СОЛИҚ МАСЛАҲАТИ Солиқ идораси тадбиркорга кўмакчи!

Dekabr 9, 2020 0 By admin

Солиқ мониторинги нима?

Солиқ мониторинги Янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 136-моддасида акс эттирилган солиқ назоратининг бир шаклидир.

Солиқ мониторинги кимларга ўтказилади?

Солиқ мониторинги солиқ тўловчига нисбатан ихтиёрий бўлиб, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар давлат солиқ бошқармалари томонидан, йирик солиқ тўловчиларга нисбатан эса – Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси томонидан олдинги йил учун даромадлари йиллик молиявий ҳисобот маълумотларига кўра камида ўн миллиард сўмни ташкил этган юридик шахсларда  солиқ мониторинги ўтказилади.

Солиқ мониторинги қандай тартибда амалга оширилади?

Солиқ мониторинги солиқ органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 ноябрдаги 736-сонли қарори билан тасдиқланган «солиқ мониторингини ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Низом талабларида ўтказилади. Солиқ мониторингини ўтказиш тўғрисида ариза солиқ тўловчи томонидан солиқ мониторинги ўтказиладиган даврдан олдинги йилнинг 1 июлидан кечиктирмай ҳисобда турган жойдаги солиқ органига ёзма ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон шаклда  тақдим этилади.

 Ҳисобда турган жойдаги солиқ органи солиқ мониторингини ўтказиш тўғрисидаги аризани ва унга илова қилинган ҳужжатларни ариза олинган кундан бошлаб 3 кун мобайнида тегишлилиги бўйича юқори турувчи Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар давлат солиқ бошқармаларига, йирик солиқ тўловчилар бўйича эса – Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясига кўриб чиқиш учун юборади.

 Солиқ мониторингини ўтказиш тўғрисидаги аризага Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 171-моддасида белгиланган ҳужжатлар илова қилинади.

 Ариза тақдим этган солиқ тўловчи солиқ органи томонидан солиқ мониторингини ўтказиш ёки уни ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилингунига қадар ўзининг аризасини  ёзма ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон ариза асосида чақириб олиши мумкин. Мазкур ҳолатда солиқ мониторингини ўтказиш тўғрисида ариза тақдим этилмаган деб ҳисобланади.

 Солиқ мониторингини ўтказиш тўғрисида ариза тақдим этган юридик шахсда бевосита ва (ёки) билвосита иштирок этадиган ҳамда бундай иштирок улуши 25 фоиздан ортиқни ташкил этадиган жисмоний ва юридик шахслар тўғрисидаги маълумотлар  тақдим этилади.

 Солиқ мониторингида иштирок этувчи солиқ тўловчи ва солиқ органи ўртасида ахборотга доир ҳамкорлик регламент асосида амалга оширилади.

Солиқ мониторингини ўтказиш чоғида ахборотга доир ҳамкорлик қуйидаги усуллардан бири орқали амалга оширилади:

солиқ мониторинги иштирокчиси бўлган солиқ тўловчининг бухгалтерия ва солиқ ҳисобини юритиш тизимига масофадан кириш ҳуқуқини солиқ органига бериш;

солиқ тўловчининг бухгалтерия ҳисоби ва солиқ ҳисоби маълумотларини ўз ичига олган махсус сақлаш жойи – маълумотларнинг таҳлил витринасини нашр этиш. Маълумотларнинг таҳлил витринаси солиқ органига солиқ мониторинги доирасида керакли маълумотларни, шу жумладан, бирламчи ҳисоб ҳужжатларининг сканерланган нусхаларини мустақил равишда кўриш, таҳлил қилиш ва сўраб олиш имконини беради;

солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали маълумотларни юбориш.

Ҳар бир солиқ тўловчи фаолиятининг ва тузилмасининг ўзига хос жиҳатларини инобатга олган ҳолда солиқ органининг мансабдор шахслари солиқ тўловчининг ахборот тизимлари билан бирламчи танишиб чиқади, сўнгра солиқ мониторингини ўтказиш режасини ишлаб чиқади.

