ЎЗБЕКИСТОНДА ИЛК БОР ФИСКАЛ СОЛИҚ ИНСТИТУТИ!

ЎЗБЕКИСТОНДА ИЛК БОР ФИСКАЛ СОЛИҚ ИНСТИТУТИ!

Noyabr 10, 2020 0 By admin

Ўзбекистон Республика Президентининг 2020 йил 4 ноябрдаги 4879-сонли қарори билан Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида фискат институт ташкил этилди.

Институт солиққа тортиш ва молиявий назорат соҳалари учун бакалавриат ва магистратура йўналишлари бўйича кадрларни кредит-модуль тизими асосида тайёрлайди, қайта тайёрлайди ва уларнинг малакасини ошириш ишларини такомиллаштиради.

Ўқув жараёнида ўқитишнинг замонавий шакл ва методлари, шу жумладан педагогик ва ахборот технологияларини, масофавий таълимни, ўқитиш ва тренингларни интерфаол ҳамда муаммоли-вазиятли услубларини кенг жорий этиш, талаба, тингловчи ва педагог кадрларнинг глобал ахборот-ҳуқуқий ҳамда таълим ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради.

 Институт солиқлар ва солиққа тортиш соҳаси учун олий маълумотли мутахассислар ва илмий кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича таянч олий таълим муассасаси ва молиявий назорат ва аудит ҳамда солиқ, молия ва тижорат ҳуқуқи, шунингдек иқтисодиётда ахборот технологиялари соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва юқори даражада фундаментал ҳамда илмий-амалий тадқиқотлар олиб борилишини таъминлайдиган олий таълим муассасаси ҳисобланади. Мазкур йўналишларда коллеж ўрта таълим муассасалари битирувчилари олийгохга 2 босқичдан қабул этилади.

Хорижий ўқув муассасалари билан тажриба алмашишга ва таълим жараёнига хорижий олимлар ва мутахассисларни фаол жалб қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, институт тузилмасида Россия Федерацияси Ҳукумати ҳузуридаги Молия университети бўлинмаси (факультети) ташкил этилади.

Мазкур институтнинг ташкил этилиши тизимда ишлаб тажриба орттирган ўрта махсус малакали ходимларни олий маълумотли мутахассислар этиб тайёрлаш имконини беради.

Бундан ташқари, халқаро эътироф этилган ташкилотлар – Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Higher Education ва Academic Ranking of World Universities рейтингларининг барчасида бир вақтда биринчи 1 000 та ўринни эгаллаган олий таълим ташкилотларининг таълим дастурларидан фойдаланган ҳолда ўқитиш ташкил этилади.

Институтда ўқув жараёни 2021/2022 ўқув йилидан бошланади.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг (иш берувчилар) эҳтиёжларидан келиб чиқиб, кундузги бакалавриат таълим йўналишларига мос бўлган йўналишлар доирасида табақалаштирилган тўлов-контракт асосида сиртқи таълим шаклида ўқитиш ташкил этилади. Бунда талабаликка тавсия этилган абитуриентларнинг ўқиши учун тўлов иш берувчининг ходим (абитуриент) билан келишилган шартномасига мувофиқ белгиланган шаклда амалга оширилади.

Институтда бакалавриат таълим йўналишларининг битирувчи босқич талабалари учун таълим жараёни бевосита солиқ органлари маъмурий биноларида ташкил қилинади.

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Фискал институт замонавий дунёқарашга ва илғор ахборот технологиялари билан эркин мулоқот қилиш қобилиятига эга бўлган янги авлод солиқ ходимларини тарбиялайди. Aсосий мақсад – молия ва солиқ соҳалари учун кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг замонавий тизимини яратишдан иборат.

Г. МУҲАММАДИЕВА,

ДСҚ ҳузуридаги малака ошириш марказининг Қашқадарё ҳудудий филиали бош мутахассиси