмас эдик.

Ўша куни Фарида опанинг синглисини операция қилиб, кўричагини олиб ташлашди. Кечқурун бизнинг палатамизда Шерқулов ҳамда «донишманд» момо ўтмиш воқеалари, ривоятлару ҳикматлар ҳақида суҳбатлашиб ўтиришарди. Ҳар замонда Зиёмуҳаммад ака менга ҳазиллашиб, «эшитиб қўй, шоир, бу нарсалар ҳали сенга кўп керак бўлади», деб қўярди. Шу пайт эшик очилиб, палатага «Салом» деб Fиёс ака кириб келди. Шунда Зиёмуҳаммад ака, «узр моможон, мен борай, қишлоқдан онамлар келибди. Уларни меҳмон қиламан. Ўрнимга Fиёсиддинжон сизларни зериктирмай ўтиради», деди-да хонадан шошилиб чиқиб кетди.

Fиёс ака майли, мен бошқа беморлардан ҳам ҳол-аҳвол сўрай, деганча эшикдан чиқа бошлади. Ортидан «донишманд» момо:

– Ўғлим, яшанг-да. Мана, уч кундан бери навбатчиликда турасиз, нима келин сизни соғинмайдими? – деди ҳазиллашган бўлиб.

– Йўқ, холажон. Ҳали уйланмадим. – Fиёс ака қисқагина жавоб берганча хонадан чиқиб кетди.

Бир маҳал палатадан чиқсам, Fиёс ака Фарида опанинг синглиси ётган палата эшиги олдида қошларини чимириб, «кирсамми, кирмасамми», дегандай ўйланиб турибди. Мени кўриб дарҳол ўзига келди.

– Сен нимага ташқарига чиқдинг, зал совуқ, қани, кир ичкарига, Зиёмуҳаммад аканинг «шоир»и, – деди. Унинг оқ-сариқдан келган тиниқ юзида қизиллик югурди. Лаби бироз пирпиради-да:

– Бор, палатангга, – деди буйруқ қилиб. Очиқ юзли одамнинг дўқ-пўписаси дағал бўлса ҳам, қўрқинчли бўлмайди. «Хўп бўлади, дўхтир» дедим-да, зал тўрига йўналдим. Ошхонадан қайнатилган сув ичдим. Қайтишимда фойеда Фарида опа билан Fиёс ака қандайдир дорилар ҳақида суҳбатла шишарди. Шунда Fиёс ака нимадир демоқчи бўлиб, энди оғиз жуфтламоқчи эди, Фарида опа палатаси томон тезгина юриб кетди. Ноқулай аҳволда қолган ёш шифокор худди, «суҳбатимизга сен ҳалақит бердинг», дегандек менга бир ўқрайиб қаради. Нигоҳи билан мени қувиб юборди. «Сен кечаси ҳам тинмас экансан-да, бола, – дедию негадир шифокорлар хонасига етганда тўхтаб, юзи бироз ёришди: – Э, сенга эрталаб бир топшириқ бераман». Ёш шифокорнинг оппоқ юзига табассум ўрмалади.

Эртаси куни эрталаб қаймоқ олиш учун дўконга бораётсам, яна иккисини шифохонанинг гулзори ёнида кўрдим. Афтидан Фарида опа дорихонадан қайтаётганга ўхшайди. Қўлидаги атиргул расми солинган чиройли пакет дорилар билан тўла эди.

– Анави атиргулга қаранг, гулбаргларига қўнган қор уни янада чиройли кўрсатяпти-я? – Fиёс ака Фарида опага гулзор ўртасидаги ягона алвон атиргулни кўрсатиб деди. – Қаранг-а, дугоналарини кузатиб, бир ўзи қишнинг қаҳратонидан ҳам қўрқмай қаддини кериб турибди.

– Биласизми, нима учун шундай? Ҳаётда ҳар нарсанинг худди шундай ягонаси, мардонаси бўлади. Буни ҳар ким ҳам англайвермайди, – деди Фарида опа негадир Fиёс акадан кўзини узмай.

– Ҳечқиси йўқ янги йилда… бир-биримизга… шу-у… атиргул совға қиламиз… – йигит қизнинг жингалак сочларига оҳиста-оҳиста қўнаётган қор парчаларига боққанча сўзида давом этди:

– Дарвоқе, ўқийсизми?

– Нима, ҳамма беморларни ҳам шунақа савол-жавобга тутасизми? – Фарида опа саволга савол билан кескин жавоб қайтарди.

– Йўғ-ай, ўзим шундай… сўрадим-да. Ахир, сиз бемормассиз-ку, бор-йўғи беморга кўмакчи опасиз, холос. Ҳа, айтганча сизнингча атиргул кимнинг гули?

– Ҳм, қайдам. Чаманнинг гули-да.

– Йўқ, бунинг ўзига яраша рамзий маъноси бор. Сал олдин сиз ҳаётда ҳар нарсанинг ягонаси бўлади, дедингиз. Менимча, юракдаги чин муҳаббатгина ягона бўлади! – Fиёс аканинг ҳаяжон билан айтаётган сўзларини рўпарадаги қорга беланган гулзор ёқалаб йўлакдан келаётган аёл ва эркакнинг сўзлари бўлиб юборди.