 Солиқ органи режани ишлаб чиқиш жараёнида:

илгари аниқланган солиқ ҳақидаги қонунларни бузиш ҳолатлари статистикасини таҳлил қилади;

тармоқнинг хавфлари харитасини тузади;

солиқ мониторингини ўтказиш учун йўналишларни белгилайди.

 Ваколатли мансабдор шахслар томонидан солиқ мониторингини ўтказиш жараёни қуйидагиларни ўз ичига олади:

реал вақт режимида солиқ тўловчининг операциялари ва ҳужжатларини масофадан туриб кузатиб бориш;

солиқлар ва йиғимлар бўйича ҳисоб-китобларнинг синтетик ва аналитик ҳисобини юритиш тартибини таҳлил қилиш;

ҳар бир операциянинг ҳужжатли тасдиғини текшириш;

солиқ базаси солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормаларига мувофиқ тўғри шакллантирилишини назорат қилиш;

солиқ мажбуриятларининг бухгалтерия ҳисоби ва солиқ ҳисоботида ўз вақтида, тўлиқ ва тўғри акс эттирилганлигини, шунингдек, уларнинг бажарилишини назорат қилиш;

солиқ имтиёзларидан фойдаланишнинг асосланганлигини назорат қилиш.

 Ваколатли мансабдор шахс томонидан солиқ мониторингини ўтказиш чоғида ҳар бир солиқ тўловчи бўйича электрон ишчи журнал юритилади, унда қуйидагилар кўрсатилади:

солиқ тўловчининг номи ва идентификация рақами;

солиқ мониторингини ўтказишнинг асоси ва даври;

солиқ мониторингининг бошланиши ва якунланиши вақти;

солиқ мониторинги иштирокчиларининг ваколатли мансабдор шахслари лавозими, фамилияси, исми, отасининг исми;

солиқлар ва йиғимларнинг тўғри ҳисоблаб чиқарилишини ва тўланишини (ушлаб қолиниши ва ўтказиб берилишини) таҳлил қилиш ва унинг натижалари;

аниқланган тафовутлар ва хатоликлар;

ҳужжатларни (ахборотни) ва тушунтиришларни тақдим этиш тўғрисида юборилган талабномалар ҳисоби ва уларни бажариш натижалари;

асослантирилган фикрлар ҳисоби ва уларни бажариш натижалари.

 Агар солиқ мониторингини ўтказиш чоғида тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотлар ўртасида тафовутлар ёхуд солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган ва солиқ органида мавжуд бўлган маълумотлар ўртасида номувофиқликлар аниқланса, солиқ органи бу ҳақда зарур тушунтиришлар бериш ёки тегишли тузатишлар киритиш талаби билан солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали  талабнома билан хабар қилади.

 Солиқ тўловчи томонидан тушунтиришлар талабнома олинган кундан эътиборан беш кун мобайнида ёзма ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон шаклда тақдим этилади, ўн кун мобайнида эса тузатишлар киритилади.

Солиқ мониторинги натижалари қандай расмийлаштирилади?

Агар тақдим этилган тушунтиришлар, ҳужжатлар (ахборот) кўриб чиқилгандан кейин ёхуд улар мавжуд бўлмаганда, солиқ органи солиқлар ва йиғимлар нотўғри ҳисоблаб чиқарилганлиги (ушлаб қолинганлиги), тўлиқ ёки ўз вақтида тўланмаганлиги (ўтказиб берилмаганлиги) тўғрисида далолат берувчи фактни аниқласа, солиқ органи асослантирилган фикрни тузиши шарт.

Солиқ органининг асослантирилган фикри солиқ органининг солиқлар ва йиғимлар тўғри ҳисоблаб чиқарилганлиги (ушлаб қолинганлиги), тўлиқ ва ўз вақтида тўланганлиги (ўтказиб берилганлиги) масалаларига доир нуқтаи назарини ифодалайди.

Солиқ органи солиқ мониторингини ўтказиш чоғида ўз ташаббусига кўра ёки солиқ тўловчининг сўровига биноан асослантирилган фикр тузади.

