ҚҚС СУММАСИ ЎРНИ ҚАНДАЙ ҚОПЛАНАДИ?

ҚҚС СУММАСИ ЎРНИ ҚАНДАЙ ҚОПЛАНАДИ?

Noyabr 17, 2020 0 By admin

Қашқадарё вилояти Давлат солиқ бошқармасида қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш тартибининг мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилган амалий семинар ўтказилди. Унда вилоятда экспорт фаолияти билан шуғулланувчи корхона ва ташкилотларнинг раҳбарлари, ҳисобчилари иштирок этишди.

Айтиш жоизки, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 августдаги «Қўшилган қиймат солиғи ҳамда чет эл юридик шахслари билан боғлиқ солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 489-сон қарори билан «Қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш тартиби тўғрисида»ги Низом қабул қилинди. Семинарда сўзга чиққанлар мазкур низом билан тасдиқланган янгиликларни амалий мисоллар ёрдамида тушунтириб ўтишди.

Низомга асосан солиқ суммасини қоплаш тўғрисидаги ариза умумий ва тезлаштирилган тартибда тақдим этилади.

Умумий тартибда ариза тушган санадан эътиборан олтмиш кун ичида, тезлаштирилган тартибда эса етти кундан кечикмаган муддатда кўриб чиқилади.

Тезлаштирилган тартиб асосан йирик солиқ тўловчилар, банк кафолатини тақдим этган ёки солиқ органлари билан гаров шартномасини расмийлаштирган солиқ тўловчилар, экспорт операцияларни амалга оширадиган шахслар, хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари, маҳсулот тақсимотига оид битим иштирокчилари, солиқ мониторинги иштирокчиларига қўлланилади.

Бугунги кунда вилоят Давлат солиқ бошқармасига қўшилган қиймат солиғидан ортиқча тўловларни қайтариш бўйича жами 180 та бўлиб аризалар келиб тушган бўлиб, ушбу аризаларнинг 143 тасида умумий тартибда, 37 таси эса тезлаштирилган тартибда кўриб чиқилди.

Айни дамда 71 та мурожаат ижобий ҳал қилиниб, 176 млрд. 680 млн. сўм маблағ тадбиркорлар ихтиёрига қайтарилди.

– «Боғзор экспорт импорт» масъулияти чекланган жамияти Китоб туманида мева-сабзавот маҳсулотларини чет элга экспорт қилиш билан шуғулланади, – дейди «Боғзор экспорт импорт» МЧЖ ҳисобчиси Дилноза Қурбонова. – Қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш тартиби тўғрисида бир қатор саволларим бор эди. Бугунги семинарда ўзимни қизиқтирган барча саволларга жавоб олдим.

Семинар қизғин савол-жавобларга бой бўлди. Бу каби тадбирлар мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратишда муҳим аҳамият касб этади.

Зариф КЕЛДИЁРОВ,

вилоят Давлат солиқ бошқармаси

масъул ходими