– Зарифа, шошма. Гапимга қулоқ солсанг-чи, ахир. Айт, гуноҳим нима? Эсинг дан чиқдими, бахтиёр лаҳза ларимиз? Мен… сени севардим-ку, ҳеч бўлмаса ўғлимиз Козимжонни ўйласанг-чи. Унинг учун ҳамма нарсага тайёрман. Дўхтир айтган барча дориларни топиб келмадимми? У менинг зурриёдим, уни мендан айиролмайсан.

– Нима? У энди керак бўлиб қолдими? Бизга ҳалақит берманг. Хоҳласам, уни сизга умуман кўрсатмайман.

– У менга ҳамиша керак бўлган. Ўғлимни олиб мендан ва бахтли ҳаётимиздан қочган сен-ку?!

– У сиздан нафратланади.

– Йўқ, ўғлим мени яхши кўради. Эшитмадингми, боягина «сиздек дадам борлигидан фахрланаман, биз билан яшанг, дадажон» деди-ку?

– Деса деяверсин. Ман уни Москвага опкетаман. У ўшатда сиззи буткул унутворади. Кейин-чи, менга бўлмағур гапларни гапирманг, эшитизми. Карочи, бошимни қотирманг, хўпми?

– Қанақа бўлмағур гап?

– Севги деган бўлмағур гапни. У мен учун кеча – ёшликдаги оддий кўн гилхушлик лаҳзалари бўлса, бугун – эркинлик, кайфу сафо. Аслида-чи, Козимга ҳомиладор бўлиб қолмаганимда сиз билан бир кун ҳам яшамасдим.

– Зарифа, асло одамни тушунмадинг… Асли шунақа эдинг, шунақалигингча қолибсан. Ўйлаб кўр, ҳалиям кеч эмас. Яна шуни унутма-ки, бир кун келиб ўғлимиз мендан эмас, сендан нафратланади. Эртага хор бўлишингни унутма. Ҳаёт сен айтган ўйин-кулгудан иборат эмас!

– Зарифа эмас, Зара. Бу биринчидан. Иккинчидан мени ортга қайтараман, деб хомтама бўлманг. Тош тиллога айланмайди. Бу ҳаёт қонуни. Боринг, энди йўлингиздан қолманг…

Иккаласи икки томонга кетди. Танидим, улар 6-палатада ётган саккиз ёшли Козимнинг ота-онаси. Дадаси кеча Козимга кийим-кечак олиб келувди.

Фарида опа ва Fиёс ака шифохона томон оҳиста одимлади.

– Мана, сиз айтган ягона нарса. Қўйинг, атиргулни унга ўхшатманг. Гул сўлиб қолмасин, бу гапингиздан.

– Бўлди. Унда гапирмаймиз.

Улар учинчи қаватга кўтарилишди.

Fиёс ака эрталаб навбатчиликни топшириб кетар экан, «мана буни Фарида опангга бер, шоир», деди-да қўлимга кичик бир хатни бериб, шошилиб йўлга тушди. Тушдан кейин Фарида опанинг синглисига жавоб беришди. Шунда югуриб бориб, опа, буни сизга Fиёс ака берди, дедим. Қўлимдаги қоғозни олиб ўқиди-да, жилмайиб, «ма, мактубни у кишининг ўзига қайтариб бер», деди. Улар кетишди. Қоғоздаги ёзувларга кўзим тушди:

» Фарида!

Мени тўғри тушунинг.

Сизни… билмадим… Бу сўзни қандай айтаман? Илтимос, менга манзилингизни ва уй телефон рақамингизни қолдириб кетинг.

Кўнглимга қўшиб уларни ҳам олиб кетманг.

Сизни севиб қолдим…

Fиёсиддин».

Эрталаб палатамизга ҳаяжон билан кириб келган ёш шифокорнинг ҳафсаласи пир бўлди. «Барибир, сени излаб топаман, Фарида», деди-да деразага ўйчан термилиб қолди. Ташқарида осмонни ерга улаб, умидлардек оппоқ қор ёғарди. Хаёллари қорга қорилиб кетган Fиёсиддин ака шундай деди:

– Биласанми, дунёда қордан ҳам соф ва оқ нима бор? Бу – муҳаббат. Топшириқни бажара олмадинг. Шоир бўлсанг, муҳаббат ҳақида ёз!

Ўшанда бола эдим. Боланинг қўллари ҳеч қачон муҳаббатнинг оташин риштасини ушлаб қололмайди. Fиёс ака, бунинг учун сиздан астойдил узр сўрайман. Ҳаммасини англаб етганимда анча кеч эди.

Орадан йиллар ўтди, қанчадан қанча атиргулларнинг юзига қор сочиб қишлар, бетакрор баҳорлар ўтди. Fиёсиддин аканинг катта шифокор бўлиб кетганини биламан. Аммо… аниқ биламанки, у Фаридасига етишолмаган…

Лочин ЭЛМАТОВ