Асослантирилган фикр  талабларга мувофиқ тузилади ва солиқ органи раҳбарининг (раҳбар ўринбосари) имзоси билан солиқ тўловчига юборилади.

Солиқ органининг асослантирилган фикри солиқ тўловчига шахсан тақдим этилиши мумкин, буюртма почта орқали ва (ёки) электрон шаклда солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали, у тузилган кундан эътиборан беш кун ичида юборилиши мумкин.

Солиқ органининг асослантирилган фикри солиқ мониторингини ўтказиш муддати тугагунига қадар камида уч ой олдин тузилиши мумкин.

Асослантирилган фикр тақдим этиш тўғрисидаги сўров мазкур Низомга мувофиқ  тузилади. Солиқ тўловчи солиқ органига хўжалик фаолиятининг содир этилган фактлари натижаларига кўра солиқ мониторинги ўтказиладиган давр учун солиқлар ва йиғимлар тўғри ҳисоблаб чиқарилганлигига (ушлаб қолинганлигига), тўлиқ ва ўз вақтида тўланганлигига (ўтказилганлигига) нисбатан шубҳаси ёки ноаниқликлар бўлганда солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юборади.

Солиқ органи асослантирилган фикрни юбориш муддатини узайтириш тўғрисида тегишли қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида солиқ тўловчига солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон шаклда хабар қилади.

Солиқ тўловчи солиқ органининг асослантирилган фикрига розилиги тўғрисида шу асослантирилган фикрни тузган солиқ органини мазкур асослантирилган фикр бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда бир ой ичида ёзма ёки электрон шаклда солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали хабардор қилади.

Солиқ тўловчи асослантирилган фикрни унда солиқ органининг бухгалтерия (солиқ) ҳисоби ва солиқ ҳисоботи юзасидан баён этилган нуқтаи-назарини эътиборга олиш орқали, аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш йўли билан ёки бошқа усулда бажаради.

Солиқ тўловчи солиқ органининг асослантирилган фикрига рози бўлмаган тақдирда, у олинган кундан эътиборан бир ой ичида солиқ органига ўз эътирозларини ёзма ёки электрон шаклда солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали тақдим этади.

Мазкур эътирозларни олган солиқ органи улар олинган кундан эътиборан уч кун ичида бу эътирозларни ўзида мавжуд бўлган барча материаллар билан бирга Давлат солиқ қўмитасига ўзаро келишув тартиб-таомили ташаббуси билан чиқиш учун юбориши шарт.

Солиқ органи солиқ мониторинги тугаган санадан эътиборан икки ойдан кечиктирмай солиқ тўловчини солиқ мониторингини ўтказиш жараёнида ушбу солиқ тўловчига юборилган, бажарилмаган асослантирилган фикрлар мавжудлиги (мавжуд эмаслиги) тўғрисида  солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали хабардор қилади.

Солиқ кодексининг 172-моддасига мувофиқ солиқ мониторинги муддатидан олдин тугатилган тақдирда, солиқ органи ёзма ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон шакл­да  хабарнома юборади.

Ўзаро келишув тартиб-таомили қандай расмийлаштирилади?

Давлат солиқ қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 174-моддаси ўн бешинчи қисмига мувофиқ солиқ органи томонидан тақдим этилган эътирозлар ва материаллар олинганидан кейин ўзаро келишув тартиб-таомилини ўтказиш ташаббуси билан чиқади.

Ўзаро келишув тартиб-таомили солиқ органи томонидан тақдим этилган эътирозлар ва бошқа материаллар олинган кундан эътиборан бир ой ичида Давлат солиқ қўмитаси раиси (раис ўринбосари) томонидан ўтказилади.

Ўзаро келишув тартиб-таомили иштирокчилари:

асослантирилган фикрни тузган солиқ органи;

эътирозларни тақдим этган солиқ тўловчи (унинг вакили).

Давлат солиқ қўмитаси раиси (раис ўринбосари) буйруғи билан ўзаро келишув тартиб-таомилига солиқ органларининг таркибий бўлинмаларининг ваколатли мансабдор шахсларининг иштирок этишига йўл қўйилади.

Ўзаро келишув тартиб-таомили ўтказилганда баённома тузилади. Баённомада қуйидагилар кўрсатилади:

солиқ мониторингини ўтказиш асоси ва даври;

ўзаро келишув тартиб-таомил ўтказиладиган жой ва сана;

ўзаро келишув тартиб-таомилининг бошланиш ва тугатилиш вақти;

баённома тузган шахснинг лавозими, фамилияси, исми, отасининг исми;

унинг ўтказилишида иштирок этган ҳар бир шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми;

солиқ мониторинги иштирокчилари ўртасида келишмовчиликларни келтириб чиқарган асослантирилган фикрнинг рақами ва санаси;

ўзаро келишув тартиб-таомилини ўтказиш мазмуни ва кетма-кетлиги;

иш юритиш давомида аниқланган иш учун муҳим фактлар ва ҳолатлар;

ўзаро келишув тартиб-таомили натижалари бўйича хотималар ва хулосалар.

Баённома ўзаро келишув тартиб-таомили қатнашчилари ва барча иштирок этган шахсларга ўқиб эшиттирилади. Мазкур шахслар баённомага эътироз билдиришга ёки баённомага киритилиши лозим бўлган ҳолатлар ҳақида ўз мулоҳазаларини билдиришга ҳақлидир.

Баённома ўзаро келишув тартиб-таомилини ўтказиш жараёни қатнашчилари ва барча иштирок этган шахслар томонидан имзоланади.

Ўзаро келишув жараёнини ўтказиш учун асос бўлган барча материаллар баённомага илова қилинади.

Ўзаро келишув тартиб-таомиллари натижаларига кўра Давлат солиқ қўмитасининг раиси (раҳбарнинг ўринбосари) асослантирилган фикрни ўзгартириш ёки уни ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида билдиришномани имзолайди.

Билдиришнома у тузилган кундан эътиборан уч кун ичида юридик шахсга берилади ёки юборилади.

Асослантирилган фикр ўзгартирилганлиги ёки ўзгаришсиз қолдирилганлиги тўғрисидаги билдиришнома ушбу Низомга 20-иловага мувофиқ шаклда тузилади ва Давлат солиқ қўмитаси раиси (раис ўринбосари) томонидан имзоланади.

Билдиришнома, у тузилган кундан бошлаб уч кун ичида солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон шаклда солиқ тўловчига топширилади ёки юборилади.

Солиқ тўловчига ёзма ёки электрон шаклда юборилган сўров бўйича солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали сўралган асослантирилган фикрни ўзгартириш ёки уни ўзгаришсиз қолдириш тўғрисидаги қарорнинг нусхаси тақдим этилиши ёки юборилиши мумкин.

Асослантирилган фикрни ўзгартириш ёки уни ўзгаришсиз қолдириш тўғрисидаги билдиришнома олинган кундан эътиборан бир ой ичида солиқ тўловчи асослантирилган фикрни тузган солиқ органини асослантирилган фикрга рози эканлиги (рози эмаслиги) ҳақида мазкур асослантирилган фикр бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни (мавжуд бўлган тақдирда) илова қилган ҳолда хабардор қилади.

 Солиқ тўловчи ўзаро келишув тартиб-таомили натижаларига кўра асослантирилган фикрни ўзгартириш ёки ўзгаришсиз қолдириш тўғрисидаги билдиришнома бўйича солиқ органини асослантирилган фикрга рози эканлиги (рози эмаслиги) ҳақида мазкур асослантирилган фикр бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни (улар мавжуд бўлган тақдирда) илова қилган ҳолда белгиланган муддатда хабардор қилмаса, мазкур солиқ тўловчига нисбатан Солик кодексида белгиланган тартибда солиқ назорати тадбирлари ўтказилади.

 Солиқ тўловчи ўзаро келишув тартиб-таомили жараёнини фото ва видеотасвирга туширишга ҳақли.

Саволларга ВДСБ Давлат солиқ бош инспектори З.Саломова жавоб берди. c